Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинди


Тожикистон Марказий сайлов комиссияси масъуллари сайловнинг дастлабки натижаларга кўра, парламентга фақат уч партия вакиллари кириши мумкинлигини билдирдилар.
Тожикистон Марказий сайлов комиссияси масъуллари сайловнинг дастлабки натижаларга кўра, парламентга фақат уч партия вакиллари кириши мумкинлигини билдирдилар.

Тожикистон МСК дастлабки маълумотларига кўра, 28 феврал куни бўлиб ўтган сайловда президент Имомали Раҳмон етакчилик қилувчи Халқ демократик партияси сайловчиларнинг 72 фоиз овозини қозонолган.

Тожикистон Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, 28 феврал куни мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида Тожикистон халқ демократик партияси 71,69 фоиз, Ислом уйғониш партияси 7,74 фоиз ва Коммунистик партия эса 7,22 фоиз овоз йиға олган.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоали Болтуевнинг билдиришича, 2010 йилдан эътиборан парламентда фақат шу уччала партия вакиллари фаолият кўрсата олади.

- Тожикистон Республикасининг сайловлар тўғрисидаги қонунига мувофиқ, беш фоиздан кўпроқ овоз олган партиялар номзодлари парламент депутати сифатида эътироф қилинади, деди Марказий сайлов комиссияси расмийси Мирзоали Болтуев.

МСК вакиллари парламент сайловларида мухолифатдаги Тожикистон Социал демократик партияси энг кам овоз йиға олганини ҳам маълум қилдилар. 1 март куни эълон қилинган дастлабки натижаларга қараганда, мазкур партия сайловда 0,72 фоиз олган.

Тожикистон Социал демократлар раҳбари Раҳматулло Зоиров сайловнинг дастлабки натижаларидан қониқмаганини билдирди.

- Бизнинг партиямиз 0,72 фоиз овоз олганига доир хулоса ҳақиқатдан йироқ. Агар ҳақиқатни гапирадиган бўлсак, партия рўйхатлари бўйича биргина Душанбе шаҳрида биз бундан 5, ҳатто 7 баробар ортиқ овоз олганмиз. Агар сайлов шаффоф ўтганида эди, биз беш эмас, 15 фоиз овоз олган бўлардик, дейди Раҳматулло Зоиров.

Социал демократлар лидери қаторида Тожикистон Коммунистлар партияси раиси Шоди Шабдолов ҳам сайлов натижаларини нолегитим, дея баҳолади.

- Овозларни санаш чоғида бизга берилган овозлар йўқолиб қолганини мен тўла ишонч билан расман эълон қиламан. Сайлов натижалари жуда усталик билан қалбакилаштирилганига шубҳа йўқ, дейди Шоди Шабдолов.

Айни пайтда бу иккала сиёсий партия раҳбарлари сайлов натижалари юзасидан Олий судга ариза ҳозирлашганини билдирдилар.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий ҳам парламент сайловлари натижаларидан кўнгли тўлмаганини маълум қилар экан, “бу сайлов эмас, балки бир комедия эди”, дея билдирди.

Аснода Тожикистондаги парламент сайловларини кузатиб борган МДҲ ва ШҲТ каби халқаро ташкилотлар кузатувчилари сайловларнинг демократик, шаффоф ўтганини билдириши баробарида сайлов натижаларини легитим, деб баҳолашмоқда.

- 28 феврал куни Тожикистонда бўлиб ўтган парламент сайловларига объектив баҳо бериш мақсадида кеча тахминан 43 та сайлов участкасида бўлдик. Кузатувларимиздан хулоса қилиб шуни айтаманки, Тожикистонда парламентга сайловлар шаффоф, эркин ва демократик ўтди, дея маълум қилди Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар халқаро кузатувчиларидан иборат делегация раҳбари Михаил Коноровский.

Бироқ ЕХҲТ халқаро кузатувчилар гуруҳи раҳбари Артис Пабрикс Тожикистонда бўлиб ўтган сайловлар кўп жиҳатлари билан халқаро меъёрлар талабига жавоб бермаслигини маълум қилди.

- Бизнинг 200 нафар кузатувчимиз Тожикистондаги парламент сайловларини кузатди. Биз ўз хулосаларимизни бир ойдан сўнг эълон қилиш баробарида Тожикистон ҳукуматига баъзи тавсияларини ҳам беришни назарда тутганмиз. Чунки Тожикистонда бўлиб ўтган сайловлар, бизнинг фикримизча, халқаро талабларга жавоб бермайди, дея маълум қилди бугун куннинг иккинчи ярмида кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган ЕХҲТ расмийси.
XS
SM
MD
LG