Линклар

Тожикистонда овоз бериш жараёни поёнига етмоқда


Мамлакат Марказий сайлов комиссияси вакилларига кўра, маҳаллий вақт билан 14.00 га қадар овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 65 фоизи бугунги сайловда овоз бериб бўлган. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 20.00 да ёпилади.

Парламент сайловларида мамлакатда рўйхатга олинган саккизта партия иштирок этмоқда.

Энг кўп номзод президент Имомали Раҳмон етакчилигидаги Халқ демократик партиясидан кўрсатилган ва таҳлилчилар фикрича, айнан президент партияси парламент сайловларида ғалаба қозониши мумкин.

Айни пайтда Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва Тожикистон Социал-демократик партияси вакиллари бир неча сайлов участкасида қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилгани ҳақида билдирдилар.

- Бир нечта сайлов участкасида биз бир шахснинг қайтадан ёки бошқалар учун овоз бериши ҳамда расмийларнинг сайлов участкасида расмга олиш ёки видеога туширишга рухсат бермагани каби қонунбузарчиликларни қайд этдик, деди Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбари Раҳматилло Зоиров.

Тожикистондаги сайловларни 25 мингта маҳаллий ва 540 чоғли халқаро кузатувчи кузатиб бораяпти.

Сайловларнинг дастлабки натижалари душанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG