Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:31

Тожикистон сайлов натижаларини кутмоқда


Президент Имомали Раҳмон Тожикистонда якшанба куни бўлиб ўтган сайловларни мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа, деб таърифлади.
Президент Имомали Раҳмон Тожикистонда якшанба куни бўлиб ўтган сайловларни мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа, деб таърифлади.

Тожикистонда 28 феврал куни бўлиб ўтган парламент сайловларида сайлов рўйхатига киритилган уч ярим миллион сайловчидан 85 фоиздан ортиқроғи овоз бериш жараёнида қатнашган.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 63 ўрин учун аввал парламент таркибида бўлган Тожикистон Халқ демократик партияси, Коммунистик партия ва Ислом уйғониш партиясидан ташқари яна беш партия кураш олиб борди.

Аксар кузатувчиларнинг ишонишича, мамлакатни 17 йилдан буён идора этиб келаётган президент Имомали Раҳмоннинг партияси бўлмиш Халқ демократик партияси бундан буён ҳам парламентни назорат қилишда давом этади.

Парламент қуйи палатасидаги 63 депутатлик курсисидан 50 дан зиёдини ҳозирда президент Раҳмон партияси эгаллаб турибди.

Шунингдек, кеча бўлиб ўтган парламент сайловлари президент Имомали Раҳмоннинг ҳокимиятини мустаҳкамлаш билан бирга 23 яшар ўғли Рустам Имомалини ўзига меросхўр этиб тайинлаш уриниши сифатида ҳам кўрилмоқда.

Душанбе шаҳар кенгашига номзодини қўйган Рустам якшанба кунги овоз бериш пайти отаси Имомали Раҳмон билан ёнма-ён телеэкранларда пайдо бўлди.

Мухолифатдаги Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий, шунингдек, Социал-демократик партия раҳбари Раҳматулло Зойиров сайловларда қонун бузилишларига йўл қўйилганини айтишмоқда.

- Кўпгина сайлов участкаларида бир сайловчи бир қанча сайлов бюллетенини қутичага ташлаб кетиши каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлди. Сайлов расмийлари эса участкаларда овоз бериш жараёнини тасвирга олишга рухсат бермади. Улар овоз бериш жараёнини кузатиб борувчи ускуналарга ҳам тақиқ ўрнатди, деди Раҳматулло Зойиров.

- Бу сафарги сайловлар 2005 йилгига қараганда адолатлироқ ўтади, деб умид қилган эдик. Лекиновоз бериш участкаларидан олаётганимиз маълумотлар маҳаллий амалдорларнинг ҳали ҳам шаффоф, демократик сайловларга тайёр эмасликларни намоён этмоқда, деди Муҳиддин Кабирий.

Ўз мухолифлари танқидларига қарамай, президент Имомали Раҳмон якшанба кунги сайловларни мамлакати ҳаётидаги муҳим воқеа, деб таърифлади.

- Сайловларни қанча шаффоф, эркин ва демократик ўтказсак, бу мамлакат обрўси ва халқи равнақи учун шунча яхши, деди Имомали Раҳмон.

Қишнинг охирги куни Тожикистонда ўтказилган сайловларни 25 мингта маҳаллий ва 540 чоғли халқаро кузатувчи кузатиб борди. Улар Марказий Осиёнинг бу мамлакатидаги сайловлар ҳақида ўз хулосаларини ҳали эълон қилганларича йўқ.

Сайловнинг дастлабки натижалари ҳам мамлакат Марказий сайлов комиссияси томонидан бугун тушдан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG