Линклар

Муҳожирга пенсияни ким беради?

  • Сарвар Усмон

Бугунги ишсизликдан қочиб¸ яқин ва узоқ хориждан вақтинчалик қўним топган миллионлаб меҳнат муҳожирлари ўз келажаклари бугундан ҳам қоронғуроқ эканидан ташвишда.

Бугунги ишсизликдан қочиб¸ яқин ва узоқ хориждан вақтинчалик қўним топган миллионлаб меҳнат муҳожирлари ўз келажаклари бугундан ҳам қоронғуроқ эканидан ташвишда.

Чет элларда, хусусан Россияда ишлаб юрган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари эрта ўтиб-индинга, кексайганда пенсия оладими? Бу савол билан, яқинда Озодликка ана шундай мигрантлардан бири мурожаат қилди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Москвадаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратовнинг фикрича, Озодликка мурожаат қилган муҳожирни қизиқтираётган масала ўта долзарбдир:

- Сарвар ака¸ жуда ҳам яхши темани очдингиз. Меҳнат мигрантлари бу ерда фактический налог тўлайди. 13 фоиз даромад солиғи¸ бир фоиз пенсия фондига тўлайди. Аммо бирортаси кейинчалик пенсияга ўтказганини билмайман. Буларнинг пенсионный отчисление пуллари қаëққа кетаяпти? Бу миллиард-миллиард доллар пуллар қаëққа учиб кетаяпти? Шундан келиб чиқаяптики¸ бунақа меҳнат мигрантларини ишлатиш Россияга выгодно. Улар ҳеч қанақа қозғоларнинг орқасидан югурмайди. Ишлади кетди¸ деб зорланади “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратов.

Бироқ Наманган вилоят Молия бошқармасининг пенсия таъминоти бўйича мутахассиси фикрича, (жорий йил 1 январидан бошлаб пенсия таъминоти масалалари билан Молия вазирлиги шуғулланмоқда) Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ташвиш чекмасалар ҳам бўлади.

Мана эшитинг:

- Россия корхона ва ташкилотларида ишлаëтганлар Россия федерацияси бюджет ташкилот жамғармасига тўланган маблағлари тўғрисида маълумотнома¸ иш ҳақи тўғрисида справка олади.

Озодлик: Демак¸ Россияда қонуний ишлаëтган бўлса¸ у ерда пенсияга пул ўтказган бўлади. Ўша ердан...

- Пул ўтказган бўлади. Бу давлатлараро шартномада кўрсатилган.

Озодлик: Ва у кейин пенсиясини Ўзбекистондан олаверади.

- Бу ерга келгандан кейин пенсияга чиқаëтган маҳалда пенсияни тайинлаш асосан иш ҳақи ва иш стажига боғлиқ бўлади. Шунинг учун у ерда ишлаган иш стажларини у ерда ўтказилган маблағларига қараб туриб стажга олиш олмаслик тартиби ҳал бўлади. 60 ëшга етган бўлса¸ Россияда ишлаган даврлари ҳам тўлиқ унинг меҳнат фаолиятига қўшилади¸ дейди Наманган вилоят Молия бошқармаси мутахассиси.

Демак, Россияда легал ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари келажакда Ўзбекистон ҳукуматидан пенсия олишга умид қилиши учун қонуний асослар бор.

МДҲ Ижроия қўмитаси сайтида куни кеча пайдо бўлган маъумотга қараганда, 3-4 феврал кунлари Ҳамдуўстликка аъзо давлатлар экспертлари пенсия масалаларини муҳокама қилган.

Пенсия таъминоти масалалари шу пайтгача МДҲ мамлакатларида 1992 йил, 13 мартида амзоланган келишув асосида ҳал қилинмоқда.

Наманган вилоят Молия бошқармаси мутахассиси, афтидан ана ўша ҳужжатни назарда тутаяпти.

МДҲ Ижроия қўмитаси сайтининг хабар қилишича, Ҳамдўстлик экспертлари шу кунда анча “эскириб” қолган келишувга ўзгартишлар киритиш устида ишламоқда. Экспертларнинг таклифлари 1 апрел куни тайёр бўлади.

Кўп томонлама ёки икки томонлама келишувлар қонуний ишлаётган меҳнат мигрантлари муаммоларини ҳал қилиши мумкин.

Бироқ Россияда юрган миллионлаб ўзбекистонликларнинг ҳаммасини ҳам қонуний ишлаяпти, деб бўлмайди.

Москвадаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратовнинг ҳисоб-китобича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ярмидан кўпи нолегал ишламоқда.

- 60-70¸ энди бундан буëғи квота бўлгани кўпроқ бўлса керак¸ 80 фоизгача етса керак ëз даврида. Квота чекланган. Квотани пулга ҳам сотишаяпти. Ҳозир Москвада бир йиллик квота 15-16 минг рублга чиқиб кетди. (Россия ҳукумати ажратган квоталар доирасидаги битта иш ўрнини эгаллашга имкон берувчи ҳужжатни олиб бериш учун “учар”лар белгилаган нархни айтаяпти суҳбатдошимиз) Москва вилоятида 18 минг рублга чиқиб кетди. Меҳнат мигрантларида унақа пул йўқ. Неформалный регистрацияга ҳам пул тўлашади. Ҳар қандай милиция тўхтатса¸ унга 100-200 сўм пивога беришади. Ëтар жойга пул тўлайди. У бу пулларни чиқариб¸ бола-чақасига пул тўлаши керак. Улар бу ерда қул¸ дейди Усмонали Баратов.

Демак, ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Россияда легал ишлашни истайди, лекин бу бир томондан квоталарнинг чеклангани, иккинчи томондан коррупциянинг авж олгани сабабли имконсиздир.

Нолегалликка маҳкум меҳнат мигрантлари эса, Ўзбекистонга қайтгач пенсияга умид қилмасалар ҳам бўлаверади.

Наманган вилоят Молия бошқармаси мутахассиси билан суҳбатга қайтамиз:

Озодлик: Россияда ноқонуний ишлаëтган бўлсачи?

- Йўқ. Ноқонуний ишлаëтганларга рухсат берилмаган¸ дейди Наманган вилоят Молия бошқармаси мутахассиси.

Ва ниҳоят яна бир савол.

Озодлик: Ўзбекистоннинг ўзида бирор жойда рўйхатдан ўтмасдан бир кун уникида¸ бир кун буникида мардикорлик қилиб ëки устачилик қилиб юрган одам бўлса¸ иш берувчи унинг пенсия жамғармасига пул ўтказмайди. Бунинг тақдири нима бўлади?

- Улар хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Рўйхатдан ўтганда тўланган бадаллар бўлади. Энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида. Агар ўша бадалларни тўлаган бўлса¸ пенсия ишлаб чиқаришга у ишлаган даврлар ҳам тўлиқ стажга ўтади. Лекин ноқонуний йўллар билан ишлаганларники ўтмайди.

Озодлик: Агар бирор жойда рўйхатдан ўтмаган бўлса¸...

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Ўтмайди¸ дейди Наманган вилоят Молия бошқармаси мутахассиси.

Хуллас, "Ўзинг учун ўл, етим!"

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG