Линклар

logo-print

Каражич "серблар шарафи"ни ҳимоя қилмоқда


Радован Каражиж судда ўзини ўзи ҳимоя қилишга уринмоқда.

Радован Каражиж судда ўзини ўзи ҳимоя қилишга уринмоқда.

Ҳаагадаги халқаро трибуналда Босния серблари собиқ етакчиси Радован Каражич устидан маҳкама жараёни қайтадан ўз ишини бошлади. Каражич ўз қилмишларини ҳимоя қилар экан Босния уруши серблар учун “ҳақ ва шараф иши” бўлганини таъкидлади.

Уруш жиноятлари ва геноцидда айбланаётган Босния серблари собиқ етакчиси Радован Каражич 1 март куни қайта бошланган маҳкама жараёнида ўз ҳимоясига оид далилларни келтира бошлади.

Собиқ Югославия бўйича БМТ халқаро трибунали Каражични жами 11 жиноят, жумладан, геноцид, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши оғир жиноятлар содир этганликда айбламоқда.

Прокурорларнинг билдиришича, Каражич Босния шарқида фақат серблардан иборат давлат ташкил қилиш мақсадида маҳаллий мусулмонлар ва хорватларга қарши уруш кампанияси олиб борган. Мазкур кампания чоғида Каражич қўшинлари 44 ой давомида Сараевони қамал қилиб, Сребреница шаҳрида 8 мингга яқин босниялик мусулмонни қириб ташлаган.

Босния серблари собиқ етакчиси эса душанба кунги маҳкамада собиқ Югославия уруши чоғида серблар ўзларини фундаменталист мусулмонлардан ҳимоя қилганларини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Босния урушининг биринчи қурбонлари мусулмонлар томонидан ўлдирилган серблар бўлган.

-Мусулмонларнинг бундай ҳаракатлари бизни оёққа туришга мажбур қилди, деди жумладан Каражич.

Серблар етакчиси барча жиноятларда айбдор деб топилгудек бўлса, унга умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бироқ Каражич барча айбловларни инкор қилиб келмоқда ва у маҳкама давомида босниялик сербларнинг 500 йил давомида мусулмонлар томонидан таъқиб қилинганини исботлаш иштиёқида эканини билдирди.

-Мен бу ерда ўзимни ҳимоя қилиш учун эмас, балки 500 йил давомида уқубатларга дучор бўлган ва озодлик учун кураша олишини намойиш қила олган Босния-Ҳерцеговина каби кичик миллатни ҳимоя қилиш учун турибман, деди Каражич.

Босния серблари етакчиси, шунингдек, маҳкамада ўзини ўзи ҳимоя қилишини билдирди.

-Мен ўз халқим ва унинг ишларини ҳимоя қиламан, зеро бу сербларнинг ҳақ ва шарафли ишидир, шунинг учун ҳам мен ўзимни ва халқимни ҳимоя қила оламан¸ деди сербларнинг собиқ етакчиси.

Каражич фикрича, 1990 йиллардаги Босния уруши серблар ёки босниялик серблар сиёсатининг ҳосиласи эмас, булки Хорватия ва Босния мусулмон еткчиларининг мустақилликка эришишга бўлган уринишларининг натижасидир.

Каражич, шунингдек, Югославиянинг парчаланиб кетишида Германия ва Ғарб давлатлари дипломатиясини айблади.

Ҳаага трибунали давом этар экан Сребреница қурбонларининг яқинлари маҳкама ўтаётган бино ташқарисида пикет ўтказиб, Ҳаага трибуналини Каражич маҳкамасини кечиктирмасдан ниҳоясига етказишга чақирдилар.

-Қатлиом жабрдийдалари ҳануз тирик экани ва одил ҳукм чиқарилишини ҳануз кутаётганимизни бутун дунёга намойиш қилиш мақсадида бугун биз мана шу ерга тўпландик, дейди Сребреница оналари ташкилоти вакилларидан Мелина Ҳазиселимович.
XS
SM
MD
LG