Линклар

logo-print

Шавкат Мирзиëев ëзувчиларга васий бўлди

  • Сарвар Усмон

Бош вазир Мирзиëев¸ президент фармонига мувофиқ¸ янги ташкил этилган "Ижод" жамғармасининг васийлар кенгашини бошқарадиган бўлди.

Бош вазир Мирзиëев¸ президент фармонига мувофиқ¸ янги ташкил этилган "Ижод" жамғармасининг васийлар кенгашини бошқарадиган бўлди.

Ислом Каримов 26 феврал куни "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида "Ижод" фондини ташкил этиш тўғрисида" қарор имзолади. Матни каттагина бўлган мазкур ҳужжат билан танишган одамда Ўзбекистон ҳукумати адиб ва адабиётга эътибор бера бошлабди, деган фикр пайдо бўлиши мумкин.

Ўзбекнинг ҳам том, ҳам кўчма маънодаги отахон адибларидан бири, бир кам 90 га кирган Шукрулло домланинг мана бу ҳикояси бугунги Ўзбекистонда адиб ва адабиётга муносабат аҳволини яхши ифодалайди.

- Битта нашриëтнинг директори янги бўлибди. Телефон қилиб “Муборак бўлсин” десам¸ “Сиз кимсиз?” деди. “Мен ëзувчи Шукрулломан” десам¸ “Фамилиянгиз нима?” дейди. Мана сизга аҳвол. Адабиëтнинг тарғиботи¸ дейди Шукрулло домла.

Адиб ва адабиёт аҳволининг аянчли эканлигини Ўзбекистон президенти ҳам тушуниб қолганми, ҳар ҳолда, ўрганаётганимиз қарордан мақсад, унинг муқаддимасида жумладан “адабиётимиз равнақи учун зарур шарт-шароитлар яратиш”, деб ҳам белгилаб қўйилган.

Қарор бандларидан бирида уқтирилишича, тузилажак “Ижод” фонди олдига қўйилган вазифалардан бири “кекса авлодга мансуб Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоларига аниқ йўналтирилган моддий ёрдам кўрсатиш”дир.

Отахон адиб Шукрулло ўша “кекса авлод” вакили. Айтишича, Ёзувчилар Уюшмаси борми-йўқлигидан унинг хабари ҳам йўқ.

Озодлик: Домла¸ кейинги йилларда союз сиздан хабар олдими?

Шукрулло: Ëзувчилар союзими?

Озодлик: Ҳа.

- Бу сизларнинг ҳеч нарсадан хабаринглар йўқ, шекилли. Битта мендан эмас¸ хоҳлаган ëзувчингиздан сўрасангиз¸ кўпчилиги союзнинг қаерда эканлигини билмайди. Қадимги вақтда Ëзувчилар союзида 500-600 нафар одам залда йиғиларди. Ҳозир энди нима бўлаяпти газетада ўқиб қоламиз. Мана бунақа мажлис бўлди дейди. Бештами¸ олтитами одам йиғилган. Союзнинг ўзига алоқадор журналист¸ журнал ва газетанинг редакторлари. Жамоатчилик уни билмайди¸ дейди Шукрулло домла.

Шукрулло домланинг бу сўзлари фонида “Ижод” фондига юклатилаётган мана бу вазифа ҳам жозибали кўринади:

“Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг самарали ижодий фаолиятини таъминлаш мақсадида улар учун зарур маиший, тиббий хизматлар кўрсатиш ва бошқа шарт-шароитлар яратиш”.

Демак, Ўзбекистон раҳбари қарори билан янги ташкил этиладиган “Ижод” фондига совет давридаги Ёзувчилар уюшмаси ва Адабиёт жамғармасининг вазифалари юклатиляпти.

Ўша даврда уюшмада 10 йилдан зиёд ишлаган шоир Ёдгор Обид уюшма аъзоларига яратилган шарт-шароитлар ҳақида айтиб берди.

- Ëзувчилар союзига аъзо бўлган одам бирор идорада¸ бирор ташкилотда ишламасдан яшаш ҳуқуқига эга бўлади. Фақат ижод билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу биттаси. Ҳар йили бир-икки марта дам олиш уйларига бориш¸ Ўзбекистон Ëзувчилар союзининг боғида дам олиш каби имконлар бор эди. Бундан ташқари баъзи ëзувчиларга маълум муддатга стипендия ташкил қилишган. 100 сўм атрофида бўлади. У пайтда 100 сўмга тирикчилик қилса бўларди¸ дейди шоир Ëдгор Обид.

Шоир Ёдгор Обид совет адиблари учун яратилган имтиёзларнинг ҳаммасини санаб улгургани йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам “Ижод” фондини ташкил қилиш билан ўша имтиёзларни қайта тикламоқчига ўхшайди.

Қарорда мана бундай дейилган: “... Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Заҳира жамғармасидан Фондга унинг айланма маблағларини шакллантириш мақсадида 2010 йилда 100,0 млн сўм маблағ ажратишни, шунингдек, зарур бўлган ҳолатларда, кейинги йилларда маблағ ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритишини таъминласин”.

Ҳужжат тилини ўзбекчага таржима қилсак, “бу йилча, майли иккита машинанинг пулини бериб турамиз, кейин ўзларинг бир амаллайсанлар”, деган мазмун чиқади.

Тўғри, қарорга биноан “Ижод” фондига анча-мунча мулк ўтказиб берилмоқда, фонд 2015-йилгача солиқлардан озод қилинмоқда.
Лекин "Ижод" кейинги йилларда тирикчилик ташвишида ижоддан узоқлашиб, қандайдир бир ширкатнинг кадрлар бўлимида қоғоз тахлаб ўтиришга, кутубхонасидаги китобларини ўзи сотишга уялиб, хотинини соттиришга мажбур бўлаётган ўзбек адибига ёрдам бера оладими?

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан бошлаган журналист Абдураҳмон Ташанов саволимизга дадил “Ҳа” деб жавоб бера олмади.

- 1996 йилда Хуршид Дўстмуҳаммад бошчилигида матбуотни қўллаб-қувватлаш ва демократлаштириш фонди ташкил қилинди. Ўша фонда ҳам бошида 30-40 та машина берилди¸ катта-катта маблағлар берилди. Мана шуни журналистларнинг ичидан чиққан коррупцион доиралар еб битирди. "Ижод" фонди ҳам худди шунақа бўлади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Президент қарорида айтилишича, "Ижод" фонди "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт фонди негизида" тузилади.

Адабиёт фонди совет даврида Ёзувчилар уюшмасидан айри мустақил ташкилот эди.

Ёзувчи Ҳамроқул Асқар ўша мустақил ташкилотнинг Ўзбекистон бўлимини бошқарган сўнгги раҳбардир.

Ҳамроқул акадан кейин Адабиёт жамғармаси Ёзувчилар уюшмасига ўтказиб берилган эди.

Тузилаётган фонд ҳақида гапирар экан, адиб бундай деди:

- Бу таклиф қанчалик ҳаëтга жорий бўлади¸ мен буни билмайман. Адабиëт жамғармасининг молиявий аҳволини тиклашига ҳозир менинг кўзим етмайди. Кейин бунга қонунни ҳал қиладиган бўлсак¸ бугунги кунда барибир мавжуд бўлган Адабиëт жамғармасининг аъзоларининг розилиги керак бўлади. Чунки бу 100 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган жамғарма. У бугун ташкил қилинган жамғармага қўшиб юборилса¸ унда жамғарма аъзоларининг улуши¸ уларнинг муносабати қандай бўлади? Буни қонуний таҳлил қилиб¸ экспертиза хулосасини олиш керак бўлади¸ дейди ëзувчи Ҳамроқул Асқар.

Хуллас, "Ижод" жамғармасини тузиш тўғрисидаги президент қарори жавоблардан кўра саволларни кўпайтирди.

"Ёзувчилар уюшмаси" аталмиш ташкилот, аслида, большевиклар ихтироси бўлиб, унинг аъзолари коммунистик мафкуранинг тарғиботчилари эди. Боя Ёдгор Обид тилга олган имтиёзлар садоқат учун тўланган ҳақ эди.

"Ижод" жамғармаси ана ўша институтни реанимациялашга уриниш эмасми?

"Ижод"нинг васийлар кенгашини Бош вазир Шавкат Мирзиёев бошқарадиган бўлди. Бу ниманинг аломати?

Булар президент қарори пайдо қилган саволлардан баъзилари холос. Уларга жавоб излашда давом этамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG