Линклар

logo-print

Кобулни яна портлашлар титратди


Портлашлардан бири Кобул марказидаги йирик савдо уйи олдида юз берди.

Портлашлардан бири Кобул марказидаги йирик савдо уйи олдида юз берди.

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри марказида амалга оширилган ҳужумдан камида 17 киши нобуд бўлди. Қурбонлар орасида хорижликлар ҳам бор. Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олиши тўғрисида баёнот берди. Бу ҳужум жорий ойда амалга оширилган йирик ҳужумдир.

16 кишининг ҳаётини олиб кетиб, камида 36 кишига тан жароҳати етказган ҳужум пойтахт Кобулнинг марказида, хавфсизлик чоралари анча кучайтирилган ҳудудда амалга оширилди.



Толибон ҳаракати ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олар экан, портлашларни 5 худкуш - жонкечди уюштиргани тўғрисида айтмоқда.

Полиция маълумотларига қараганда, асосан меҳмонхоналар, савдо марказлари ва ҳукумат идоралари бинолари жойлашган ҳудудда амалга оширилган портлашлар оқибатида ҳалок бўлганлар орасида 5 нафар ҳиндистонлик ва 1 италиялик бор.

Франция Ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер Парижда чиқиш қилар экан, нобуд бўлганлар орасида бир франциялик ҳам бўлгани тўғрисида айтди.

Афғонистон расмийларига кўра, портлаш қурбонлари орасида маҳаллий полиция ходимлари, ярадорлар орасида Кобулда ишлаётган ҳиндистонлик 8 дўхтир ҳам бор.

Портлашлар тонг саҳарда Сафи савдо маркази ҳамда чет элликлар яшайдиган меҳмонхона олдида амалга оширилди.

Ҳужумлар амалга оширилган мавзедаги дўконлардан бирининг соҳиби Қадари Само мана бундай деди:

- Бир соатча олдин бангиллаб кетганини эшитдим. Мен дўконнинг ичидайдим. Дераза ойналари синиб, юзимга сачради. Ана ўзинингиз ҳам кўриб турибсиз, ҳаммаёқда шиша синиғи.

Ҳужумни уюштирганларнинг мақсади, афтидан, савдо маркази ёнидаги чет элликлар кўпроқ яшайдиган меҳмонхонани портлатиш бўлган.

Кобул шаҳар полицияси жиноят қидирув бўлими бошлиғи Абдул Ғафар Саидзоданинг айтишича, портлашлар амалга оширилган ҳудуд ҳужум уюштирганлар билан бўлиб ўтган отишмадан сўнг тўла полиция назорати остига ўтди.

Президент Ҳамид Карзай ҳужумларни амалга оширганларни кескин қоралар экан, бу воқеа Афғонистон – Ҳиндистон муносабатларига соя солмайди, деб умид билдирди.

Ҳужумлар амалга оширилган ҳудуддаги меҳмонхонлардан бирида яшаётган Кашиф исмли ҳиндистонлик мана бундай деди:

- Портлаш юз берган, отишмалар бошланган пайтда биз хонамизда эдик. Ким ўлганини, кимлар яраланганини ҳам кўрмадик. Эшикни ёпиб олиб, ташқарига чиқмай ўтирдик.

Ғарбдаги ахборот агентликлари билан телефон орқали қилинган мулоқот чоғида Толибон матбуот вакили ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Забиуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, чет элликлар бўладиган икки бинодаги портлашларни 5 жонкечди амалга оширган.

Кобул шаҳри бир ойдан сал кўпроқ вақт нисбатан тинчиб қолган эди. Жанггариларнинг сўнгги ҳужуми 18 январда амалга оширилган бўлиб, 12 киши, шу жумладан ҳужумни уюштирганлардан 7 киши ўлган эди.

2009 йилнинг декабрида уюштирилган ҳужумдан БМТнинг 5 ходими ҳалок бўлганди.
XS
SM
MD
LG