Линклар

Коммунизм жиноятлари очилиши лозим!


Прага анжуманида дунëнинг собиқ ва иқтидордаги коммунистик режимларидан бевосита азият чекканлар¸ йирик олим ва файласувлар¸ сиëсатчи ва таҳлилчилар иштирок этмоқда.

Прага анжуманида дунëнинг собиқ ва иқтидордаги коммунистик режимларидан бевосита азият чекканлар¸ йирик олим ва файласувлар¸ сиëсатчи ва таҳлилчилар иштирок этмоқда.

Ана шу шиор остида Прагада ўтаëтган уч кунлик халқаро анжуманда Европада коммунистик режимдан қолган мерос ҳамда бу қолдиқнинг бугунги демократик жамиятлар учун таҳдидлари мубоҳаса қилинаëтир.


Евроосиëнинг аксар қисмини қарийб 80 йилча бошқариб¸ унинг каттагина қисмида бугун ҳам ҳукмронлик қилиб турган коммунизм жиноятлари учун кимни ва қандай жавобгарликка тортиш¸ бу тузум туғилиши ва гуллаб-яшнаши учун маъсулиятнинг қай қисмини жамият ва халқ зимамсига юклаш¸ коммунистик мафкура етагидан озод бўлган юртларда унинг қайта ҳужумга ўтмаслигини қандай таъминлаш - Прага анжумани қатнашчилари муҳокамасига ташланган асосий мавзулардир.

Чехия Сенатининг вице-президенти Йири Лишка халқаро анжуманни оча туриб¸ Европадаги коммунизм ўтмиши синчковлик билан ўрганиб чиқилиши ва бу жараëн бир зум ҳам тўхтамаслиги лозимлигини таъкидлади.

- Ўз ўтмишимизни тафтиш қилиш бизнинг нафақат коммунистик тоталитаризмнинг миллионлаб қурбонлари¸ балки кўпроқ бугунги ва эртанги эркинлик ҳамда демократияни омон сақлаш йўлидаги бурч ва мажбуриятимиздир¸ деди ўз сўзида Чехия Сенати намояндаси.

Жаноб Лишкага кўра¸ коммунистик ўтмишдан рисоладагидай сабоқ чиқара олмаслик коммунизм ўрнига келган демократик тизимларга нисбатан ишончсизликка замин яратмоқда.

Марказий ва шарқий Европадаги аксар давлатлар ўз коммунистик ўтмишини расман қоралаган¸ кўпчилиги коммунизм давридаги фаол сиëсатчи ва амалдорларни бугунги демократик тузумда давлат ва жамоатчилик тизимларида ишлашини таъқиқлаган. Полша каби айрим давлатлар эса¸ олий даражали коммунистлар¸ хусусан генерал Войцех Ярузельскийни коммунизм давридаги жиноятлар учун судга тортган.

Аммо жиноятчиларнинг бу каби жавобгарликка тортилиши камëб ҳодиса ва ташвишга сазовор жойи¸ бу каби ҳолатлар тобора камëблашиб бормоқда.

Чехия Сенати вице-президенти Йири Лишка¸ бу жараëннинг анча мураккаб эканини тан олади.

Биз тоталитаризмнинг умумиятла жамият ва ахлоққа қарши жиноят бўлган феномен эканини тан олишга мажбурмиз. Нафақат унинг айрим шакллари¸ балки моҳияти ила бу феноменнинг ўзини адолат тарозусига қўйишга чап беришга уста. Буни кечаги тоталитаризмдан туғилган айрим давлатларда ичдан кўрмоқдамиз¸ деди жаноб Лишка ўз чиқишида.

Шундай бўлса-да¸ коммунизм жиноятларидан жамиятни огоҳ қилиш мақсадида давлат архивларининг жамоатчилик учун тўлиқ очиқ бўлиши¸ Европада коммунизм даврида амалга оширилган депортациялар¸ қатллар ва меҳнат колонияларини синчковлаб ўрганиш ўта муҳимдир¸ деб қўшимча қилди жаноб Лишка.

Прага анжуманида сўзга чиққанларнинг аксарияти учун коммунизм жиддий тадқиқ қилиниши лозим ўтмишга айланган бўлса¸ унинг айрим меҳмонлари учун ҳамон кураш объекти бўлиб қолмоқда.

- Коммунизм бу жиноятдир. Бугун сизнинг бу жиноят ҳақида гаплашиш учун махсус анжуман бошлаганингиз жуда яхши. Биз бу ҳодисани ўрганишимиз¸ унинг ўтмишидан сабоқ чиқаришимиз ва жамиятни ундан тозалашимиз керак. Аммо сиз учун ўтмишга айланган коммунизм Хитойда бугун ҳам ҳукмронлик қилмоқда. Бугун биз дунëнинг айрим ҳудудларида коммунизмнинг ҳамон от устида эканига кўз юммаслигимиз керак.

Прага анжуманида бу гапни умрининг 20 йилга яқинини Хитой қамоғида ўтказган Ҳарри Ву айтди. 1979 йили қамоқдан озод этилиши билан АҚШ га чиқиб кетган ва шундан бери Хитойдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаëтган жаноб Ву¸ Европа жамоатчилигини коммунистик тузум қолдиқлари ва бошқа ниқобга бурканган тоталитар тузумлар жинояти қурбонларининг бугунги қурбонлари тақдирини унутмасликка чорлади.
XS
SM
MD
LG