Линклар

Бишкек Эрон баëнотини тасдиқлади


Эроннинг IRIB телеканали 23 феврал куни ''Жундуллоҳ'' лидери экани айтилаётган Абдулмалик Ригининг Теҳронга келтирилганини намойиш қилди.

Эроннинг IRIB телеканали 23 феврал куни ''Жундуллоҳ'' лидери экани айтилаётган Абдулмалик Ригининг Теҳронга келтирилганини намойиш қилди.

Қирғизистон ўз самолёти Эронда қўндирилиб, ундаги икки йўловчи ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.Бу билан суннийлар гуруҳи раҳбарининг Қирғизистонга учиб кетаётган пайтда ушлангани ҳақидаги Теҳрон иддаоси ўз тасдиғини топди.

Қирғизистон ҳаво йўллари ширкати раҳбари ўринбосари Таалайбек Турумбековнинг Озодликка айтишича, Эроннинг иккита жанговар учқичи Дубайдан ҳавога кўратилган самолётни Бандар-Аббос шаҳри аэропортига қўндирган.

Турумбеков Эроннинг хавфсизлик кучлари самолёт бортидаги 119 нафар йўловчидан икки нафарини ҳибсга олганини айтди. Унга кўра, кейинроқ самолётнинг Бишкекка учишига рухсат берилган.

- Самолёт Эрон ҳудуди узра парвоз қилаётган пайтда Бандар-Аббос аэропортига қўнишга мажбур қилинган. Улар самолётни уч-тўрт соат ушлаб турган, текширган ва икки йўловчини ушлаб қолган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бу масала юзасидан иш олиб бормоқда, деди Қирғизистон Ҳаво йўллари ширкати раҳбари муовини Таалайбек Турумбеков.

Эронга қўндирилган самолёт Қирғизистондаги “Исток - Авиа” ширкатига тегишли бўлган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозиргача бу воқеани расман шарҳлагани йўқ.

Сешанба куни Эрон ҳукумати “Жундуллоҳ” номли сунний партизан гуруҳи раҳбари Абдулмалик Риги Дубай шаҳридан Бишкекка учиб кетаётган пайтда қўлга олинганини эълон қилган эди.

Қирғизистонга учаётган самолётда қўлга олинган иккинчи йўловчининг кимлиги аниқ эмас. Аммо Эрондаги оммавий ахборот воситалари амалиёт давомида “Жундуллоҳ”нинг камида яна бир аъзоси ҳибсга олингани тўғрисида хабар тарқатди.

Сўнгги бир йил давомида “Жундуллоҳ”нинг баёнотлари эълон қилиб келинган (junbish.blogpost.com) интернет сайтида гуруҳ раҳбари Эронда қўлга олингани ҳақидаги маълумот тўғри экани билдирилган.
XS
SM
MD
LG