Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:57

Германияда ҳам жиҳодчилар овланмоқда


Дюсселдорфда суд қилинаëтган жиҳодчилар Германиядаги АҚШ объектларини портлатиш режасини тузганликда айбланмоқда.
Дюсселдорфда суд қилинаëтган жиҳодчилар Германиядаги АҚШ объектларини портлатиш режасини тузганликда айбланмоқда.

Германия полицияси Исломий жиҳод иттифоқига алоқадорликда гумон қилинган яна уч кишини ҳибсга олди. Илдизлари Ўзбекистонда экани айтиладиган мазкур гуруҳга алоқадорлик айби билан яна тўрт шахс айни кунларда Дюсселдорфда суд қилинмоқда.

Германия федерал прокуратураси вакили Маркус Келлерга кўра, исмлари Эликан Т., Фотиҳ К. ва Филиц Г. бўлган бу гуруҳ бир неча минг евро маблағни Исломий жиҳод иттифоқининг Туркияда бўлган ҳисоб рақамларига ўтказишган. Шунга кўра улар радикал исломий гуруҳни молиявий қўллашда гумон қилинмоқда.

Ўзбекистонга алоқадор, деб ишонилган мазкур иттифоқ атрофидаги гаплар дастлаб 2004 йилда Тошкент ва Бухородаги портлашлардан сўнг юзага чиққан эди. Кузатувчилар ўта шубҳали деб баҳолаган бу портлашлар оқибатида 47 одам ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксари, яъни 37 киши ҳужумчиларнинг ўзлари эди. Бир неча кундан сўнг портлашлар учун “Исломий жиҳод иттифоқи” масъулиятни ўз зиммасига олганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Мустақил тадқиқот олиб борган айрим журналистлар бу портлашлар ортида Ўзбекистон махсус хизматлари тургани ва улар ҳужумчилар ҳаракатларини бошқариб, сўнгра уларни бартараф этган бўлиши мумкин, деган тахминларни илгари суришган эди.

2007 йили Германияда уч кишининг ҳибсга олиниши, сўнгроқ эса яна бир кишининг Туркия томонидан бу мамлакатга топширилиши ортидан ташкилот халқаро кўламга эга бўлди, аммо айни пайтда мутахассислар бу гуруҳнинг чинлигига сўнгига қадар ишонмай келишади.

“Исломий жиҳод иттифоқи” атрофидаги вазиятни яқиндан кузатаётган олмон журналисти Маркус Бенсманн ташкилотнинг махфий хизматлар билан алоқадор экани ҳақидаги шубҳалар аримаганини айтади.

- Ҳозир масала бу ташкилот мустақилми ёки унинг таркибида махсус хизматлар одамлари ҳаракат қилишадими¸ деган мазмундадир. Менимча, бундайлар сингдирилгани ҳақида жиддий тахминлар мавжуд. Аввало, ҳозир маҳкама жараёни бўлаётган тўрттасидан ташқари, яна бешинчи одам бор. У ҳозир Туркияда. Der Spiegel ва Stern каби йирик журналлар бу одам ҳақида унинг турк махсус хизматлари одами бўлгани ва айни пайтда АҚШ хизматлари билан ҳамкорлик қилгани шубҳасиз экани тўғрисида ёзишган эди. Исломий жиҳод гуруҳи бутун тарихининг бир қанча давлат махсус хизматлари билан боғлиқ эканини кузатиш мумкин¸ дейди Маркус Бенсман.

Айни кунларда Дюсселдорфда судланаётганларнинг барчаси Исломий жиҳод иттифоқига дахлдор эканларини ва Германияда террор ҳужумлари амалга оширишга тайёрланишганини тан олишган. Яна Маркус Бенсман гапиради.

- 4 март куни ҳукм ўқилиши кутилмоқда. Бунда ҳеч бир кутилмаган нарса бўлмайди. Чунки уларнинг барчаси, яъни икки немис ва Германияда вояга етган турк миллатига мансуб яна иккитаси маҳкамадаги сўроқлар пайтида сўз бораётган гуруҳга мансуб эканлари, Покистондаги лагерларда тайёргарликдан ўтиб, гуруҳнинг раҳбари топшириқлари бўйича ҳаракат қилишганини тан олишган. Демак, бундай эътироф мавжуд. Энди улар террорчилик гуруҳи аъзолари бўлгани ва Германияда террор ҳужумларига тайёрланишгани факти бўйича ҳукм қилинадилар. Яқинда ҳибсга олинганлар ҳам кейинроқ Исломий жиҳод иттифоқи аъзолари сифатида ҳукм қилинишлари мумкин¸ дейди Маркус Бенсман.

Исломий жиҳод иттифоқи 2009 йил 26 майида Андижон вилоятида амалга оширилган ҳужумлар ортида турганини ҳам маълум қилган, иттифоқнинг раҳбари деб кўрилган Нажмиддин Жалолов эса ўтган йил сентябр ойида Покистонда Америка кучлари томонидан йўқ қилинган эди.
XS
SM
MD
LG