Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

Ўқувчилар орасида зўравонлик кучаймоқда


Кузатувчиларга кўра¸ аксарининг ота-онаси мардикорга кетган ëш болалар қаровсизликдан жиноят ва зўравонлик кўчасига кирмоқда.
Кузатувчиларга кўра¸ аксарининг ота-онаси мардикорга кетган ëш болалар қаровсизликдан жиноят ва зўравонлик кўчасига кирмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ишчи гуруҳи Фарғона вилоятига боради. Aйтилишича¸ прокурорлар текширадиган асосий соҳалардан бири халқ таълими тизими ва ўқувчилар орасида жиноятчиликнинг кўпаяётгани расмийларни ташвишга сола бошлаган.

“Фарғона шаҳридаги 26-ўрта мактабнинг олтинчи синф ўқувчиси саккизинчи синфда ўқийдиган бир бола билан бирга 15-ўрта мактабнинг олтинчи синф ўқувчисини 11 январ куни кечқурун соат бешларда уриб ўлдирган”.

Бу хабарни Фарғона шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Муҳаммаджон Хўжаев ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятига текшурувга келаётгани бу режали текширув, лекин мактаб ўқувчилари орасида содир қилинган қотиллик уларни ҳам қаттиқ ташвишга солган:

Муҳаммаджон Хўжаев: Ўзимиз ҳам бу бўйича ишлаяпмиз. Интернет клублар¸ кафелар бутун зўравонлик филмлари кўрсатаяпти. Барибир болаларнинг муайян кичкина қисмига таъсир қилаяпти. Ҳозир биз бу бўйича ишлаяпмиз. У ерда энди ота-оналарнинг бепарволиги ҳам бўлган. Суриштирмаган¸ боласи чиқиб кетган. Икки кун уйга келмаган. Тоғасиникида¸ амакисиникида¸ деб юраверган.

Озодлик: Мана сиз ҳам ўқитувчи¸ биз ҳам ўқитувчиликдан чиққан журналистмиз. Болалар орасида меҳр-шавқат йўқ бўлиб кетаяптими дейманда.

- Меҳр энди ўзи жамиятдан қочган. Болалар ҳам жамиятнинг бир бўлаги. Барибир муайян жойларда ота-оналар турмуш ташвишларига ўралашиб қолаяпти. Боласига қарамаяпти. Россияга кетиб қолганлар бор. Шуларнинг болалари энди бизларда ўқийди. Мактаб уларни 100 фоиз кечгача назорат қила олмайди. Дарсдан кейинги ҳолатига ота-оналарнинг ўзи жавоб бериши керак. Бу энди бутунлай комплекс¸ чуқур масала¸ дейди Фарғона шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Муҳаммаджон Хўжаев.

Халқ таълими мудири ташвишга тушганчалик шафқатсиз қотиллик рўй берган Фарғонада. 13 ёшли бола 15 ёшли ўртоғи билан ўз тенгдошини аввал бўғиб ўлдирган, кейин бошини тош билан уриб ёрган ва қоронғу жойга ташлаб кетган.

Январ ойининг ўзида, Фарғонада яна бир даҳшатли қотиллик содир этилган эди. Ўтган йили 9 синфни битирган бола интернатда ўқийдиган қизчани ваҳшийларча қатл этган.

Наманганлик инсон ҳуқуқи фаоли ва ўқитувчи Зоҳиджон Зокиров фикрича, мактаб муҳитига жиноятчи кўчанинг муҳити кўчиб кирмоқда. Болалар кўчада кўрганини, кинода кўрганини ўз танида ва синфдошлари мисолида синаб кўрмоқда:

Зоҳид Зокиров: Учраб турибди бу ерда. Шунақа бўлаяпти. Яқинда мана бу ерда бир воқеа бўлди. Февралда бу ерда жанжал бўлган. 9 синф ўқувчиси ëнидаги синфдоши бўлган битта қиз бола билан келиша олмасдан тортишиб қолган. Қиз ҳалиги боланинг жиғига теккан. Кейин иккаласи сўкишиб кетган. Боланинг жаҳли чиқиб ҳалиги қизни уриб ташлаган. Ҳалиги қиз кейин акасига айтиб берган. Қизнинг акаси катта танаффус пайтида келиб¸ ҳалиги болани разбор қилиб¸ толпа қилиб роса урган. Уруш бўлган роса.

Озодлик: Ëш болаларнинг орасида зўравонликнинг кучайишига сабаб нимада деб ўйлайсиз?

- Бунинг сабаби жуда кўп. Биринчидан¸ жамиятнинг ўзи бузилган. Умуман ҳеч қандай назорат йўқ. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ҳам таъсири катта деб ўйлайман. Айниқса¸телевидение орқали берилаëтган турли хил кинолар¸ Шоҳруҳ деганнинг рэп деган қўшиқлари бор. Шунинг ҳисобига жаҳолатга берилиб кетди болалар. Натижада урди¸ сўйди деган нарсалар жуда кўп содир бўлаяпти¸ дейди дейди Зоҳидхон Зокиров.

Унинг айтишича, мактаб ўқувчилари орасида зўравонлик кучайган. Ҳар бир синфнинг норасмий “шоҳ”и бор. Бу "шоҳ" бошқа синфдаги “шоҳ”лар билан доим зиддиятга кириб туради. Унинг орқасидан эса бу зиддиятга бошқа болалар ҳам қўшилади.

Сирдарё вилоятида 9 синфни ўтган йили тугатиб, ҳозир коллежда ўқиётган Абдурасулнинг айтишича, мактаблардаги вазиятни ўқитувчилар эмас¸ балки ана шундай “корол”лар назорат қилади:

Абдурасул: Корол дегани бор. Шу 1992 йил бўладиган бўлса¸ шуларнинг ичида энг бақуввати "корол деб" айтиладида. Кейингилари унинг ëрдамчилари.

Озодлик: Разбор деган нарса бормиди сизларда?

Абдурасул: Бор. Разбор бўлади.

Озодлик: Разборда нима кўрилади?

Абдурасул: Разборда уруш ҳақида ҳангома бўлади. Иккита урушиб қолган боланинг ўратасидаги гап.

Озодлик: Иккаласи урушади¸ қолганлар томоша қилади-а?

- Ҳа. Қўшилиб кетиши ҳам мумкин. Толпа ҳам бўлиб кетади. Разбор стадионми¸ мактабнинг орқасими¸ ҳеч ким йўқ жойда бўладида¸ дейди Абдурасул.
XS
SM
MD
LG