Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:41

Украинада янги президентлик бўлди


2004 йилги Зарғалдоқ инқилобидан сўнг ҳокимиятдан четлаштирилиб¸ мухолифат етакчисига айланган Виктор Янукович 25 феврал куни Украинанинг янги президенти сифатида қасамёдга келтирилди.

Украинадаги президентлик сайловининг иккинчи даврасида ғолиб чиққан Виктор Янукович мамлакат парламенти биносида қасамёдга келтирилди.Ушбу тантанали маросимни Украина парламенти спикери Володимир Литвин очиб берди. Қисқа нутқдан сўнг Литвин сўз навбатини Виктор Януковичга берди.

-Мен, Виктор Янукович халқ иродаси билан Украина президенти этиб сайландим. Олий лавозимга киришар эканман мен Украинага садоқатли бўлишга тантанали равишда қасамёд келтираман. Украина суверенитети ва мустақиллиги, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Украина Конституцияси ҳамда қонунларига риоя қилишга ваъда бераман, деди Украинанинг янги президенти.

Виктор Януковични қасамёдга келтириш маросими ярим бўш парламент биносида бўлиб ўтди. Гарчи ушбу тантанали маросимда Украина ҳукумати вакиллари, сиёсий партиялар аъзолари ва хорижлик юқори мартабали расмийлар иштирок этган бўлсалар-да, унда иқтидордаги Бош вазир Юлия Тимошенко блоки вакиллари қатнашмади. 2004 йилги Зарғалдоқ инқилоби қаҳрамонларидан бири ҳисобланган Юлия Тимошенко президент сайловидаги мағлубиятини тан олишдан бош тортиб келмоқда. Бош вазир фикрича, Янукович 1.5 миллионга яқин овозларни сохталаштирган.

Януковични қасамёдга келтириш маросимида Тимошенкодан ташқари муддати тугаган президент Виктор Юшченко ҳам қатнашмади.

Қасамёд келтиргач ураиналикларга мурожаат қилган янги президент Виктор Янукович мамлакатни янги йўналишга солиб берган сайловда Украина ҳалқи ўз овозининг баралла эшитилишига муваффақ бўлди, дея таъкидлади.

-Сайловлар тугаб бўлди. Бутун жаҳон уларни демократик, деб топди. Украина халқи ўз сўзини айтди ва халқаро ҳамжамият Украинани эркин, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари юқори баҳоланадиган ва хурмат қилинадиган давлат сифатида тан олди,деди Янукович.

Украина янги президент мамлакат юзланаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.

-Украина оғир дамларни бошидан кечирмоқда. Жорий йил учун давлат бюджети тузилмаган. Ташқи кредитлар бўйича қарзлар кўлами жудаям ўлкан. Қашшоқчилик, инқирозга юз тутган иқтисод ва порахўрлик бу - Украина юзланаётган воқеликнинг бир қисмигина¸ холос, деди янги президент.

Юлия Тимошенко, ўз навбатида Виктор Януковични коррупциялашган олигархлар гуруҳи манфаатини ҳимоя қилишда ва Киевни Москва таъсири остига қайтаришга уринаётганликда айблаб келмоқда.

Бироқ Янукович бугунги нутқида тадбиркорликни сиёсатдан ажратадиган қоидаларни жорий этишга ва Украинанинг Европа сафига қўшилишга бўлган уринишларини давом эттиришга ваъда берди.

- Европанинг ажралмас бир қисми ва қачонлардир собиқ СССР тарқибида бўлган ҳамда Шарқ ва Ғарбни кўприк қилиб боғлаб турувчи Украина эндиликда шундай ташқи сиёсат юритадики, бунинг оқибатида давлатимиз Россия, ЕИ ва АҚШ билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли алоқалардан баҳраманд бўлади, деди Виктор Янукович.

Украина янги президентининг келаси ҳафта душанба куни Брюсселга сафар қилиши кутилмоқда. Янукович олдида турган асосий муаммолардан бири мамлакатни давом этаётган иқтисодий таназзулдан қутқариш ҳамда Украинага 16.4 миллиард долларлик ёрдам беришни вақтинчалик тўхтатган Халқаро валюта жамғармаси билан музокараларни қайта бошлашдан иборат.

Айни пайтда¸ Януковичнинг Москва билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлаши кутилмоқда. Янукович ўзининг сайловолди кампанияси чоғида Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш уринишларини тезлатиш ҳамда Россия билан газ келишувини қайта кўриб чиқишга ваъда берган.
XS
SM
MD
LG