Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:14

Суд ҳукм палласига кирди


Ҳасан Асадовнинг ўлими ва Анвар қори Турсуновга суиқасдга алоқадорликда айбланаëтганлар устидан Чирчиқ шаҳрида ўтаётган маҳкама давомида давлат айбловчиси 15 нафар судланувчининг ҳар бирига 15 йилдан 20 йилгача жазо белгилашни сўраган.

Норасмий манбаларга кўра¸ қамалганлар сони 200 дан ошиб қолган Ҳасан Асадов ва Анвар қори иши бўйича айбланаëтганлар устидан суд жараëнлари мисли кўрилмаган махфийлик даражасида ўтаётганлиги, маҳкама ишларида судланувчиларнинг яқинлари ҳам иштирок эта олмаётганлари ҳуқуқ ҳимоячиларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ўзининг кўп йиллик амалиёти даврида у илк марта бу қадар ёпиқ маҳкамаларнинг гувоҳи бўлиб турибди. Ҳатто давлат томонидан тайинланган адвокатларга маҳкама жараёни якуний босқичга кирганига қарамасдан айблов хулосалари берилмаган.

- Демак¸ давлат адвокатларига ҳам айблов хулосалари фақат судга келганидан кейин берилар экан. Суд иш куни тугагандан кейин бу нарса кўчага чиқиб кетмасин¸ деган мақсадда ҳаммасидан териб олинар экан. Тарихда мен ҳали бунақасини эшитмаганман. Нимагаки¸ айблов хулосалари ҳар доим адвокатларда бўлиши керак. Уларни ўрганиши керак. Ўргангандан кейин улар ҳимоя қила олади. Лекин шу даражагача эҳтиëткорлик олиб борилаяпти. Милиция ходимлари бинони ўраб олишган. У ëққа ҳеч ким ўта олмайди. Хуллас мана шунақа бўлиб ўтаяпти¸ дейди Суръат Икромов.

Жиноий иши Чирчиқ шаҳар судида кўрилаётгани айтилган Султонмаҳмуд Умаров исмли айбланувчининг аёли Саида турмуш ўртоғининг тақдири борасида бирор нарса билиш илинжида мутасадди идораларга қилган барча мурожаатлари жавобсиз қолаётганини билдиради.

- Қўлимдан нима иш келади? Мана бораяпман¸ сўраяпман. Йўқ дейишаяпти. Уже еттинчи ойга қараб кетаяпти. Суд қаерда бўлаëтганини ҳам айтишмаса¸ нима бўлаëтганини айтишмаса¸ ҳукм ўқилдими йўқми – ҳеч қанақа гап-сўз йўқ. Мени ҳали чақиртиришгани ҳам йўқ. У ëққа борсам¸ бу ëққа бор дейди¸ бу ëққа борсам¸ у ëққа бор дейди. Прокуратураларга хатлар жўнатдим. “Турмуш ўртоғингиз билан қонуний равишда учрашишингиз мумкин” деб хат жавоби келди. Лекин ҳали учраштиришгани йўқ. (хўрлиги келиб) Мен ҳам аëлман¸ онаман. Бу ерда сиқилиб ўтирибман. Болаларим ҳар куни йиғлашади¸ дейди Султонмаҳмуд Умаров исмли айбланувчининг аёли Саида.

Вояга етмаган беш нафар фарзанднинг онаси бўлган Саида Умарова оиласининг ягона боқувчиси ҳибсга олиниши турмуш шароитларини абгор ҳолатга олиб келгани, фарзандлари чирқираб қолганидан ўзини қўйгани жой топа олмаётганидан зорланади. У шундай оғир шароитда ёрдам қилишларини сўрасада, ҳеч бир натижа йўқлигини маълум қилади. Устига устак, ҳозирда ҳибсда сақланаётган хўжайинининг синглиси ҳам болалари билан уникида жон сақламоқда экан.

- Ҳеч ким ҳеч қаердан ëрдам берëатгани йўқ. Анави куни участкавойга телефон қилдим. “Зўрға кунимизни кўриб ўтирибмиз. Сизлар ҳам бориб гапиринглар. Султонмаҳмуд ҳеч қанақа ишга аралашмаган. Чақиртирганларингизда ҳар доим келарди. Унинг ҳеч қанақа айби йўқ деб гапиринглар” десам¸ “Энди ҳозир сизга ëрдам берила олмайди. Суд тамом бўлгандан кейин” дейди. Нима бу ерда ҳамма оғзини тикиб ўтириши керакми? Ëрдам ҳам бериш керакку. Менинг болаларимнинг ҳаммаси балоғат ëшига етмаган болалар. Унинг устига иккита қайнэгачимнинг қизлари билан 10 киши билан ўтирибмиз. Мен уларни ҳайдамаганман¸ ҳайдай олмайман ҳам. Улар кунда “Битта шу укам қолди. Нега кўрсатишмайди” деб йиғлайдилар. Ҳаммасини кўтариш менга ҳам оғирку. Ҳеч ким ҳеч қанақа ëрдам бермаса¸ дейди Саида Умарова.

Ўзи учун мана шундай оғир кунлар бошига келганига қарамасдан, турмуш ўртоғининг ҳеч бир айбсиз эканлигига ишониши ва сўнгги умиди сўнмаганини айтади эри ҳибсда қолаётган ва шу кунларда конституциявий тузумга тажовуз қилиш каби айблар билан судланаётган Султонмаҳмуд Умаровнинг турмуш ўртоғи Саида Умарова.

- Менинг хўжайинимнинг ҳеч қанақа айблари йўқ. Унақа жамоатларга ҳма қўшилмаганлар. Фақат беш вақт намоз ўқийдилар. Бошқа ҳеч нарса қилмаганлар. Бешта фарзанднинг тирикчилиги билан шуғулланиб¸ ўзларидан ортган инсон эмаслар. У кишининг қанақа инсон эканлигини маҳалла-кўй¸ қавм-қариндош яхши билади. Лекин мана ушлабн ўтиришибди. Ҳаммаси Аллоҳдан деб ўтирибмиз¸ дейди Саида Умарова.

Сўнгида оиланинг кенжа фарзанди, 10 ёшли Яҳёбек суҳбатга қўшилади. Мен ҳам бир гапирай, дейди дадасини соғинаётган бу болакай.

- Дадам тез келишларини хоҳлайман. Дадамнинг ҳеч қанақа айблари йўқ. Тезроқ қўйиб юборсинлар¸ дейди 10 ëшли Яҳëбек.
XS
SM
MD
LG