Линклар

159 болалари: Отасиз улғайган Жўраевлар

  • Абдулла Искандар

"159 болалари" панжаранинг нариги тарафидаги ҳаëт манзарасидан огоҳ ўсмоқда.

"159 болалари" панжаранинг нариги тарафидаги ҳаëт манзарасидан огоҳ ўсмоқда.

Ўзбекистон жазо қонунининг 159-моддасида мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилганларга 20 йилгача қамоқ белгиланган. Ота ëки она¸ баъзи ҳолларда ҳам ота¸ ҳам она узоқ йиллик қамоққа ташланар экан¸ улар болаларининг ҳоли не кечади?

“159 нинг боласи” деган тамға болаларнинг ўзидан олдин боғчага, мактабга, маҳалла қўмитаси ва ҳарбий комиссарликка махсус мактуб тарзида етиб боради.

Бу болаларнинг умри қамоқхона эшиклари олдидаги навбатларда ўтади. Уларнинг егани заҳар заққум, эшитгани дарду ҳасрат. Бошини силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондай арзанда. Улар қалбидаги алам ва ўч туйғуси улар билан биргаликда улғаймоқда.

"159 болалари" деб номлаганимиз туркумнинг биринчи лавҳасига бундан 17 йил олдин “Конституцияга тажовуз қилди” деб қамоққа олинган мухолифат фаоли Мурод Жўраевнинг ўғли Анвар ва Аҳроржонларни қаҳрамон қилдик.

Аҳроржон Жўраев - 17 йилдан бери қамоқда ўтирган Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати¸ сиëсий маҳбус Мурод Жўраевнинг учинчи ўғли.

- Жўраев Аҳрор Муродовичман.

Озодлик: Отангиз қамалганига ҳам 18 йил бўлиб қолди шекилли. Ëки 17 йил бўлдими?

- Ҳа. Ўша мен туғилган йиллари қамалганда¸ дейди Аҳрор.

Аҳроржон ўз отасини 17 йил давомида фақат темир панжара ëки қалин ойна орқасида бир неча маротаба кўрган, холос.

- Албатта, отасиз яшаш қийин. Барибир ҳар доим¸ ҳар байрамда битта нарса камдек туюлади. Ҳар дастурхонда дуо қиламиз¸ дейди Аҳрор.

Аҳроржон худди зулм қанча вақт давом этаëтганини санаëтган соатга менгзайди.

Аҳрорнинг онаси Холбека опа “Ўғлим 17 га кирди. Демак эрим 17 йилдан бери қамоқда” деган гапни бир оят каби ичида шивирлайди.

Холбека опа: Беш ëшгача кўрганлари йўқ. Беш ëшда олиб борган эдим танимадилар. Эътибор бермаган эканлар. Катта ўғлимиз “Бу Аҳрор” деганндан кейин қучоқларига олган¸ лекин Аҳрор бегонадай кўриб “дод” деб йиғлаган эди. Чунки икки қўлимда катта сетка билан бораман. Бола билан бориш менга жуда қийин бўлган. Шунинг учун олиб бормаганман.

Озодлик: 17 ëшга киргунича неча марта кўрди отасини?

Холбека опа: У тўрт йилда бир марта боради. Ундан олидн бирор марта бормаган.

Озодлик: Сизга оғир. Маҳбуснинг рафиқаси бўлиш оғир. Лекин маҳбуснинг фарзанди бўлишчи? Уларга қанчалик оғирлиги бор. Улар “Отам қани? Нима учун қамоқда?” деган саволлар берадими?

Холбека опа: Ëшлигида савол берганида мен айтмаганман. То ақлини олгунга қадар “Даданг узоққа ишлашга кетганлар. Худо хоҳласа келадилар” деб катта қилганман. Ақлини олгандан кейин билган.

Озодлик: Қандай билган шуни?

- Айтиб берганман. Ҳақиқатни¸ тўғрисини айтганман. “Даданг ҳақиқатгўй одам бўлганлар. Уйим-жойим демаганлар. Фақат халқпарвар бўлганлар” деб тўғрисини тушунтирганман¸ дейди Холбека опа.

Аҳрор беш ëшга кирганида¸ қамоқхонага бориб отасини илк маротаба кўрди. Ота дегани онаси ҳикоя қилганидек қаҳрамон¸ ботир эмас балки қамоқхонадаги юзлаб маҳбуслардан бири эди.

- Менинг тасаввурим бошқачароқ эди. Ҳозир анча ўзларини олдириб қўйганлар. Лекин беш-олти йилдан бери кўрганим йўқ. Беш-олти ëшимгача “Узоққа ишга кетган” деб юришарди. Катта бўлганимдан кейин етиб келди. Қамалганликларини билдим. Отам бўлганликлари учун яхши кўраман¸ лекин онамчалик эмас. Ҳозир бор меҳримни онамга берганман. Тўғрисини айтсам¸ мен умуман ота меҳрини сезмаганман. Насиб бўлса чиқсалар¸ Худо хоҳласа¸ яхши бўлиб кетар ҳаммаси¸ дейди қамоқда қолаëтган мухолифат фаоли Мурод Жўраевнинг ўғли Аҳрор.

Холбека опанинг катта ўғли Анваржон Ўзбекистон географиясини мамлакатдаги қамоқхоналар жойлашуви боис яхши ўрганди. Ўзбекистоннинг қайси нуқтасида қандай қамоқхона борлигини яхши билади.

- Ҳозир Олмалиқдалар. Мен ëшлигимда бизлар биринчи борган жойимиз Қизилтепа эди¸ дейди Анваржон.

"159 болалари"ни эзаëтган дард тошлари кўп. Айрилиқ¸ ҳақорат. Булар ëнида эса муҳтожлик ва етишмовчилик. Наврўз куни ўғли Аҳрорга байрамлик пул беролмаганини Холбека опа ҳали ҳануз эслайди.

- Наврўз байрами арафасида бўлган. Ҳамма болалар Наврўзга кетаяпти. Учта болам ҳам Наврўзга кетаяпти. Ўшанда уйимда бор-йўғи 20 минг сўм бор эди. Наврўзга деб бозорга чиқиб гўшт олиб келдим. Кейин катта ўғлимга қанчадир ҳам сўм пул берганман. Бозорликдан қолган озгина пулни иккинчи ўғлимга берганман. Кичкиналар Наврўз байрамига бормайди, деб кичкинага бермаганман. Олдимда пул сақламаганман. Бир пайт кичкина Аҳрор келдида “Онажон¸ менга ҳам пул беринг. Мен ўртоқларим билан Наврўз байрамига кетаман” деди. Уйимда ҳеч нарсам йўқ. Ўғлимга нима дейишимни билмайман. Учта қўшнимникига кириб чиққанман. Охирги битта қўшниникига бориб¸ “Пулимни қаерга қўйганини билмайман. Эслай олмаяпман” деб бир сўм олиб келганман. Ўша бир сўм пулни кичкина ўғлимга бериб жўнатганман. Шунчалик хўрланганманки¸ мен уни тасвирлаб бера олмайман сизга¸ дейди йиғлаб Холбека опа.

"159 болалари"
калимаси Каримов даври яратган ибораларнинг энг даҳшатлиси. Бу болалар ичида алам ва ўч туйғуси ўзлари билан улғаймоқда.

“Биз зонага отамизни кўришга борганда бизга ўхшаган болаларни кўп кўрганмиз. Улар оталари билан учрашар экан¸ йиғидан ўзларини тўхтатиша олмайди” дейди Мурод Жўраевнинг катта ўғли Анваржон.

Анваржон: Йиғламайдиган одамнинг ўзи йўқку. Ўзи зўрға киргизса булар. Азоб билан кирсангиз¸ қандай қилиб яна йиғламайсиз.

Озодлик: Мана маҳбус отангиз билан учрашувча рухсат олдингиз. Отангиз билан учрашув қандай кечади?

- Гостиницага олиб келади. Суткалик бўлса¸ гостиницага олиб келади¸ соатлик бўлса¸ шиша билан телефон орқали. Бизда кўпинча телефон орқали бўларди. У ерда ҳеч нарса эшитилмайди. Ҳеч ким ҳеч кимни тушунмайди. Шовқин-сурон бўлади. 20-30 нафар одам бўлади у ерда. Ҳеч ким ҳеч кимни эшитмайди. Бундай олганда кўриб ўтирамиз фақат. Соатлик бўлса¸ умуман суҳбат қилмаймиз десак ҳам бўлади. Икки соатликка кирганда ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди. Ҳол-аҳволни ишора билан тушунтирамиз, холос¸ дейди Анваржон.

Шиша ортидаги учрашув. Биз Америка киноларида маҳбусларнинг ойна ортидан ўз яқинлари билан гаплашëтгани тасвирларини кўрганмиз. Мурод Жўраевнинг ўғиллари учун эса бу кино эмас, кундалик ҳаëт мавзуси.

- Қандай десам таассуротни? Қийинчилик¸ кириш қийин. Навбат кўп. Бошқа жой бўлмаса¸ ўша ерларда қолиб кетар эдик. Гостиница йўқ¸ шароит йўқ жойлар¸ дейди Анваржон.

Қаҳрамонимиз Аҳрорбек зулм қоронғулигини тирнаш учун маърифат тиғи лозимлигини ички туйғу билан англагандай.

- Менинг орзуим юқори даражада ўқиш¸ ўқиш ва яна ўқиш. Нафақат онамнинг¸ балки акаларимнинг ҳам юзларини ëруғ қилиш¸ дейди Аҳрор.

Биз у билан суҳбатлашганимиз кўкламнинг илк кунларида Аҳрор бир репетитор олдидан қайтиб иккинчи репетиторга қараб кетди. Физика¸ математикани ҳижжалаëтгтан эди Аҳроржон.

Қамоқдаги отаси¸ собиқ депутат Мурод Жўраевнинг ҳам¸ онаси Холбека опанинг ҳам истаги шу. Аммо 17 йил ичида қалбдан кечган изтиробларни на математика ва на физика англата олади.

Билишимча¸ қамоқда Озодлик эшитишар экан. Майлими дадамга салом йўлласам¸ дейди маҳбуснинг ўғли.

- Дада¸ сизга соғлик. Худо хоҳласа яқин кунларда чиқиб қоласиз. Ҳеч кўнглингизни чўктирманг. Биз яхши яшаяпмиз. Ҳеч хафа бўлманг¸ дейди қамоқдаги дадасига салом йўллаëтган Аҳрор.

Аҳрор 17 ëшда.

Аҳрорнинг отаси сиëсий мухолифат фаоли¸ Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраев Ўзбекистон конституциясига тажовузда айбланиб 17 йилдан бери қамоқда.

Халқаро амнистия¸ Ҳюман Райтс Уотч ва бошқа халқаро ташкилотлар Мурод Жўраевни сиëсий фаолияти учун тазйиқ қилинган эътиқод маҳбусларининг тоши энг оғирларидан деб билади.

Азиз муштарий¸

Сиз ëхуд яқинларингиз оиласида ҳам "159 болалари" борми? Бўлса¸ улар ўз тақдирларидан сўзлашни истайдиларми? Ўз қисматидан жамиятни огоҳ қилиш истагида бўлган барча "159 болалари" учун Озодлик минбари очиқ - улар телефон рақамларини бизга йўллаш орқали¸ янги туркумимизга қаҳрамон бўлишлари мумкин. Бунинг учун +42 06 02 61 27 13 ëки +42 07 76 36 8434 рақамига қўнғироқ қилиш ëхуд SMS йўллаш орқали Озодликка боғланишингиз мумкин. Мактубларингизни эса шарҳ катаги ëхуд
uzbekweb@rferl.org электрон манзилига юборишингиз мумкин. Сизга олдиндан ташаккур.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG