Линклар

Собиқ ЮКОСчилар ҳам рекорд қўймоқчи


Европа суди ўз тарихида мисли кўрилмаган даражадаги товон пули талаб этилаëтган ишни кўришга киришди.

Европа суди ўз тарихида мисли кўрилмаган даражадаги товон пули талаб этилаëтган ишни кўришга киришди.

ЮКОС собиқ раҳбарлари ва акциядорлари Россия ҳукуматини сиёсий мотивлар билан йирик нефт ширкатини синдирганликда айбламоқдалар. Ёпилган ширкат вакиллари Москвадан салкам 100 миллиард доллар товон пули тўлашни талаб қилмоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ўз тарихидаги энг йирик ишлардан бири - Россияда қачонлардир қудратли бўлган ЮКОС ширкатининг ёпилиши билан боғлиқ ишни кўриб чиқа бошлади.

Собиқ ЮКОС ширкати вакиллари Россия ҳукуматини сиёсий мотивлар билан йирик нефт ширкатини синдирганликда айблаб, расмий Москвадан оз эмас, кўп эмас 98 миллиард доллар товон пули тўлашни талаб қилмоқдалар.

Ўтмишда Россиянинг энг қудратли ширкатларидан бири ҳисобланган ЮКОС 2006 йилда синганини эълон қилган. Бунга эса ширкатнинг бир неча миллиард доллар миқдорида солиқ тўламаганликда айблангани ва ЮКОС асосчиси Михаил Ходорковскийнинг қамалаши сабаб бўлган.

Товламачилик ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган ЮКОСнинг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский айни пайтда саккиз йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Ходорковский тарафдорлари ЮКОС собиқ раҳбарининг қамалиши ва йирик ширкатнинг ёпилиши ортида сиёсий сабаблар турганини таъкидлаб келмоқдалар.

4 феврал куни бошланган маҳкама жараёнига ишончсизлик билан қаровчилар ҳам йўқ эмас ва улар фикрича, ЮКОС бир неча йил аввал йўқ бўлиб кетгани туфайли, Европа судига шикоят қилганлар ширкатнинг синиши ортидан кўрилган зарарларни қоплатишда муваффақиятга эриша олмайдилар.

Бироқ ўтмишда ҳам Россияга қарши ҳукм чиқарган Страсбургдаги Европа маҳкамасининг бу гал ҳам Москвани жазолашдан ўзини тиймаслигини тахмин қилаëтганлар ҳам йўқ эмас.

Собиқ ЮКОС вице-президенти, ҳозирда Лондонда истиқомат қилувчи Александр Темеркога кўра, ЮКОС шикоят аризасининг Европа маҳкамаси томонидан қабул қилинишининг ўзиёқ яхшилик аломатидир.

-Страсбург маҳкамаси ушбу ишнинг кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўлади, деган қарорни аллақачон қабул қилиб бўлди. Шак- шубҳасиз Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ЮКОСга нисбатан қабул қилинган қонун ва унга бўлган босим ортида сиёсий мотивлар тургани борасида билдирилаётган ташвишларни кўриб чиқади, дейди Александр Темерко.

Европа суди, шунингдек, ЮКОС ва унинг раҳбари Ходорковский устидан олиб борилган маҳкамадаги қонунбузарчиликлар юзасидан собиқ ширкат вакиллари топширган шикоят аризасини ҳам кўриб чиқади.

Европа суди қарорлари Европа кенгашига аъзо барча давлатлар, жумладан, Россия учун ҳам мажбурийдир. Агар расмий Москва айбдор деб топилгудек бўлса, тайинланган товон пулини тўлашга мажбур бўлади.

2007 йилнинг октябр ойида Европа суди Ходорковскийнинг ҳамкори Платон Лебедев шикоят аризасини кўриб чиқиб, айбланувчининг ҳақ-ҳуқуқлари бузилган¸ деб топган ҳамда Россиядан “МЕНАТЕП” банки собиқ раисига 10 минг евро товон пули тўлаш ва қайд этилган қонунбузарчиликни бартараф этишни талаб қилган эди.
XS
SM
MD
LG