Линклар

Россия янги атом станцияси қуради


Мутахассисларга кўра¸ атом станциялари электр қуввати ишлаб чиқарувчи атом бомбаларидир.

Мутахассисларга кўра¸ атом станциялари электр қуввати ишлаб чиқарувчи атом бомбаларидир.

Атом станцияси пойдеворига биринчи тош қўйишга башишланган тантанали маросимда Россия Бош вазири ўринбосари Сергей Иванов, Калининград ҳокими Георгий Босс ва Россия атом энергияси корпорацияси “Росатом” раҳбари Сергей Кириенколар қатнашди.

Янги атом станциясини Литва чегарасидан 20 километр масофада қуриш режаланган. Ўз навбатида бу маҳаллий аҳоли ва атроф-муҳит ҳимоячиларини ташвишга солмоқда. Боиси 1986 йилда Украинанинг Чернобил атом станциясида содир бўлган фожиани ҳали ҳеч ким унутгани йўқ.

Чернобил фожиаси содир бўлганидан кейин Украина, Беларус ва Россия вилоятларида яшовчи 300 мингдан зиёд аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинган эди.

Атроф-муҳит ҳимоячиси, олим, Россия собиқ президенти Борис Ельциннинг илм-фан масалалари бўйича маслаҳатчиси Алексей Яблоков Озодликка сўнгги йилларда хавфсизлик технологияси анча ривожланганига қарамай, атом электр станцияларининг ўта хатарли бўлиб қолаётганини айтди.

- Албатта, ҳозирги атом станциялари Чернобилга нисбатан анча хавфсиз. Аммо улар ҳам барибир жуда хатарли. Атом станциялари электр қуввати берадиган атом бомбаларидир. Ҳар қандай атом станцияси ҳам портлаб кетиб Чернобил каби ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу эса миллионлаб одам учун фожиа бўлади, дейди россиялик олим.

Аммо "Росатом" бу лойиҳанинг тўлиқ хавфсизлиги¸ Европа андозаларига мос келишини таъкидламоқда. Чунончи¸ ширкат матбуот вакили Сергей Новиков Чернобил фожиасидан кейин ядро хавфсизлиги технологиясининг анча ривожланганини урғулади.

- Агар Чернобил билан таққосланса, бу умуман бошқа турдаги реактор. Болтиқ атом станциясининг биринчи энергия блоки 2016 йилда ишга туширилишидан олдин одамларга маълумот бериш мақсадида биз Калининградда янги ахборот маркази очаяпмиз, деди "Росатом" матбуот вакили.

“Калининград экспресс” газетаси ўтказган сўров натижасига кўра, сўралганларнинг 43 фоизи атом станцияси қурилишига қарши. Айни пайтда сўралганларнинг 26 фоизи бу лойиҳани қўллаб-қувватлашини айта туриб, станциянинг хавфсизлиги борасида хавотир билдирган.

Россия президенти Владимир Путин 2009 йил сентябр ойида 2,3 гигаватт қувватга эга бўлган Болтиқ атом станциясини қуриш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган. Станциянинг биринчи энергоблокини 2016 йилда, иккинчи энергоблокини 2018 йилда ишга тушириш режаланган.

Калининград вилоятида қурилиши мўлжалланган атом электр станцияси лойиҳаси қийматининг 6 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG