Линклар

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси ва маҳаллий қонун чиқариш органлари депутатларини сайлаш бўйича бугун эрталаб соат 6.00 да мамлакатдаги 3067 сайлов участкасида бошланган овоз бериш жараёни кечки соат 20.00 га қадар давом этиши керак.

Тожикистон хорижидаги фуқаролар учун турли мамлакатлардаги элчихоналар қошида 34 та сайлов участкаси ташкил этилган.

Агар сайловчиларнинг 50 фоиздан зиёдроғи (3,5 миллион сайловчининг ярмидан кўпроғи) овоз бериш жараёнида қатнашса, сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади.

Маҳаллий вақт билан соат 14 га қадар эса, Тожикистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 65 фоиз сайловчи овоз бериб бўлган.

Овоз бериш жараёнида Хатлон вилояти ва Тоғли Бадахшон мухтор вилояти сайловчилари пешқадамлик қилмоқдалар.

Еттита ҳимоя белгисига эга сайлов бюллетенлари тожик, рус, ўзбек ва қирғиз тилларида чоп этилган.

Парламентнинг қуйи палатасига 63 депутат сайланиши керак. Улардан 41 таси бир мандатли сайлов округларидан, 22 таси эса партия рўйхатлари бўйича умумреспублика сайлов округидан сайланади.

Умумреспублика сайлов округидан сайланиш учун Тожикистон Марказий сайлов комиссияси томонидан қайдга олинган саккиз партиядан 73 номзод депутатлик мандати учун курашмоқда. Бир мандатли сайлов округидаги 41 ўрин учун эса 144 номзод ўзаро куч синашмоқда.

Айни пайтда Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва Тожикистон Социал-демократик партияси вакиллари бир неча сайлов участкасида қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилгани ҳақида билдирдилар. Бир сайловчининг бир неча сайлов участкасида овоз бергани, партиялар кузатувчиларига тўсиқлар яратилаётгани ана шулар жумласидандир. Партиялар вакиллари қонунбузарликлар тўғрисидаги барча протоколлар мамлакат Марказий сайлов комиссиясига юборилгани ҳақида маълум қилдилар.

Тожикистондаги сайловларни 25 мингта маҳаллий ва 540 чоғли халқаро кузатувчи кузатиб бораяпти.

Сайловларнинг дастлабки натижалари душанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG