Линклар

Бундан 21 йил муқаддам айтилган "Болалар" қўшиғи муаллифи Тоҳир Содиқов "Чодирхаëл" дастурининг "Таниш қўшиқлар" саҳифаси меҳмони бўлди.



1989 йил. Юра Шатунов раҳбарлигидаги "Ласковый май" гуруҳи тарих денгизига чўкиб бораëтган совет иттифоқи деган кема йўловчиларининг сўнг қўшиғи каби янграмоқда.

Улар айтган "Оқ атиргуллар" қўшиғидаги беғубор оҳанг¸ ибтидоий тозалик¸ йўқлик ва иложсизлик деб аталган саробга юз тутган миллионлаб совет кишилари учун зарур эди.

"Ласковый май" машҳур бўлган сайин унга тақлид қилувчилар ҳам кўпайди.

Шу тариқа бундан 21 йил олдин Ўзбекистонда "Болалар" гуруҳи пайдо бўлди.

Бу шаҳарликлар учун шаҳар мусиқаси эди.

Водийда Шерали Жўраев, воҳада Ортиқ ва Отажонлар, Тошкентда эса Фаxриддин Умаров машҳур дамлар.

Тошкентдаги "Буратино" кафесида тархун ичиб, пахта музқаймоқ ямлаган болалар бир оҳанг, бир сасга эҳтиëж сезишар эди.

Совет эстрадаси руҳидаги "Ялла"нинг майин ноласи ва Рок оҳангларидаги "Оригинал" гуруҳининг шиддатли фарëди ўртасидаги бир сас лозим эди.

Ана шу эҳтиëж маҳсули бўлди "Болалар" гуруҳи. Болалар гуруҳининг 20 йил оша бизгача етиб келиб қўшиқ куйлаëтган вакили Тоҳир Содиқов. Аммо гуруҳ иш бошлаганида улар бир талай эди.

Мана бу иқтибосларни http://bolalar-show.uz/blog дан олдик.

"Болалар" гуруҳи илк иш бошлаган даврда гуруҳ раҳбари Руслан Шарипов саҳнага фақат Баҳодир Пўлатов ва Жаҳонгир Зокировни чиқарар эди. Тоҳир Содиқов камдан кам чиқар эди.

Тоҳир бир куни Баҳодир Пўлатовга сани ўрнингга ман чиқай дейди. Руслан рухсат бермайди¸ дейди Баҳодир.
Касалман¸ деб саҳнага чиқмагин¸ деб илтимос қилди Тоҳир.

Ҳақиқий дўст бўлган Баҳодир дўст ишини қилиб Тоҳирга йўл берди. Баҳодирнинг ўрнига Тоҳир чиқди ва у мухлислар қалбига олов бўлиб кирди".

Орада ўтган даврда "Ласковый май" унутилди ва тарқалиб кетди. "Болалар" гуруҳидан эса фақат Тоҳир Содиқов саҳнада қолди. Дарвоқе Тоҳир Содиқов бултур Истиқлол (собиқ Халқлар дўстлиги саройи - таҳр.) саройида "Ласковый май"нинг унутилган ҳофизи Юра Шатунов билан концерт берди. Тоғлар учрашди, дейишди мухлислар.

"Ласковый май" гуруҳини "Оқ атиргуллар" қўшиғи машҳур қилган эса "Болалар" гуруҳи учун "Болалар" қўшиғи ташриф қоғози бўлди.

Бу қўшиқ ритмига Тошкент рақс майдонларида ирғишлаган ўспиринлар бугун 40-50 ни қоралади.

21 йил муқаддам янграб ҳофизамизга муҳрланган қўшиқ ижрочиси Тоҳир Содиқовни суҳбатга тортдик.

Озодлик: 80-йилларнинг охирларида чиққан пайтингизда сизни барчага танитган қўшиғингиз қайси эди?

Тоҳир Содиқов: "Болалар" қўшиғи. 1989 йилда ëзилган. Яна "Маликам" деган қўшиғимиз бор.

Озoдлик: Ўша пайтда сиз кимдан илҳомлангансиз?

Тоҳир Содиқов: "Ласковый май"дан илҳомланиб мана шу гуруҳни тузганмиз. “Нимага энди Ўзбекистонимизда шунақа замонавий гуруҳ бўлмаслиги керак”, деб тузилган гуруҳ бу. Замонавий музика қўшилган¸ ўзимизнинг мумтоз инструментлар билан синтезаторлар қўшилиб яхши¸ замонавий нимада янграйдиган қўшиқларни биз орзу қилар эдик.

Озодлик: Тоҳиржон¸ сиз махсус мусиқа маълумоти олганмисиз? Санъатга кириб келишингиз қандай бўлган?

Тоҳир Содиқов: Бизнинг санъатга кириб келишимиз мактабдан бўлган. 10 синфда имтиҳонларни топширмасдан олдин мактаб ўқувчилари бўлиб туриб биз Дружба Народовда (ҳозирги пайтда Истиқлол саройи – таҳр.) концерт берганмиз. Ундан кейин гастроллар бошланган. Мен практика теориядан¸ ўқишдан яхшироқ деб ўйлайман. Мана 20 йил бўлди. Ҳозир музикалный образованиемдан нолийдиган жойим йўқ. Ҳаммасини энди 20 йилнинг ичида қунт билан ўрганиб олмасам ҳам уят бўларди.

Озодлик: Бу қўшиқнинг шеърини ким ëзган?

Тоҳир Содиқов: Биласизми¸ шеърни¸ мусиқани ҳар доим ўзим ëзиб келганман.

Озодлик: Аслида шеърни шоир ëзмайдими?

Тоҳир Содиқов: Аслида ўзи шоир ëзади. Лекин битта одамда шу нарса мужассамланган бўлиши мумкин. Мана айнан менда шунақа. Мен мусиқани ҳам ўзим ëзаман¸ шеърини ҳам ҳеч кимга ишонмасдан ўзим ëзаман. Мусиқага қанақа сўзлар тўғри келишини мен биламан. Шунинг учун мен яратилган мусиқага ревностно относится қиламан. Шу мелодия менга қанақа кайфият бераяпти¸ қанақа ҳолатга тушираяпти¸ шунга қараб шеърларимни танлаб ëзаман.

Озодлик: "Болaлар" қўшиғи фавқулодда машҳур бўлди ва стадионлар¸ катта-катта заллар томошабинлар билан тўлди. Бунинг боиси нимада? Нима учун бир қўшиқ шунчалик машҳур бўлиб кетади?

Тоҳир Содиқов: Биласизми¸ ҳар бир гуруҳда¸ мана жаҳон тарихида оладиган бўлсак¸ Eagles гуруҳи дунëга ўзининг Hotel California қўшиғи орқали танилган. Ваҳоланки¸ уларнинг жуда кўп ашулaлари бор. Қолган қўшиқлари ëқмаган одамларга ëқмаган бўлиши мумкин ëки Hotel California қўшиғи қолган қўшиқлар устидан ғалаба қозониб¸ одамларга энг яхши етиб борган қўшиқ бўлган. Бизларнинг ҳам 10-15 та албомимиз бўлса¸ ичидан битта шлягери чиқиб, қолганини ортда қолдириб кетади.

Озoдлик: Қўшиқ яратишни бошлаганингизда¸ сиз ëшгина бола эдингиз. Ўша пайтларда бир кун келиб машҳур бўламан, деб ўйлаганмидингиз?

Тоҳир Содиқов: Энди биласизми “Не тот солдат который не хочет стат генералом” дейишадику. Менинг айтмоқчи бўлганим¸ ҳамиша интилиб яшаганмиз. Ўша пайтларда мана Даврон Ғойиповнинг “Оригинал” гуруҳи¸ Руслан Шариповнинг “Байт” гуруҳи¸ қолаверса бутун иттифоқ ëшлари орасида шуҳрат қозонган “Ласковый май” гуруҳларига қараб¸ шуларга ўхшаб юрайлик деб қилинган нарсалар. Албатта, ҳар доим ҳавас қилардик. Биринчи ҳавасимиз мактабимизда таниқли бўлишнинг ўзи етарли эди.

Озодлик: Бировлар узоқ изланади¸ ҳаракат қилади ва умрларининг охирига бориб машҳур бўлади. Сиз тез машҳур бўлдингиз.

Тоҳир Содиқов: Ҳа¸ жуда ҳам тез бўлган. Мен битта нарсани аниқ биламанки¸ ҳар бир тайëргарликларнинг орқасида жуда кўп машаққатлар¸ изланишлар¸ ҳар куни кечаси билан ўтириб гитара чалишлар¸ албом ëзишлар¸ шеърларини ëзиш¸ мусиқанинг оранжировкаларини подобрать қилиш – буларнинг ҳаммаси олдиндан тайëрланиб келиниб¸ бизнинг проект етти ўлчаб бир кесилган.

Озодлик: Мен ўзим сизни кўрганман. Жуда катта одамга ўхшамайсиз. Кичкина жуссали одамсиз. Машҳурлик юки бирдан пайдо бўлди ва бирдан елкангизга тушди. Бу қандай бўлди? Босар-тусарингизни билмай қолмадингизми?

Тоҳир Содиқов: Озгина шунақа нарсаларга ҳам дучор бўлдик. Машҳурлик касаллиги дейдими буни. Энди ўзингиз ўйланг¸ 16-17 яшар болаларни ҳамма ерда танишаяпти¸ ҳамма ерда ҳурмат қилишаяпти¸ тўрга ўтказишаяпти¸ ўзининг тенгқурларининг орасида сайланган одамга айланиб қолгандан кейин озгина бизларда ҳам бўлган. Энди бу ëшликда. Лекин бу беш-олти йил ичида ўтиб кетадиган нарса экан. Одам катта бўлган сайин мусиқада ҳамма нарсага етишмаганини тушуниб етади. Ундан яхшироқ айтадиган одамлар борлигини¸ у ўрганиши керак бўлган одамлар жуда ҳам кўплигини кўриб¸ дунëқараши ўзгариб¸ шу нарсанинг ҳаммасининг тарозисини одам кўриб чиқаркан ва кейин кўрар экан. Биласизми яна битта нарса бор. Бизнинг ўзбекчиликда “катталарни ҳурмат қил” деган нарса бор. Биз ҳам ўзбек оилада ўсганмиз. Тарбиямиз ҳам ўзбекча. Шунинг учун ижодни биздан олдин бошлаган барча қўшиқчиларни устоздай кўрамиз. Уларнинг эришган ютуқларига ҳавас қилиб¸ қилган хатоларини қилмасликка ҳаракат қилиб¸ улар билан мулоқотда бўламиз. Биз устоз санъаткорлар билан жуда ҳам кўп гаплашамиз.

Озодлик: “Болалар” қўшиғининг яратилганига неча йил бўлди?

Тоҳир Содиқов: 21 йил.

Озодлик: Ўзингиз неча ëшга кирдингиз?

Тоҳир Содиқов: 36.

Озодлик: “Болалар” қўшиғини айтиб чиққанингизда қўшиқ болалар оҳангида эди. Ëш ўсгандан кейин оҳанг¸ мавзу ўзгардими? Ҳозирги дунëқарашингиз қандай?

Тоҳир Содиқов: Мен қўшиқчи ўзининг ўзига ярашган стилига ва мавзусига эга бўлиши керак¸ деб ҳисоблайман. Мен танлаган мавзу бу ўчмас мавзу. Бу севги мавзуси. Бир йигит билан бир қизнинг орасидаги муносабатларни мен куйлайман. У қайғули бўладими ëки хурсандчилик бўладими ҳамма қўшиқларим севги ҳақида. Вақт ўтган сари энди ўзгариб¸ ватан туйғулари ҳақида¸ мана яқинда “Ҳеч кимдан кам бўлмас ўзбек” деган ашуламиз чиқди. Клип олинди. Шу нарсалар жуда ҳам кўплаб мамлакатларга трансляция қилинди деб ҳам эшитдим. Шунинг учун¸ нима десам бўлади¸ шу мавзуларга ҳам қараб турамиз. Мен ўйлайманки¸ бир санъаткор қанақадир даражага етганда¸ ўзининг орқасидан қанақадир ëшларни торта олиши¸ қўшиқ орқали одамлардаги ватанга бўлган муҳаббатни уйғотиши каби нарсаларга эътибор беришга¸ биз ҳаммамиз мажбурмиз. Чунки шу мамлакатда яшаймиз¸ шу ер бизни шунақа одам қилиб етиштирди ва қолаверса бизларни машҳур қилиб турадиган мана шу ўзимизнинг халқ.

Озодлик: Сизнинг қўшиқларингизнинг севги тўғрисида эканлигининг қайсидир маънода акс-садоси ҳам бўлди. Хабарим бор¸ уйингизнинг олдидаги домнинг ëнбошига қизлар қора краскада “Тоҳир мен сени севаман” катта қилиб ëзиб кетишди. Бу нарсалардан чарчамадингизми?

Тоҳир Содиқов: Биласизми¸ бу нарса бошида ëқади. Подъездларни ремонт қилиб қўйсангиз¸ яна ëзиб кетишса¸ одамнинг жаҳли чиқар экан. Шунақа нарсалар ҳам бўлган. Бу нарсаларга ўрганиб қолганмиз. Шунинг учун мухлисларимиз бемалол келиб ўзларининг тилакларини ëзадими¸ севги изҳори бўладими – бу нарсага мен ëмон қарамайман. Хурсанд бўламан.

Озодлик: Ҳофизликнинг нонини еяëтганингизга 20 йил бўлиб қолибди. Мана шу муддатда нима йўқотдингиз¸ нима топдингиз?

Тоҳир Содиқов: Бизларнинг ҳамма топганларимиз шу ўзимизнинг қўшиқчиликдан бўлган. Кўча-кўйда таниш орттирдим. Жуда ҳам кўп дўстларим бор¸ Худога шукур. Санъатга қўшилиб кам бўлганимиз йўқ. Ҳаммаси яхши. Ҳеч нарса йўқотмадик¸ фақат топдик.

Озодлик: Бизнинг форматимизга кўра¸ қўшиқчи ўз қўшиғидан бир парча ижро қилиб бериши керакда. Болалар қўшиғидан озгина хиргойи қилиб беринг.

Тоҳир Содиқов: Телефон орқали ҳам бўлаверадими?

Озодлик: Бўлаверади. Орамизда мана 5000 километр бор.

Тоҳир Содиқов: 5000 километр орқали телефонда ҳам (шу ерда Тоҳир Содиқов “Болалар” қўшиғидан бир парча куйлаб берди)

Озодлик: Мана шу қўшиқ яралганига 21 йил бўлибди. Ҳозир ҳам сўрашадими бу қўшиқни?

Тоҳир Содиқов: Албатта. Бу қўшиқ бизнинг программамизда ҳамиша бор. Бу қанақадир носталгический таъсир қиладиган қўшиқ. Шу ашулани айтганимда ўзининг ëшлигини эслаганиданми ëки жуда ҳам шўх қўшиқ бўлганиданми нимагадир зал ҳар доим ўйнаб кетади. Позитивный шунақа яхши қўшиқ чиқиб қолган. Биз уни ҳамиша ўзимиз билан олиб юрамиз. Концертлар бўладими¸ корпоратив тўйлар бўладими – ҳаммасида сўрашади.

Озодлик: Корпоратив тўйларга тез-тез бориб турасизми? Салим бойвачча¸ Ғафур ака каби катта-катта одамларнинг тўйларига бориб турасизми?

Тоҳир Содиқов: (кулиб) Агар бизларни чақиришса¸ борардик. Лекин ҳали борганимиз йўқ унақа жойларга. Ўзимизнинг Ўзбекистон бўйича тўйларда¸ концертларда иштирок этиб турамиз.

Озодлик: Сизга катта раҳмат¸ Тоҳиржон. Агар мухлисларингизга айтадиган гапларингиз бўлса¸ микрофон сизга мунтазир. Дунëнинг кўп жойларида эшитишади бизни.

Тоҳир Содиқов: Тушунарли. Ҳаммага соғлик¸ омонлик тилайман. Ҳаммани келаëтган Наврўз айëмлари билан табриклайман. Қолаверса¸ бизларни тинглаëтган аëлларимизни 8 март билан ҳам табриклайман. Ҳаммасини табриклаймиз. Ҳамиша чеҳраларидан кулгу аримасин.

Озодлик: Ëш қизларни ҳам табриклангда энди.

Тоҳир Содиқов: Ҳаммани табриклайман. Аëлларни¸ опажонларни¸ сингилларимизни 8 март байрами билан табриклайман. Яхши кунимизга Худога шукур¸ дейишлик билан соғ-омонлик¸ тинчлик тилаб қоламан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG