Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:10

Тожикистонлик талабалар домлаларини судга берди


Ўқиш ҳақи оширилганидан норози бўлган тожикистонлик талабалар шу йилнинг 24 феврал куни Хўжанд шаҳрида норозилик намойиши ҳам ўтказгандилар.
Ўқиш ҳақи оширилганидан норози бўлган тожикистонлик талабалар шу йилнинг 24 феврал куни Хўжанд шаҳрида норозилик намойиши ҳам ўтказгандилар.

Хўжанддаги Тожикистон давлат ҳуқуқ, тижорат ва сиёсат университети талабалари ўқиш ҳақи оширилганлигидан норозилик билдириб, олийгоҳ раҳбарияти устидан судга мурожаат қилдилар.

Тожикистон давлат ҳуқуқ, тижорат ва сиёсат университети раҳбарияти жорий йилнинг феврал ойидан олийгоҳда ўқиш нархини 15 фоизга оширди. Эндиликда университет талабалари ҳар йили ўқиш учун 1000 АҚШ долларидан кўпроқ маблағ тўлаши керак бўлади. Бу ҳолат олийгоҳ талабалари норозилигига сабаб бўлди. Сўғд вилоят прокуратураси вакилларининг айтишларича, студентлар ҳақли равишда судга арз қилганлар.

- Тожикистон давлат ҳуқуқ, тижорат ва сиёсат университети раҳбарияти ўқиш ҳақини оширганлиги амалдаги қонунчиликка зиддир. Зеро, Тожикистон ҳукуматининг таълим олиш ҳақидаги низомномасида ҳам белгиланган нарх аҳоли турмуш даражаси инобатга олинган тарзда ишлаб чиқилиши лозимлиги қайд этилган, дейди вилоят прокуратураси вакили Завқибек Ғиёев.

Олийгоҳнинг аксар талабалари университетда ўқиш қимматлилигидан шикоят қилмоқдалар. Уларнинг айтишларича, талабаларнинг кўпчилиги кам таъминланган оилалардан бўлиб, ўқиш нархи ошгунга қадар ҳам улар шартнома пулини қийинчилик билан тўлашарди.

- Университет раҳбарияти ўқиш нархини оширишда талабалар ижтимоий аҳволини ҳисобга олмаган. Ахир студентларнинг асосий қисми бошқа шаҳар ва туманлардан келиб ўқийди, ётоқхона учун пул тўлайди, еб-ичиши, кийиниши бор. Ота-оналар оладиган маош эса тирикчиликка аранг етади. Шунга қарамай, ота-оналар ойликларидан қийиб, фарзандларини ўқитаяпти. Шунинг учун биз ўқиш билан бирга меҳнат қилиб, пул топишга мажбурмиз. Раҳбарлар талабаларнинг мана шу аҳволидан хабардор-ку, дейди университет талабаси Усмон Сиддиқов.

Яна бир суҳбатдошимиз ҳам олийгоҳ раҳбариятини талабаларга мутлақо ғамхўрлик қилмаётганликда айблайди.

- Студентлар университетда ўқиш учун 850-1000 АҚШ доллари миқдорида йиллик маблағ тўлашади. Оладиган стипендияси эса 35 сомонийни (тақрибан 8 АҚШ доллари – таҳр.) ташкил этади. Университет ўқитувчиларининг маоши 300 доллардан кам эмас. Ва бу маош айнан биз тўлаган маблағдан шаклланади, дейди олийгоҳ студенти Рустам Валиев.

Бироқ университет раҳбарияти студентларнинг ўқиши учун белгиланган маблағ унчалик кўп эмаслигини айтмоқда, чунки Тожикистондаги бошқа олийгоҳларида белгиланган ўқиш ҳақи икки уч минг доллардан ошади.

- Студентлар ўқиши учун белгиланган нархнинг оширилиши, авваламбор ўқитувчиларни моддий жиҳатдан рағбатлантиришга қаратилган. Чунки шу кунга қадар университет ўқитувчиси, 80-100 АҚШ доллар атрофида маош оларди. Бу эса ўқитувчиларнинг бошқа олийгоҳларга кетиб қолишига сабаб бўлмоқда. Янги йилдан ўқитувчилар маошини 1800 сомоний (410 АҚШ доллари – таҳр.) этиб белгиладик. Шуларни ҳисобга олсак, биз амалга ошираётган барча тадбирлар айнан студентлар яхши ва малакали таълим олиши учун қилинаётгани маълум бўлади. Олийгоҳ раҳбарияти ўқиш ҳақини ошириш билан бирор-бир қонунни бузмаган, дейди университет ректори ўринбосари Аброр Мирсаидов.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Тожикистонда студентларнинг ўз ўқитувчилари устидан судга шикоят қилиши илк бор қайд этилмоқда. Айни пайтда маҳаллий кузатувчилар мамлакат адлия тизимидаги аҳволни эътиборга олган ҳолда талабаларнинг талаби суд томонидан қондирилишига ишонч йўқлигини айтмоқдалар.

Тожикистон давлат ҳуқуқ, тижорат ва сиёсат университети 1993 йилда таъсис этилган. Бугун мазкур олийгоҳда беш мингдан зиёд талаба таҳсил олади.

Айни пайтда университет талабалари шикоят аризаси юзасидан Хўжанд шаҳар судида маҳкама бошланган.
XS
SM
MD
LG