Линклар

Москва Бишкекка ваъда қилинган қарзни бермаслиги мумкин


Таҳлилчиларга кўра, қирғиз расмийлари мамлакатдан АҚШ базасини чиқариш ва Қирғизистон жанубига яна бир рус базасини киритиш бўйича ваъдаларни бажармаганлари Кремлнинг ғашига теккан бўлиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, қирғиз расмийлари мамлакатдан АҚШ базасини чиқариш ва Қирғизистон жанубига яна бир рус базасини киритиш бўйича ваъдаларни бажармаганлари Кремлнинг ғашига теккан бўлиши мумкин.

Россия Марказий Осиёдаги гидроиншоотларни молиялаштиришга тайёр. Айни пайтда Кремл Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши учун ваъда қилинган 1 миллион 700 миллион долларлик маблағни беришга рўйхушлик кўрсатмаяпти.

1 март куни Душанбеда президент Имомали Раҳмон билан учрашган Россия бош вазири ўринбосари Игор Шувалов Марказий Осиёда гидроиншоотлар қуриш масаласида минтақадаги барча давлатлар манфаатлари ҳисобга олиниши лозимлигини яна бир бора эслатиб ўтди ва ўз давлати бу лойиҳаларни молиялаштиришга тайёр эканини алоҳида таъкидлади.

- Биз, албатта, минтақада сув заҳираларини қандай ривожлантириш масаласида вазият мураккаб эканини тушунамиз. Бу масалада ҳар бир давлатнинг ўз тушунчаси бор. Биз Марказий Осиёдаги энергетик комплексни ривожлантиришда иштирок этишга тайёрмиз. Бу ҳолатда минтақадаги барча давлатлар манфаатлари мавзунлаштирилиши лозим, деб ҳисоблаймиз, деди Игор Шувалов.

Айни пайтда Москва вакили гидроиншоотлар қурилишига Россия сармоя ётқизишга тайёр эканини ҳам эслатиб ўтди.

- Биз бу лойиҳаларда иншоотларга сармоя ётқизувчи ҳамкор ва маслаҳатчи сифатида иштирок этишга тайёрмиз, деди Игор Шувалов.

Россия ҳукумати Тожикистонга Роғун ГЭСи қурилиши учун сармоя бериши мумкинлигини шама қилаётган бир пайтда, Кремл Қирғизистонга аввалроқ ваъда қилинган маблағни бермай қўйиши мумкинлигини ҳам эслатиб ўтди.

Ўтган ҳафта якунида Москвага борган Қирғизистон бош вазири Данияр Усенов Бишкекка қайтгач, Қамбарота ГЭСи қурилиши учун Россия ваъда қилган 1 миллион 700 миллион долларлик кредитнинг қачон берилиши ҳозирча номаълумлигини айтди.

Бош вазир билан бирга Москвага борган ва матбуот учун ҳамиша очиқ бўлган Қирғизистон Энергетика вазири Илёс Давидов эса бу сафар журналистлар саволларига қисқагина қилиб жавоб қайтармоқда:

- Телевидениеда, интернетда Москвага сафаримиз ҳақида гап бўлдику, бундан ортиқ ҳеч гап йуқ, деди Илёс Давидов.

Бишкеклик сиёсатшунос Александр Князев эса Кремл расмийларининг Тожикистонда бошқача, Москвада бошқача гап қилганлари сабабларини шарҳлар экан, бунга Қирғизистон расмийларининг ўз ваъдалари устидан чиқмаётгани сабаб бўлганини айтади.

- Россия ваъда қилинган маблағларни Қирғизистон айрим мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли бермаяпти. Шунинг учун ҳам Қирғизистон Қамбарота ГЭСи қурилишини ҳамкорликда амалга оширишни Хитойга таклиф қилмоқда, дейди Александр Князев.

Сиёсатшунослар фикрича, Қирғизистон АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш ва бу ерга иккинчи рус ҳарбий ҳаво базасини киритиш ҳақидаги ваъдаларини бажармаганлиги туфайли Россия мана шундай позицияни эгалламоқда.

2009 йилнинг 3 февралида Москвага сафар қилган Қирғизистон президенти Бишкекдаги АҚШ базаси чиқарилишини эълон қилган эди. Аммо орадан бир неча ой ўтиб, АҚШ базаси номи ўзгартирилган ҳолда Бишкекда қолдирилди.

Шунингдек, 2009 йилда Қирғизистон ва Россия президентлари Ўш ёки Боткен вилоятларидан бирига рус ҳарбий ҳаво базасини жойлаштириш тўғрисидаги протоколни имзолаган эдилар. Бу протоколга мувофиқ, Россия базаси Қирғизистонннинг жанубий вилоятларида 2009 йилнинг ноябр ойида очилиши керак эди. Бироқ ҳалигача бу ваъда ҳам бажарилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG