Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

Тошкент-Душанбе: гап яна икки хил чиқди


Тошкент томонига кўра, сўнгги бир йил давомида Ўзбекистон-Тожикистон чегарасини бузиб ўтган 6500 тожикистонлик қўлга олинган.
Тошкент томонига кўра, сўнгги бир йил давомида Ўзбекистон-Тожикистон чегарасини бузиб ўтган 6500 тожикистонлик қўлга олинган.

Ўзбекистоннинг Бекобод туманида чегарани ноқонуний кесиб ўтган, дея гумонланган 30 тожикистонлик қўлга олинган. Бироқ Тожикистон томони Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тарқатилган мазкур маълумотнинг асоссиз эканини билдирмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мулозими Раззоқ Шоймардоновнинг Регнум ахборот агентлигига билдиришича, жорий йилнинг 1 март куни Бекобод туманида Тожикистоннинг 30 фуқароси қўлга олинган.

“Тожикистонликлар чегарадан ноқонуний ўтишган”, дея изоҳлади қўлга олиниш сабабларини Раззоқ Шоймардонов Регнум ахборот агентлигига.

Ўзбекистон мулозимининг сўзларига кўра, тижорат билан шуғулланиб келган тожикистонликлар Ўзбекистонга мева - сабзавот ва кўкат сотиб олиш учун боришган.

Раззоқ Шоймардонов Тожикистонда бўлиб ўтган сайлов м уносабати билан икки ҳафтадан буён чегара пунктлари ёпиқ қолаëтган айни кунларда тожикистонликларнинг чегарани ноқонуний кесиб ўтганларини айтган.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда чегара бузувчилар Бекобод Ички ишлар бўлимида ва уларнинг чегарани бузгани тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилгач, ватанига депортация қилинади.

Регнумнинг хабар беришича, 2009 - 2010 йил давомида Ўзбекистон чегарачилари чегарани ноқонуний кесиб ўтган 6 500 тожикистонликни ушлаган. Айниқса¸ охирги ҳафталарда тожикистонликлар томонидан чегарани бузиш ҳолатлари ошганлиги ҳам айтилмоқда.

Бироқ Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хушнуд Раҳматуллаев Ўзбекистон томонининг иддаоларини рад этди.

- Ўзбекистон маъсул шахслари гапларида асос йўқ. Чунки бу воқеа юзасидан қўмитанинг вилоятдаги бошқармаси вакиллари ҳам= бошқа тизимлар ҳам шуғулланди. Бироқ тожикистонликларнинг чегарани бузиб, Ўзбекистонга ўтиш ҳолати аниқланмади¸ деди Хушнуд Раҳматуллаев.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Сўғд вилоят божхонаси назорат бўлими мулозими Абдураҳим Жўраев билан боғландик.

- Аввалам бор шуни айтиш керакки, вилоятдаги тижоратчилардан бизга ҳеч қандай ариза тушгани йўқ. Боз устига, агар тожикистонлик тижоратчилар чегарани ноқонуний ўтишганида, тожик чегарачилари томонидан ушланарди, деди Абдураҳим Жўраев.

Таҳлилчилар Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари совуқлашган бир пайтда, ҳар икки томон ҳам бир - бирини турли ноқонуний ҳаракатларда айблашга ҳаракат қилаётганини таъкидламоқдалар.

- Биз мазкур воқеа билан яқиндан танишдик. Сўғд вилоятининг Спитамен тумани Ўзбекистоннинг Бекобод тумани билан чегарадош. Тожик тижоратчиларнинг аксарият қисми айнан Спитаментдан Бекободга ўтади.

Биз туман миллий хавфсизлик бўлими ва чегара хизмати вакиллари билан суҳбатлашдик. Бироқ сўнгги бир ҳафта давомида чегарада бирор бир ҳодиса юз бермаганлиги аниқланди.

Бундан ташқари Бекобод куч ишлатар тизимларидан ҳам ҳеч қандай маълумот келмаган, дейди чегара масалалари билан шуғулланувчи таҳлилчи Раҳимберди Каримов.

Тожикистонлик бошқа таҳлилчилар бу вазиятни Ўзбекистон томонидан қилинаётган махсус тадбир, дея баҳолашмоқда.

- Наинки чегаралардаги вазият, балки вужудга келган бошқа муаммоларни ҳам Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан амалга ошираётган иқтисодий блокадаси, деб ҳисоблайман. Чунки бу муаммолар бугун пайдо бўлмаган, бир неча йиллардан буён давом этмоқда. Бу ҳақда бутун Жаҳон ҳамжамияти билиши шарт. Назаримда жорий йил тожик -ўзбек муносабатларидаги энг оғир йил бўлади, дейди сиёсатшунос Саймуддин Дустов.

Лекин айрим Тожикистон расмийлари¸ чунончи Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий¸ чегараолди минтақаларида вужудга келган вазият¸ хусусан кўп ҳолларда республикага тааллуқли юкларнинг Ўзбекистонда туриб қолаётганлиги ва фуқаролар томондан чегарани ноқонуний ўтиш ҳолларини сиёсат билан аралаштирмасликка чақирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG