Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:50

Журналист қотиллари шартли жазо олишди


Милиционерлар томонидан дўппосланган журналист Алмаз Ташиев ўтган йилнинг 12 июл куни Ўш касалхонасида жон берганди.
Милиционерлар томонидан дўппосланган журналист Алмаз Ташиев ўтган йилнинг 12 июл куни Ўш касалхонасида жон берганди.

Ўзининг кескин чиқишлари билан танилган қирғиз журналисти Алмаз Ташиев ўлимида гумонланмиш милиционерлар ўз лавозимини суиистеъмол қилганликдагина айбланиб, 5 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Шу йилнинг 25 феврал куни бўлиб ўтган маҳкамада давлат қораловчиси Ўш вилоятига қарашли Новқат тумани Исанов қишлоқ округининг собиқ участка инспектори Шукурбек Нурматов ҳамда Янгибозор милиция бўлимининг собиқ ходими Нурғази Батирбек ўғли хизмат лавозимини суиистеъмол қилиб, журналист Алмаз Ташиевни калтаклагани суд жараёнида исботлаганлигини айтар экан, иккаласини ҳам 16 йилга кучайтирилган тартибдаги қамоқ жазосига ҳукм қилинишини сўради.

Давлат қораловчиси илтимосини марҳум журналистнинг ҳимоячиси Таир Асанов ҳам қўллашини билдирди:

- Менимча, бу жиноят иши ҳар тарафлама тўла ўрганилган. Нурғази Батирбек ўғли ва Шукурбек Нурматовнинг Алмаз Ташиевни калтаклагани тўла исботланган, деди Таир Асанов.

Бироқ айбланувчиларнинг ҳимоячиси Нурбек Бекетаев суд жараёнида милиционерларга қўйилган айбловлар ўз исботини топмаганини айтди:

- Ҳимоямдаги Шукурбек Нурматов ва Нурғази Батирбек ўғлининг айбдорлиги исботланмади. Сабаби жабрланувчини маст аҳволда наркологик текширувдан ўтказгани олиб кетаётган уч милиция ходими уни 4-5 соат номаълум ерда олиб юриб, номаълум ишлар қилгани ўша милиция ходимларининг берган кўрсатмасидан аниқланди. Бу эса тергов огранлари томонидан ўрганилган эмас. Қолган икки гувоҳнинг кўрсатмаси эса ёлғон кўрсатма, деб ўйлайман, деди Нурбек Бекетаев.

Пировардида айбланувчилар Шукурбек Нурматов ва Нурғази Батирбек ўғли Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан, шартли равишда 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

- Жазо муддати шартли равишда, деб ҳисобланиб, ҳар бирига 2 йилдан синов муддати белгилансин. Жазо чораси сифатида улардан мамлакатни тарк этмаслик тўғрисида тилхат олинсин. Жазо шартли равишда бердик. Маҳкамада хизмат лавозимини суиистеъмол қилганлик исботланди, деди маҳкамада раислик қилган Новқат туман суди судяси Марс Исманов.

Унинг айтишича, воқеага алоқадорликда гумонланаётган яна уч милиция ходимига доир жиноят иши алоҳида тергов қилиниши учун Новқат туман прокуратурасига жўнатилган.

Бироқ марҳум журналист Алмаз Ташиевнинг яқинлари суд ҳукмидан рози эмаслар. Улар журналист ўлимига алоқадор барча милиция ходимларини жазоланишини сўраб Ўш вилоят судига ариза беришмоқчи.

2009 йилнинг 4 июли куни Новқат туман милиция ходимлари томонидан калтакланган 33 ёшли журналист Алмаз Ташиев воқеанинг эртаси куни Новқат туман касалхонасига ётқизилган. Бироқ соғлиги яхшиланмаганидан сўнг 10 июлда Ўш вилоят касалхонасига жўнатилган ва шошилинч операция қилинган. Ташиев операциядан сўнг ҳушига келмай, икки кундан кейин вафот этган.

Айтиб ўтиш керакки, журналист Алмаз Ташиев касалхонада ётган пайтда бир неча соатгагина ҳушига келган. Ўшанда Озодлик радиосининг қирғиз хизмати мухбирига у авваллари Янгибозорда ишлаётган айрим милиция ходимлари ҳақида танқидий мақолалар ёзганини, ўзининг калтакланишини эса ана шу мақолалар учун ўч олиш, деб ўйлаётганини айтганди:

- Мени калтаклаган милиция ходимлари бошлиғи Боткен шаҳрида ҳам анча ноқонуний ишлар қилганидан хабарим бор эди. У Янгибозор милициясига бошлиқ бўлиб келгач ҳам халққа солиқ солиб, ноқонуний ишлар билан банд бўлаяпти. Мен соғайиб чиқсам, албатта унинг жиноий жавобгарликка тортилишига эришаман, деган эди журналист Алмаз Ташиев ўлимидан бир неча кун аввал.
XS
SM
MD
LG