Линклар

Чили: зилзила қурбонлари 300 кишидан ортди


Чили президенти Мишел Бачелет шанба куни мамлакатда рўй берган кучли зилзиладан салкам икки миллион киши жабр кўрганини билдирди.

Расмий маълумотларга кўра, Рихтер ўлчови бўйича 8.8 баллни ташкил қилган зилзила оқибатида 300 дан ортиқ фуқаро нобуд бўлган.

Чили пойтахти Сантяго ва мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Консепсионда бинолар ва кўприклар қулаб, транспорт тизими, алоқа ва энергия тармоқларига жиддий шикаст етказилган. Пойтахтдаги халқаро аэропорт номаълум муддатга ёпилган.

Мамлакат президенти Мишел Бачелет вазиятни жиддий, деб баҳолаб, фуқароларнинг саросимага тушишга ҳожат йўқлигини таъкидлади.

- Мен фуқароларни осойишталикка чақираман. Зилзила бу табиий офатдир. Фуқароларимизни сабр-тоқатли бўлишга чақирамиз. Сизларни ишонтирмоқчиманки, қутқарув ишлари олиб борилмоқда, деди Чили президенти Мишел Бачелет.

Айни пайтда АҚШ ва ЕИ ёрдам кўрсатиш таклифи билан Чили ҳукуматига мурожаат қилдилар. Бироқ президент Мишел Бачелет ҳозирча Чили ҳукумати ўз кучи билан табиий офат оқибатларини бартараф этишга муваффақ бўлаётганини билдирди.

Шанба кунги зилзила оқибатида, шунингдек, Тинч океанида цунами ҳосил бўлда ва бир ярим метргача етадиган тўлқинлар кейинчалик Ҳавайи, Япония ва Россия қирғоқларигача етиб борди. Маҳаллий ҳукуматлар ушбу ҳудудлардан минглаб фуқароларни хавфсиз жойга эвакуация қилишга мажбур бўлдилар.

XS
SM
MD
LG