Линклар

27 феврал куни рўй берган кучли зилзила ортидан Чилида янгидан ер силкиниши қайд этилди. Маҳаллий расмийларга кўра, кўрилган талафот ва вайронагарчиликлар кўламини аниқлашнинг ҳозирча имкони йўқ.

Расмий маълумотларга кўра, Рихтер ўлчови бўйича 8.8 баллни ташкил қилган шанба кунги зилзила оқибатида 300 дан ортиқ фуқаро нобуд бўлган.

Чили пойтахти Сантяго ва мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Консепсионда бинолар ва кўприклар қулаб, транспорт тизими, алоқа ва энергия тармоқларига жиддий шикаст етказилган. Пойтахтдаги халқаро аэропорт номаълум муддатга ёпилган.

Айни пайтда Консепсион шаҳри ҳокимига кўра, юздан ортиқ киши шанба кунги зилзиладан сўнг қулаган қўп қаватли бино вайроналари остида қолмоқда ва айни пайтда у ерда қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Чили президенти Мишел Бачелета шанба куни мамлакатда рўй берган кучли зилзиладан салкам икки миллион киши жабр кўрганини билдирди.

Мамлакат президенти вазиятни жиддий деб баҳолаб, фуқароларнинг саросимага тушишга ҳожат йўқлигини таъкидлади.

- Мен фуқароларни осойишталикка чақираман. Зилзила бу табиий офатдир. Фуқароларимизни сабр-тоқатли бўлишга чақирамиз. Сизларни ишонтирмоқчиманки, қутқарув ишлари олиб борилмоқда, деди Чили президенти Мишел Бачелет.

Пойтахт Сантягода эса фуқаролар тунни кўчада ўтказишни афзал кўришларини айтмоқдалар.

- Бино ичкарисига киришни истамаймиз. Зилзила рўй берган маҳал барчамиз ваннага кириб олдик. Тунни эса кучада ўтказишни режалаштирмоқдамиз, дейди Сантягода истиқомат қилувчи Роза Каледон.

Шанба кунги зилзила ортидан Ҳавайида жойлашган АҚШ тадқиқот маркази Тинч океани ҳудудидаги давлатлар учун цунами хавфи борлиги ҳақида эълон қилди. Бироқ мазкур сигнал бугун бекор қилинган бўлса-да, айрим давлатлар хавфсизлик чоралари кўришни афзал кўрмоқда.

Чилидаги зилзила оқибатида Тинч океанида цунами ҳосил бўлди ва бир ярим метргача етадиган тўлқинлар кейинчалик Ҳавайи, Япония ва Россия қирғоқларигача етиб борди. Маҳаллий ҳукуматлар ушбу ҳудудлардан минглаб фуқароларни хавфсиз жойга эвакуация қилишга мажбур бўлдилар.

Айни пайтда АҚШ ва ЕИ ёрдам кўрсатиш таклифи билан Чили ҳукуматига мурожаат қилдилар. Бироқ президент Мишел Бачелет ҳозирча Чили ҳукумати ўз кучи билан табиий офат оқибатларини бартараф этишга муваффақ бўлаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG