Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:43

АҚШ тожик матбуоти ҳолидан ташвишда


АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси мамлакатдаги бешта мустақил газетанинг маҳкамага тортилганидан юзасидан ташвиш билдирди. Бу ҳақда АҚШнинг Душанбедаги дипломатик ваколатхонаси 24 феврал куни тарқатган баёнотда айтилади.

“АҚШ элчихонаси “Азия-плюс”, “Озодагон”, “Фараж”, “Пайкон” ва “Миллат” мустақил газеталари устидан судга берилган даъво аризалари юзасидан ташвишда. Ҳукумат фаолияти ҳақида ахборот бериб бориш, жамиятдаги адолатсизликни фош этиш ва ҳар томонлама тўғри таҳлил қилиш орқали соғлом жамиятни барқарорлаштиришда оммавий ахборот воситаларининг роли ўта муҳимдир. Биз Тожикистон ҳукуматига мурожаатимизда суд тизимлари оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилиш қуролига айланиб қолмаслигини кафолатлашни сўраганмиз”, дейилади Америка элчихонаси баёнотида.

АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси баёнотида Тожикистоннинг ЕХҲТга аъзо давлат эканига ҳам ишора қилиниб, журналистлар ўз олдиларидаги вазифаларини бажара олишлари учун ЕХҲТга аъзо давлатлар уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш мажбуриятини олгани яна бир бор эслатилган.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, 28 январ куни тожикистонлик уч нафар судя “Азия-плюс”, “Фараж” ва “Озодагон”ни ўзларига етказган маънавий зарар учун судга бериб, улардан 1 миллион 420 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ундирилишини талаб қилган эди.

Феврал ойи бошларида бу уччала мустақил газетага нисбатан Душанбедаги Сино туман судида бошланган маҳкама жараёнида март ойи бошига қадар танаффус эълон қилинди.

Айни пайтда “Фараж”, “Озодагон” ва “Азия-плюс”дан сал аввалроқ давлат идоралари томонидан судга берилган “Миллат” мустақил газетаси устидан маҳкама бугун Душанбе шаҳридаги Фирдавсий туман судида бошланди.

Ўтган йилнинг 10 декабрида мазкур газета саҳифасида “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги - ўта коррупциялашган ташкилот” сарлавҳали мақола босилиб чиққандан сўнг вазирлик бу газетани судга бериб, маънавий зарар сифатида 230 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ундирилишини талаб қилган эди.

- Гарчи бу мақолада тизимимиз порахўрликда айбланиб, бюджетдаги пулларни мақсадсиз ишлатилаётгани ҳамда ходимларимиз томонидан тахминан беш миллион сомоний (тақрибан 1 миллион 146 минг АҚШ доллари - таҳр.) ўғирлагани қайд этилган эса-да, буни исботлаш учун бирорта ҳужжат тақдим этиша олмади, дейди Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлигининг матбуот хизмати бошлиғи Назрулло Дадабоев.

Аснода “Миллат” газетаси бош муҳаррири Зоҳир Давлат вазирликка жавоб тариқасида чоп этилган мақолада асосли далиллар келтирилганини маълум қилди.

- Шунингдек, бизнинг ихтиёримизда Тожикистон Молия вазирлиги масъули Сафарали Гуловнинг парламент ҳузурида беш миллион сомонийдан зиёдроқ маблағни бу вазирлик мақсадсиз сарфлаганини маълум қилганига доир аудиоёзув ҳам мавжуд, дейди “Миллат” бош муҳаррири Давлатов.

Мустақил газета бош муҳаррирининг фикрича, давлатнинг бир қатор идоралари судлар билан бир ёқадан бош чиқарган ҳолда, айни парламент сайловлари арафасида дадил нашрларга босим ўтказмоқда.

Аммо Тожикистон президенти қошидаги стратегик марказ масъулларидан бири Сайфулло Сафаров бу фикрларга қўшилмайди.

- Қонун ҳамма учун қонун. Барча демократик давлатларда ҳам қонун биринчи ўринда туради. Агар бу газеталар бирор кишини ё идорани таҳқирлаган бўлса, уларга нисбатан туҳмат қилган бўлса, бу иши учун қонун олдида, жамият олдида жавоб бериши шарт. Лекин бошқа томондан бу газеталарнинг хорижий илдизлари бор. Улар ўша хорижий ташкилотлар томонидан молиялаштирилади. Шунинг учун ҳам бу ерда ким ҳақ, ким ноҳақлиги савол остида қолмоқда, дер экан ҳукумат расмийси судяларни ҳукм чиқаришда хушёрроқ бўлишга чақиражагини айтди.

Зеро, стратегик тадқиқотлар масъулига кўра, Азия плюсдан ташқари бирорта газета талаб қилинаётган жаримани тўлашга қурби етмайди.

- Натижада бу газеталар ёпилади. Бу эса Тожикистон фойдасига эмас. Инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги масалаларини кузатиб турган қатор хорижий ташкилотлар йил сўнгидаги ўз ҳисоботларида “Тожикистонда яна фалонча мустақил газета ёпилди” дейиши Тожикистоннинг ҳалқаро ҳамжамиятдаги обрўсига албатта путур етказади, дейди Сайфулло Сафаров.

Аснода мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов газеталарни судга берган судялар айни парламент сайловлари арафасида “қош қўяман деб кўз чиқараётган”ини таъкидлайди.

- Бугун суд залларида мустақил газеталар устидан олиб борлаётган маҳкама жараёнлари бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Америка ҳукумати диққатини ҳам ўзига тортгани тожиклар фойдасига эмасдир. Менимча, ҳукумат бу ишга жиддийроқ эътибор қаратиши ва барча даъволарни муроса йўли билан ҳал қилиши лозим. Акс ҳолда, келгусида бунинг ортидан Тожикистон ўз хорижий ҳамкорларидан айрилиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас, дейди мустақил таҳлилчи.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда парламент сайловлари жорий йилнинг 28 февралига белгиланган.
XS
SM
MD
LG