Линклар

Қўшнилар Каримов қароридан мамнун

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон минтақа ягона энерготизимидан чиқиб кетганидан буён, тожикистонликлар эътирофича, улар ҳаётида чироқсиз, зимистон тунлар камайган.

Ўзбекистон минтақа ягона энерготизимидан чиқиб кетганидан буён, тожикистонликлар эътирофича, улар ҳаётида чироқсиз, зимистон тунлар камайган.

Аксарият тожикистонликлар Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энергетик тармоғидан чиқиб кетганидан сўнг мамлакатда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгарганини айтмоқдалар.

Электр энергияси тақчиллиги борасида сўз кетса, кўпчилик тожикистонликлар ўтган икки йил ичида чеккан азобларини эслаб кетади.

- Кўп азоб кунларни кўрган эдик. Қаттиқ қишларда ҳам свет йўқлигидан қоронғида, совуқ уйларда ўтирардик. Касалхоналарда одамлар қийналди, чақалоқлар ўлди, дейди Рудакий туманида яшовчи Олмахон.

Лекин бу йил Олмахон ва унинг юртдошлари электр танқислиги билан боғлиқ муаммолар оз бўлса-да, ҳал бўлганини айтмоқдалар.

- Свет беш соат эрталаб, беш соат кечқурун берилаяпти, Байрамларда бир кунлаб свет берилаяпти. Мана, кечаги сайловда кечаю-кундуз светларимиз ёниб турди. Бу йил электр бемалол, дейди республика чекка қишлоқларидан бирида яшаётган Гўзал ая.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йил декабр ойи бошидан Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энергетика тармоғидан чиқиб кетган эди.

Кўпчилик тожикистонликлар электр таъминоти билан боғлиқ вазият айнан Ўзбекистоннинг шу қарори ортидан яхшиланди, дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

- Кўп газета ўқиб, радио эшитиб тураман. Бизнинг нафси ёмон, инсофсиз амалдорларимиз халқни алдаб: “Норак сув омборида сув камайибди, у бўлди, бу бўлди” деган баҳоналар билан электрни сотар эди. Ўзбекистон Марказий Осиё тизимидан чиқиб кетганидан кейин бу беимонлар светни сота олмай қолди. Шундан сўнг халққа анча яхши бўлди. Менимча, Ислом Каримов шу қарори билан тожикистонликларнинг савобини олди, дея мулоҳаза билдиради дастлабки суҳбатдошимиз Олмахон.

Аснода тожикистонликлар орасида ҳукумат Роғун ГЭС қурилишига аҳолини жалб этиш мақсадида электр таъминотини имкон қадар яхшилаб, халқ ишончини қозонишга уринаётган бўлиши мумкин, дегувчилар ҳам топилади.

- “Одамлар Роғунга маблағ берсин” деган мақсадда қилинаяпти бу ишлар, дейди Бахтиёр Мўминов исмли суҳбатдошимиз.

Аммо соҳа бўйича мутахассис, мустақил кузатувчи Ғуломиддин Сайфиддинов бу фикрларга қўшилмайди. Унингча, Тожикистонда Жануб-Шимол электр узатиш тармоғи фойдаланишга топширилганидан сўнг ҳукумат айрим мулозимлари томонидан “электр ўғирлаш” ишларига чек қўйилди ва республикада электр таъминоти яхшиланди.

- Мен буни юзлаб марта айтганман. Яна қайтараман - “Барқи тожик” ширкати собиқ раиси Самиев бошлиқ гуруҳ минглаб, миллионлаб кВт/соат электрни Ўзбекистонга ноқонуний равишда сотарди. Ундан кейинги раис Санъат Раҳимов ҳам шундай йўл тутди. Лекин мана Жануб-Шимол электр узатиш тармоғи ишга тушганидан сўнг улар ўғирлик электрни сота олмай қолишди, дейди Ғуломиддин Сайфиддинов.

“Демак, сизнингча ҳам Тожикистонда электр таъминотининг яхшиланишида Ўзбекистон ҳукумат расмийларининг ҳиссаси бор, шундайми?” дея сўраймиз соҳа мутахассисидан.

- Йўқ, ундай эмас. Аксинча, Жануб-Шимол тармоғи ишга туширилгандан сўнг Регар-Ғузор, Регар-Сурхон, Регар-Гулча каби тўртта электр узатиш тармоғи узиб қўйилди. Бу тармоқлар Норак ГЭСининг биринчи ва олтинчи агрегатлари ишлаб чиқарган катта миқдордаги электрни Ўзбекистон томонга узатиб берар эди. Ўшандан кўпи ноқонуний сотиларди. Ўзбекистон Жануб-Шимол ишга солинса, бу тармоқлар узиб қўйилишини олдиндан билар эди. Шуни назарга олган ҳолда, Каримов аввалдан отни қамчилаб, ”Биз Марказий Осиё тармоғидан чиқамиз” дея эълон қилди, дер экан Ғуломиддин Сайфиддинов Марказий Осиё ягона электр тармоғи шўролар замонидаёқ ўз умрини яшаб бўлганини қўшимча қилади.

Ундаги маълумотларга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида электр олди-бердиси узилиб қолганидан кейин Норак ГЭСи ишлаб чиқараётган электрни ноқонуний сотиш тахминан 60-70 фоизга қисқарган.

- Шунинг учун халққа анча енгиллик бўлди, дейди Ғуломиддин Сайфиддинов.
XS
SM
MD
LG