Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:22

Ўзбекистонда почта хизмати қимматлади


Эндиликда Ўзбекистондан хорижга жўнатиладиган хатлар учун тўлов 100 фоизга ошди.
Эндиликда Ўзбекистондан хорижга жўнатиладиган хатлар учун тўлов 100 фоизга ошди.

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб хорижга жўнатиладиган почта жўнатмаларининг нархи қимматлади. "Ўзбекистон почтаси" ширкати маъсулларига кўра¸ эндиликда чет элга юбориладиган жўнатмалар нархи 50 фоизга, хат жўнатмалари нархи эса 100 фоизгача оширилди.

Агар сиз Ўзбекистон ичкарисидан Чехияга, дейлик Озодлик радиоси таҳририятига хат жўнатмоқчи бўлсангиз бу қанчага тушади?

Буни ўрганиш учун почта жўнатмалари қимматламасдан аввал Озодликка хат йўллаган сирдарёлик Ҳазратқул Эрназаровни суҳбатга тортдик.

Ҳазратқул аканинг хати Сирдарёнинг Гулистон шаҳридан Прагага 10 кун ичида етиб келган. Ҳазратқул аканинг хати 22 варақдан иборат бўлиб, у хатни Прагага жўнатиш учун жами 4000 сўм пул тўлаган.

Ҳазратқул Эрназаров: Хатни почта орқали жўнатишга 4000 сўм тўлаганман. Почта харажатида энди. Граммини ўлчайди¸ кейин масофа белгиланади. Узоқ-яқинлигига қаралади. Хат жўнатиш жуда мураккаб нарса. Почтада менинг танишларим бор. Танишим бўлгани учун мен хатимни жўната олдим. Бўлмаса бу хатлар текширилади. Мактубларнинг биздан Чехияга чиқиб кетиши осон эмас. Мактуб почтага очиқ қилиб берилиши керак.

Озодлик: Сизнинг хатингиз почта ходимларига очиқ ҳолда берилиши керакми?

Ҳазратқул Эрназаров: Ҳа. Мен охиригача ўрганиб кейин 20 варақ қилиб жўнатиб берган эдим.

Озодлик: Сизнинг ўша пайтда жўнатган хатингиз 20 варақ бўлгани учун қимматроқ бўлганми?

Ҳазратқул Эрназаров: Ҳа. Оғирлиги ҳам оғир эди. 20 ëки 22 варақ эди. Масофа ҳам узоқку. Самолëтда олиб кетиладида бу. Темирйўлники арзон¸ самолëтники қиммат.

Озодлик: Сиз Чехияга нимада жўнатгансиз хатни?

- Мен самолëтда жўнатганман, дейди Ҳазратқул Эрназаров.

Эндиликда Чехияга хат жўнатиш қанчага қимматлаганини билиш мақсадида "Ўзбекистон почтаси" очиқ акциядорлик жамиятига қўнғироқ қилиб, жамиятнинг режалаштириш бўлими ходимасидан қўйидагиларни аниқладик.

- Бизларда ҳозир посылкалар 50 фоизга қимматлаган. Расчëт бўйича бизларда тўрт баробар кўпайиши керак эди. Бизларда 2002 йилдан буён ҳали бирор марта ҳам кўтарилмаган эди.

Озодлик: Масалан, Ўзбекистон ичкарисидан хорижга 1 килограмм посылкани жўнатмоқчи бўлишса, дейлик Францияга, нарх олдин қанча эдию¸ ҳозир қанча бўлди?

- Франция бир килогача 7800 бўлган. Ҳозирги кунда 11 700 бўлди. 50 фоизга ошди.

Озодлик: Хат жўнатмалари қанчага ошди?

- Хатлар тахминан 20 фоизга ошган. 20 дан 33 фоизгача.

Озодлик: Масалан Чехияга хат жўнатиш олдин қанча эдию ҳозир қанча бўлди?

- Ҳозир 800 сўм.

Озодлик: Олдин қанча эди?

- 400 сўм (400 сўмлик тўлов 800 га айланган бўлса¸ демак хизмат ҳаққи 100 фоиз ошган бўлади - таҳр.)¸ дейди "Ўзбекистон почтаси" очиқ акциядорлик жамияти режалаштириш бўлими ходимаси.

Ўзбекистонда амалдаги қонунларга кўра, почта жўнатмалари тарзида хорижга ҳамма нарсани ҳам жўнатиш мумкин эмас.
"Ўзбекистон почтаси" очиқ акциядорлик жамияти почта алоқасини ташкил қилиш бўлими бошлиғи Саодат Матчонова аввало почта жўнатмаларига нималар киради, деган саволга аниқлик киритди.

Саодат Матчонова: Почта жўнатмалари деганда аҳоли хат-хабар¸ посылка, баҳоли хат¸ баҳоли бандeрол¸ буюртмали бандeрол¸ буюртмали хат¸ электрон пул ўтказмалари¸ телеграф пул ўтказмалари почта пул ўтказмаси бор.

Озодлик: Шу нарсалардан аҳоли фойдаланадими? Шуларнинг барчаси бўйича хизмат кўрсатасизларми?

- Ўзбекистоннинг любой жойида почта объектларимиз томонидан мана шу хизматларнинг ҳаммаси кўрсатилади, деди Саодат Матчонова.

Юқорида сирдарёлик Ҳазратқул Эрназаров хорижга хат жўнатиш осон эмаслигини тилга олиб ўтди.

Саодат Матчонова ҳам хорижга почта жўнатмаларини жўнатиш осон бўлмай, жўнатиш тақиқланган нарсалар жуда кўплигини тасдиқлайди.

- Бизда посылка жўнатмоқчи бўлсангиз¸ ичидаги ҳар битта нарса текшириб кўриб қабул қилинади. Масалан¸ бизда бадиий китоблар бор¸ қадимий ўз қийматига эга китобларимиз бор. Китоблардан ташқари антиквар нарсалар борку¸ шу нарсаларни жўнатиш мумкин эмас. Масалан¸ қурол-аслаҳа юбориш мумкин эмас. Портловчи моддалар¸ уларнинг қисмлари¸ наркотик моддаларни юбориш мумкин эмас. Посылканинг ичида пул ëки валюта юбормоқчи бўлсангиз¸ бу нарсалар қабул қилинмайди. Озиқ-овқатлардан тез бузиладиган нарсалар ҳам қабул қилинмайди. Қиммат турадиган қўлëзмалар бўлса ҳам жўнатилмайди. Бунинг учун Маданият вазирлигидан рухсат олиш керак бўлади. Ўшалар кўриб жўнатиш мумкинми ëки мумкин эмасми заключение беради. Улардан рухсат олингандан кейин¸ биз қабул қилишимиз мумкин, дейди Саодат Матчонова.

Замонавий технологиялар ривожланган бугунги кунда, кўплаб ўзбек хонадонларига ҳам интернет ва мобил телефонларининг кириб боргани кузатилади. Шундай бир шароитда ҳам¸ дейди Саодат Матчонова¸ ҳали ҳам одамларда хат ёзишишга эҳтиёж сақланиб қолган.

- Бор переписка. Хатларимиз тўхтагани йўқ. Олдингига нисбатан қисман камайган бўлса ҳам¸ хат ¸албатта ¸жўнатилади. Одамлар ҳали ҳам ёзишишади. Ўзбекистон республикаси бўйлаб ҳам¸ Ўзбекистон ташқарисига ҳам переписка ҳар доим бор, дейди Саодат Матчонова.

Ўзбекистон ичкарисида туриб, бир-бири билан хат орқали мулоқот қилмоқчи бўлганлар учун эслатиб ўтсак: 20 граммгача оғирликдаги оддий хатлар 100 сўм, айни шу оғирликдаги буюртма хатлар эса 260 сўм. Агар хорижга хат йўлламоқчи бўлсангиз, 10 грамми 800 сўм.

Муҳтарам муштарий, агар сизнинг Озодликка етказиш истагида бўлган фикр-мулоҳазаларингиз бўлса-ю, уни хат тарзида етказмоқчи бўлсангиз, почта манзилимизни эслатиб ўтсам.

Албатта¸ қимматлаганига қарамай хат йўлламоқчи бўлганлар учун:

Vinohradska 159-A, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
XS
SM
MD
LG