Линклар

Раҳмон Роғун йўлида жиноий пулларни ҳам авф этди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда бугун йўллар ҳам¸ пуллар ҳам Роғунга бурилмоқда.

Тожикистонда бугун йўллар ҳам¸ пуллар ҳам Роғунга бурилмоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон “Молиявий амнистия тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра¸ бу қонуннинг асосий мақсади Роғун ГЭС қурилишига қўшимча даромад жалб қилишдан иборат.

24 феврал куни Имомали Раҳмон “Тожикистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларини ўз маблағларини қонунийлаштиришлари сабабли авф этиш” тўғрисидаги қонунга имзо чекди.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, мазкур қонун мамлакат молиявий муҳитини яхшилаш ва Роғун ГЭС қурилиши учун муқобил манбалардан қўшимча даромад жалб қилиш мақсадида қабул қилинган.

Манбанинг билдиришича, мазкур қонун асосида ҳар бир фуқаро чет эл банкларидаги маблағларини бемалол Тожикистон банкларига ўтказиб уни қонунийлаштириши мумкин. Шунингдек, Тожикистон ичкарисидаги катта пул эгалари ҳам ўз бойликларининг маълум бир қисмига Роғун акциясини сотиб олиш баробарида пулларини легализациялаш ҳуқуқига эга бўлади.

- Ҳукумат бу шахслар сармоялари хавфсизлигини кафолатлайди¸дея билдирди давлат раҳбари матбуот хизмати масъуллари.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, 2009 йил Тожикистон Миллий банкини ревизия қилган Британиянинг Ernst & Young ширкати ўз ҳисоботида,Тожикистондаги кўплаб ширкатлар офшор ҳудудларда ўз ваколатхонасига эгалиги ва катта миқдордаги маблағларни улар ёрдамида хориж банкларига ўтказганини маълум қилган эди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон жорий йил бошида тожикистонлик тадбиркорлар билан учрашувида айнан шу маълумотларга тўхталиб¸ тадбиркорлардан хорижий банклардаги пулларини ватанидаги банкларга ўтказишни сўраган эди.
Ўша йиғинда Тожикистон раҳбари пул эгалари ва улар сармоялари миқдори сир тутилишини ҳамда улар хавфсизлиги таъминланишини ваъда берган эди.

“Ховар” Давлат ахборот агентлиги мухбири Нўъмонжон Фахриддиновнинг гапига қараганда, молиявий авф тўғрисидаги янги қонунга кўра қамоқхоналардаги пулдорлар ҳам озодликка чиқарилиши мумкин.

- Қайсидир сабаблар билан қамоқда ётган одамлар бўлсаю, ўшаларнинг чет эл банкларида маблағлари бўлса, уларни қамоқ жазосидан озод қилиб, ўша пулларини олиб келиб ишлатишларига имконият берилади¸ дейилган бу қонун бандларининг бирида. Менимча бу жуда узоқни кўзлаб топилган йўл бу. Чунки ҳукуматимиз бу иншоот қурилиши учун бошқа давлатлардан сармоядорларни чорлашни истамайди. Агар биз Роғун ГЭСини ўзимиз қурмасак, у ҳам Сангтўда 1 ГЭС сингари ўзга давлат ихтиёрига ўтиб кетади, ундан олинган даромадларга эгалик қила олмаймиз, дея мулоҳаза билдиради “Ховар” ахборот агентлиги масъули.

Нўъмонжон Фахриддинов давлат раҳбари томонидан имзоланган мазкур қонун аксарият тожикистонлик пул эгалари томонидан қўллаб-қувватланилади¸ деган ишончда.

Ҳуқуқшунос Ашурбой Имомов бу фикрларни қисман қувватлар экан, молиявий амнистия тўғрисидаги қонун замирида бошқа мақсадлар ётганига ҳам ишорат қилади.

- Бу бир сиёсатдир. Бу қонун асосий мақсадининг тожиклар миллий ғоясига айланган Роғунни қуриб битиришга қаратилгани айтилса-да, аслида бу айрим доиралар ихтиёридаги ноқонуний пуллар, ахлоқсиз йўллар билан орттирган бойликларини қонунийлаштиришга уринишдир, дейди ҳуқуқшунос таҳлилчи Имомов.

Ашурбой Имомов Тожикистонда бойлар 1992-97 йиллардаги фуқаролар уруши пайдо бўлгани¸ улар аксариятининг хорижий давлатлардан юборилган молиявий инсонпарарлик ёрдамларини ўзлаштириш ҳамда мавжуд ваъзиятдан фойдаланиб давлат мулки, жумладан завод,фабрикаларни ўзлаштириш ҳисобига бойиганини эслатиб ўтади. Шу боис¸ кузатувчи¸ бу катта молу мулк ва пул эгаларининг кўпи ҳукумат одамлари эканини эътибордан соқит қилмасликни таъкидлади.

- Шу нуқтаи назардан ҳар гал Тожикистонда айни шундай қонунларни қабул қилиш ва уни ишга солишга ҳаракат кузатилади. Бу биринчи марта қабул қилинаётган қонун эмас¸ дейди Ашурбой Имомов.
XS
SM
MD
LG