Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:50

Марказий Осиё сув заҳиралари хавф остида


Музликларнинг эриши Тожикистондан ташқари дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда.
Музликларнинг эриши Тожикистондан ташқари дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда.

Марказий Осиёдаги сув заҳираларининг 60 фоизини ташкил этувчи Тожикистондаги музликлар хавф остида. Тожикистондаги Помир ва Тян-Шандаги музликларни ўрганиш ҳамда асраш дастури муаллифлари ана шундай хулосага келишди.

Тожикистон об - ҳавони кузатиш маркази раисининг ўринбосари Каримжон Абдулалимовнинг билидиришча, жорий йил бошидан ишга туширилган мазкур дастурдан кўзланган мақсад Марказий Осиёдаги асосий сув манбаларини сақлаб қолишдир.
Унга кўра, сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ортидан музликлар жадаллик билан эриб бормоқда.

-Масалан Федченко музлиги 1937 йилдан 2007 йилга қадар 1,5 километр узунлик ва 800 метр баландликда эриган. Бунинг асосий сабаби иқлим ўзгаришидадир, - дейди об ҳавони кузатиш марказ расмийси.

Расмийнинг билдиришча, Тожикистонда 8 мингта музлик бўлиб, бу мамлакат умумий масофасининг 8 фоизини ташкил қилади. Тожикистондаги музликлар Марказий Осиё сувининг 60 фоизини ташкил қилиб, Тожикистондаги асосий сув манбалари саналади.

Унга кўра, сўнгги 60 йил давомида Марказий Осиёнинг жанубий қисмида ҳаво ҳарорати 1 даражага кўтарилгани бу музликларнинг эришини жадаллашувига таъсир ўтказмай қолмаяпти.

Тожикистонлик мутахасисларнинг таъкидича, иқлим исиши таъсиридан келгуси беш йил орасида тахминан 1,5 мингта каттаю кичик музликлар батамом йўқ бўлиб кетиш хавфи мавжуд.

Жаҳон банкининг ўтган йилги ҳисобатида 21 аср ўрталарига бориб ўртача ҳарорат 1,6 ҳатто 2,6 даражага кўтарилиши мумкинлиги таъкидланган эди.

Жаҳон банки ҳисоботи муаллифларига кўра, Тожикистондаги абадий музликларнинг эришига фақат иқлим ўзгаришинигина сабаб қилиб кўрсатиш хато бўлур эди.

Уларга кўра, атроф – муҳит ҳимоясига эътиборнинг сустлиги ҳам музликлар эриши сабабларидан биридир.

Тожикистон об - ҳавони кузатиш марказининг 2010 ва 2030 йилларни ўз ичига олган янги дастуридан мақсад музликларнинг эриб кетиши сабабларини ўрганиш ва уларнинг эриши олдини олишдир.

-Музликларнинг эриб йўқ бўлиши олдини олиш учун энг аввало Тожикистонда музликларни ўрганиш Миллий марказини ташкил қилиш лозим. Бу марказ энг аввало музликлар янги рўйхатини тузиб, улар қабатлари, сув заҳираларини илмий жиҳатдан ўрганиши, шунингдек, музликларнинг эриб кетиши олдини олишни йўлга қўйиши зарурдир, -дея мулоҳаза билдиради об - ҳавони кузатиш маркази масъули Каримжон Абдулалимов.

Айни пайтда ўзбекистонлик олимлар ҳам минтақа сув ресурсларини шакиллантириб келган музликлар ҳажми 30-35 фоизга қисқарганидан ташвиш билдириб келишади.

Аммо тожикистонлик олим Яраш Пўлатов эса минтақа сув заҳиралари вазияти билан боғлиқ илмий асосланган маълумот ҳозирча мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

-Ҳозиргача Марказий Осиёда бу масалада аниқ прогноз бериш имконсиздир, - дейди Яраш Пўлатов.

Аснода тожикистонлик бир гуруҳ кузатувчилар музликларнинг эриб кетиш олдини олиш учун минтақа ва Осиё давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлашади.

Уларга кўра, бу йўналишда энг аввало Ҳимолой сув захираларини ҳимоялаш мақсади бўлган Непал, Афғонистон, Покистон, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларни ўз ичига олган тоғликларни ўрганиш ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Аммо бошқа бир гуруҳ кузатувчилар фикрича, бу ҳамкорлик Марказий Осиёдаги дарёлар қуйисида жойлашган Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон каби давлатлар ташвишига сабаб бўлиши мумкин.

“Бу ташвиш ўринли, чунки Марказий Осиё сув манбаларига оид муаммо умумий муаммо бўлгани учун ҳам, қўшнилар билан ҳамкорлик ва муроса зарур”, дея мулоҳаза билдиради тожикистонлик мустақил кузатувчи Анвар Ҳомидов.
XS
SM
MD
LG