Линклар

Норасмий хабарларга кўра¸ Самарқанддаги кўплаб ташкилотларнинг ходимлари январ ойида маошининг ярминигина нақд пул билан олганлар. Ойликнинг қолган қисми эса пластик карточкага ўтказилган.

Аҳолисининг аксарияти озиқ-овқатни бозорлардан харид қиладиган Ўзбекистонда ойликнинг нақд пул билан олинадиган қисмининг озайтирилишию пластик карточкага ўтказиладиган пул миқдорининг кўпайтирилиши самарқандликларни ҳам ташвишга солган. Чунки пластик карточка билан нархлар нисбатан арзон бўлган бозорлардан нон, мева-сабзавот, гўшт, шунингдек, бошқа кундалик эҳтиёж молларини сотиб олиб бўлмайди. Арзонроқ кийим-кечак ва ҳатто йўлкира учун ҳам нақд пул лозим, шунинг учун ҳам ўзбекистонликлар ичида пластик карточкалардаги пулларни нақд пулга айлантириш истагида юрганлар кўп.

Бошқа мамлакатларда бўлгани каби банкоматлардан истаганча пул ечиб олиш имкони бўлмаган Ўзбекистонда пластик карточкадаги пулни нақд пулга айлантириш ҳам ўзига хос бизнесга айланган. Аввалроқ Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликлар карточкадаги виртуал пулни нақдинага айлантириш учун 15-20 фоиз “шапка” бераётгани ҳақида айтгандилар.

- Банкка борсак¸ бизга нақд пулга алмаштириб бермайди. Янги йил арафасида яна битта муаммо туғилди. Биз бориб, пластик карточкага нарса оламиз десак¸ “Биз пластик карточка ишлатмаймиз, нақд пулга савдо қиламиз” деб кўпчилиги қайтарди. Янги йил арафасида менинг пластик карточкамга 250 минг пул ўтди. Кейин валюта алмаштирадиганларга бориб, 20 фоиз бериб алмаштирдим. 250 минг пулимнинг 50 мингини олиб қолишиб¸ 200 минг пул беришди. Янги йил арафасида 20 фоиз бериб, алмаштиришга мажбур бўлдик, деганди яқинда Озодликка сирдарёлик ўқитувчи Гулбаҳор опа.

Ойликнинг пластик карточкаларга ўтказиладиган қисмининг кўпайтирилишини Самарқанд банклари айланмадаги нақд пул танқислиги билан изоҳламоқдалар. Самарқандлик банкирларга кўра, бунга айни вақтда Самарқандда олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG