Линклар

Тимошенко коалицияси тарқаб кетди


Украина Бош вазири Юлия Тимошенконинг ўз лавозимида қолиш имкониятлари тобора камайиб бормоқда.

Украина Бош вазири Юлия Тимошенконинг ўз лавозимида қолиш имкониятлари тобора камайиб бормоқда.

Украина президенти сайловида мағлубиятга учраган Юлия Тимошенко бош вазирлик лавозимини ҳам қўлдан бой бериш арафасида турибди. Верховная Раданинг Тимошенко раҳбарлигидаги етакчи коалицияси тарқаб кетди.

450 ўринли Украина парламент спикери Володимир Литвин коалиция ҳануз етакчи эканлигини тасдиқлаш учун етарли овоз йиғилмаганини сешанба куни маълум қилар экан, мана бундай деди:

- Украина Конституцияси ва парламент регламентига биноан парламент коалицияси ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қиламан¸ деди Володимир Литвин.

Юлия Тимошенко бошқариб келаётган коалиция 2008 йилнинг декабрида тузилган бўлиб, унга Юлия Тимошенко блоки, "Бизнинг Украина – Халқ мудофааси" ва Литвин блоки кирган эди.

Володимир Литвиннинг коалиция тарқаб кетгани тўғрисидаги баёноти бундан 5 йил олдин бўлиб ўтган сайловдан сўнг ҳокимият тепасига келган ғарбпараст сиёсатчилар – Зарғалдоқ инқилоби етакчиларига тунов кунги сайловдан кейин берилган сўнгги зарбадир.

5 йил олдин президентликка номзод, москвапараст Виктор Янукович сайловда ғирромлик қилди, деб норози бўлган юз минглаб украиналик кўчаларга чиққан эди.

Айни пайтда янги президент Виктор Янукович Тимошенконинг мағлубиятини ўз ғалабаси сифатида кўриб, парламентда коалициясини тузишни кўзламоқда.

Бироқ Януковични олдинда яна жанглар кутиб турганга ўхшайди. Тимошенко уни сайловда ғирромлик қилганликда, коалицияни тарқатиб юбориш учун депутатларга пора берганликда айбламоқда.

Сешанба куни қилган чиқиши чоғида Юлия Тимошенко Виктор Янукович ҳокимиятига қарши мамлакатдаги демократик кучларни бирлаштирмоқчи эканлиги тўғрисида баёнот берди.

"Парламентдаги демократик коалиция бугун қонунга зид равишда тарқатилди", деди Тимошенко.

Чоршанба куни парламентда Юлия Тимошенко етакчилигидаги ҳукуматга ишонч масаласи овозга қўйилиши кутилмоқда.

Афтидан, натижа аниққа ўхшайди: ҳукуматни қолсин дейдиган депутатлар Тимошенко учун ижобий натижага эришиш учун етарли эмас.

Агар ҳукумат ишонч қозонолмаса, Тимошенко Бош вазир лавозимини вақтинча ижро этувчи сифатида, Янукович янги коалиция тузгунича, қолиб туради.

Конституцияда янги коалиция тузиш учун 30 кун вақт ажратилган. Агар шу вақт ичида коалиция шаклланмаса, Янукович президент сифатида парламентни тарқатиб юбориши ва янги парламент сайлови ўтказишни белгилаши мумкин.
XS
SM
MD
LG