Линклар

Эронда яна бир намойишчи қатл этилади


Аксил-ҳукумат намойишларида иштирок этган юзлаб талаба Эрон хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган.

Аксил-ҳукумат намойишларида иштирок этган юзлаб талаба Эрон хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган.

Эрон аппеляция суди декабр ойидаги аксил-ҳукумат намойишларида иштирок этишда айбланган 20 яшар талабага ўлим жазоси тайинлади. Муҳаммад Амин Валиан 27 декабр кунги Теҳрондаги намойиш чоғида хавфсизлик кучларига қуролли қаршилик кўрсатишда айбдор деб топилган.

20 яшар Муҳаммад Амин Валиан исмли талаба исталган пайтда дорга осилиши мумкин. 1 март куни Эрон Адлия вазирлиги мамлакат аппеляция суди декабр ойидаги намойишларда айбланган талабага чиқарилган олий жазо ҳукмини ўз кучида қолдирганини эълон қилди.

Муҳаммад Амин Валиан билан бирга жами 11 шахс Эрон маҳкамаси томонидан аксил-ҳукумат намойишларида иштирок этганликда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Эрондаги инсон ҳуқуқлари халқаро кампанияси матбуот вакили Аарон Родес Озодлик билан суҳбатда Муҳаммад Амин Валианнинг 27 декабр куни Ашуро байрами чоғида бўлган намойишда олинган расмлар асосида “Муҳарабоҳ”, яъни “Аллоҳга қарши уруш эълон қилиш”да айбдор деб топилган.

-У Эронда тайинланиши мумкин бўлган энг жиддий жиноятда айбдор деб топилди. У сиёсий жиҳатдан фаол талаба бўлиб, бир нечта намойишларда иштирок этган. У етакчи бўлмаган бироқ намойишлар чоғида тош улоқтираётгани расмга тушиб қолган ва шу асосида унга айблов қўйилган,дейди Аарон Родес.

Ашуро байрами нишонланган 27 декабр куни Эрон мухолифати Теҳронда янгидан аксил-ҳукумат намойишлари ўтказди. Ушбу намойиш чоғида мухолифат тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида қонли тўқнашувлар рўй бергани ва камида саккиз шахснинг нобуд бўлгани хабар қилинди.

Айни пайтда мухолифатга тегишли сайтлар Муҳаммад Амин Валиан ҳимоясига ошиқмоқдалар. Ушбу сайтларда эълон қилинган баёнотда айтилишича, Валиан диний оилада катта бўлган ва у мамлакат қонунлари доирасидан четга чиқмаган ҳолда фаолият юритган.

Айтилишича, Муҳаммад Амин Валиан мамлакат шимолидаги Дамған университети қошидаги исломий уюшмасига аъзо бўлган ва президент сайловида мағлуб бўлган мухолифат етакчиси Мир Ҳусайн Мусавийни қувватлаб ўтказилган кампанияларда иштирок этган.

Унинг қачон ҳибсга олингани аниқ эмас, бироқ хабарларга кўра, унинг устидан маҳкама жараёни феврал бошида бўлиб ўтган.

Айни пайтда Аарон Родес Валианга тайинланган ўлим жазосини “аxлоқий мезонларнинг мутлоқ бузилиши”, дея атади.

- Бу унга ўхшаган бошқа талабалар, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқувчи талабаларни қўрқитишга қаратилган. Ҳар ким худди шундай айбланиб, дорга осилиши мумкин,дейди Аарон Родес.

Эрондаги аксил-ҳукумат намойишларига алоқадорликда гумон қилинган икки шахс Муҳаммад Ризо Али Замоний ва Араш Раҳмоний Поур ҳам жиддий жиноятларда айбланиб, 28 январ куни дорга осилди.

Бироқ эронлик мухолифатчиларга кўра, ушбу иккала шахс президент сайловларидан аввал қўлга олинган.
XS
SM
MD
LG