Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:51

Душанбеда қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли йўқолган


Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматулло Бўтақўзиевнинг бедарак йўқолгани ҳақида вазирликка ариза тушмаганини билдирдилар.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматулло Бўтақўзиевнинг бедарак йўқолгани ҳақида вазирликка ариза тушмаганини билдирдилар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Неъматулло Бўтақўзиевнинг Душанбеда бедарак йўқолганига доир хабар Душанбе шаҳридаги инсон ҳуқуқлари бўйича идораси масъуллари томонидан тасдиқланди.

Душанбе шаҳридаги инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш идораси масъули Абдураҳмон Шариповнинг Озодликка маълум қилишича, 1 март куни Неъматуллонинг укаси шу идорага ёрдам сўраб мурожаат қилган.

- Неъматуллонинг укаси акасини бедарак йўқолган, деб ҳисоблайди ва шу мақсадда уни қидириш жараёнини қонунийлаштиришни сўраб идорамизга мурожаат қилган эди. Ўзаро суҳбатларимиздан маълум бўлишича, у БМТнинг Тожикистондаги ваколатхонасидан ташқари мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмаган экан. Шуни назарга олган ҳолда, биз унга Ички ишлар вазирлигига албатта ариза билан мурожаат қилиш ҳақида тавсия бердик, дейди Душанбедаги инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича идора масъули.

Айни пайтда Абдураҳмон Шарипов ўзларига мурожаат қилган қирғизистонликнинг ҳаётини хавф остига қўймаслик мақсадида унинг исмини ошкор қилмаслигини билдирди.

Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, Неъматулло Бўтақўзиев Душанбеда тахминан бир ой яшаган ва қочқинлик мақомини олиш учун БМТнинг Душанбедаги идорасига мурожат қилган бўлган.

Бу маълумотларни БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Душанбедаги ваколатхонаси масъуллари ҳам тасдиқладилар.

- Ўтган жума куни, яъни 26 феврал куннинг иккинчи ярмида Неъмуталло Бўтақўзиев идорамизга келган эди. У 2007 йилдан кейинги ҳаёти билан боғлиқ маълумотларни бизга тақдим қилиши керак эди. Шу ерда ўтириб, соат кечки бешга қадар анчасини ёзди, аммо бизнинг иш кунимиз тугаб қолгани сабабли қолганини уйда ёзиб келиб, топширишини илтимос қилдик. У Душанбе куни келишга ваъда қилганди, лекин келмади. Нега келмагани менга номаълум, дейди БМТ масъулларидан бири Валижон Ғуломалиев.

“Неъматуллонинг бедарак йўқолгани ҳақида хабарингиз борми, унинг яқинларидан бирор киши бу борада сизларга мурожаат қилдими?” дея сўрадик БМТ расмийсидан.
- Йўқ, бундай мурожаат билан шахсан бизнинг идорамизга ҳеч ким келгани йўқ ҳозирча, деди Валижон Ғуломалиев.

Аснода Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси масъуллари қирғизистонлик фуқаро Неъматулло Бўтақўзиевнинг Душанбе шаҳрида бедарак йўқолганига оид хабарни тасдиқламаслик баробарида рад ҳам этишмади.

- Ҳозир раҳбарларимиз билан бир маслаҳатлашиб кўрайлик, мен ўзим бу борада бир нарса дея олмайман, деди Миллий хавфсизлик қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати ходими Нусратулло Саидов қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматулло Бўтақўзиевнинг Душанбеда бедарак йўолганига доир бирор маълумотга эга эмаслигини ва унинг яқинлари томонидан ариза ҳам қайдга олинмаганини билдирди.

48 ёшли Неъматулло Бўтақўзиев 2008 йил октябрида Қирғизистоннинг Новқат шаҳрида юз берган тартибсизликлардан сўнг ўзига нисбатан таъқиблар кучайиши ортидан қочқинлик мақомини олиш мақсадида Тожикистонга ўтиб, БМТнинг Душанбедаги идорасига мурожаат қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йилнинг 1 октябрида Новқат туман марказида диндорлар Ҳайит байрамини тантанали нишонлашга рухсат бериш талаби билан намойиш ўтказган эдилар. Ўшанда намойишчилар ва милиция ўртасида тўқнашув содир бўлган ва мазкур намойиш тартибсизликка айланиб кетган эди. Бу тартибсизликни уюштирганликда айбланган 32 киши узоқ муддатларга қамалганди.
XS
SM
MD
LG