Линклар

Руслан Чагаев янги жангга шай

  • Ҳурмат Бобожон

Ҳозирда Австрияда жангга ҳозирланаëтган Руслан Чагаев ўз мураббий ва салафлари даврасида.

Ҳозирда Австрияда жангга ҳозирланаëтган Руслан Чагаев ўз мураббий ва салафлари даврасида.

Ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев WBA версияси бўйича оғир вазндаги жаҳон чемпиони унвонига даъвогар сифатида яқин ойларда австралиялик Кали Миан билан рингга чиқади. Чагаевнинг Universum Box промоуторлик ширкати Миан билан шу ҳақда келишувга эришди.

Асли андижонлик боксчи Руслан Чагаев ҳозир Австриянинг Алп тоғлари қўйнидаги Зёлден дам олиш масканида янги мураббийси Магамед Шабуров билан бўлғуси жангга тайёргарлик кўрмоқда.

Чагаевга ҳомийлик қилаётган Германиядаги Universum Box ширкати вакили Герог Нолтенинг Озодликка айтишича, жангнинг аниқ куни яқин ойларда эълон қилинади.

- Жанг кунини 22 майга белгилаганмиз, лекин бу ҳали тўлиқ тасдиғини топгани йўқ. Биз бу борада сўзлашувлар олиб боряпмиз. Келаси уч ой ичида бу маълум бўлади, деди Герог Нолте.

Ўзбекистонлик боксчига мураббийлик қилаётган Магамед Шабуровга кўра, Руслан Чагаев ҳозир тайёргарликнинг энг қиёмига етган нуқтасида.

- Агар керак бўлса¸ Руслан эртагаям рингга тушиши мумкин. Сентябр ойидан бери у тинимсиз тайёргарлик машғулотлари билан банд. Унинг тайёргарлик даражасидан мен ниҳоятда мамнунман, дейди Шабуров.

Кали Миан Руслан Чегаевдан етти ёш катта. WBA версияси рейтингида Кали Миан иккинчи, Руслан Чагаев эса учинчи ўринни эгаллаган.

"Жаҳон чемпиони унвонини қайта қўлга киритишим керак. Бунинг учун ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Нимага қодирлигимни, Худо хоҳласа рингда кўрсатаман", деб билдирган Руслан Чагаев.

Ҳар икки қўли билан кучли зарба беришга қодир бўлгани учун Руслан Чагаев профессионал бокс оламида "Оқ Тайсон" лақабини олган.

Ўзбекистонда эса ҳукумат назоратидаги матбуотнинг Руслан Чагаев ҳақида гапирмай қўйганига анча бўлган. Маҳаллий аҳоли орасида Чагаев Ўзбекистондан бутунлай кетиб қолган ва Германия фуқаролигини олган¸ деган овоза тарқалган.

Universum Box вакили Георг Нолте Руслан Чагаевнинг Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмагани ва австралиялик Кали Миан билан бўлажак жангда ҳам Русланнинг ўзбек байроғи остида рингга тушишини тасдиқлади.

2009 йил июн ойида Чагаев украиналик Владимир Кличкога жангни ютқазиши ортидан чемпионлик унвонидан маҳрум қилинган эди. Бу Русланнинг профессионал боксдаги илк мағлубияти эди.

Руслан Чагаев чемпионлик камарини ҳимоя қилиш учун аслида россиялик боксчи Николай Валуев билан рингга тушиши керак эди.
2008 йилда Чагаев "Рус деви" лақабли Валуевни бир марта енгган ҳам.

Бироқ Бокс федерациясининг тиббий талабларига жавоб бера олмагани, жумладан ўзбек боксчиси қонида ҳепатит вируси аниқлангани сабаб, бу жанг учрашувга саноқли кунлар қолганда бекор қилинганди.

Русланнинг Николай Валуев билан жанглари сурилавергач WBA томонидан у "танаффусдаги чемпион" деб ҳам эълон қилинди.

Кейинчалик Чагаевга чемпионлик камарини сақлаб қолиш учун рингга тушиши лозимлиги айтилди ва у "Темир қўл" лақабли украиналик Кличконинг у билан жанг қилиш таклифини қабул қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG