Линклар

logo-print

Навоий кутубхонаси яна уйсиз қолди

  • Садриддин Ашур

Миллий кутубхонанинг Тошкент қалбидаги биносига 2003 йили булдозер солинган эди.

Миллий кутубхонанинг Тошкент қалбидаги биносига 2003 йили булдозер солинган эди.

4 март куни дунё жамоатчилиги Халқаро китоб кунини нишонлаётган бир пайтда, Тошкентдаги Алишер Навоий номли Mиллий кутубхонанинг Мустақиллик майдони ёнида жойлашган биносига ҳам бульдозер солинди.

Тарихий, илмий ва бадиий салоҳияти билан нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда энг йирик ва нуфузли ҳисобланмиш Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона хазинасидаги нодир китоблар яна сарсон-саргардонлик қисматига рўбарў бўлди.

2003 йилгача бу кутубхона Мустақиллик майдонидаги уч қаватли ўз биносига эга эди. Бироқ Олий Мажлис Сенати учун қуриладиган бино учун айнан кутубхона турган жой танланди ва кутубхона зудлик билан Тошкент вилоятининг собиқ ҳокимияти биноси ҳамда Мустақиллик майдони ёнидаги собиқ КГБ биносига кўчирилди.

Ўтган етти йил мобайнида, Тошкентда қанчадан қанча осмонўпар бинолар, савдо марказлари, йўллар ва кўприклар қурилган бўлсада, ҳукумат ваъда қилган миллий кутубхонага пойдевор тоши ҳам қўйилмади. Бугун эса, Навоий кутубхонаси китоблари учинчи ва тўртинчи жойларга тақсимлаб ташланмоқда.

Китоблар энди қаерга кўчириляпти, деб сўрадик Мустақиллик майдони ёнида жойлашган (собиқ КГБ биноси, ҳозир Геология вазирлиги ҳам ўша ерда) кутубхона мудираси Малика Матмуродовадан:

Малика Матмуродова: Қатортолда АТС бор эканку. Ўша бинонинг тўртинчи қаватига кўчаяпти. У ерга фақат ҳозирча газеталаримиз билан чет эл адабиëтлари фонди кетди. Бошқа китобларимиз ҳали бу ерда. Бу ердаги беш этажда. Булар кетгани йўқ. Булар у ëққа бормайди.

Озодлик: Хўш, қолган китоблар қаерга кўчирилади?

Малика Матмуродова: Улар ҳали аниқ эмас. Улар тўғрисида ҳали маълумот бўлгани йўқ. Ҳозирча биномизнинг икки томонига қўшимча қурилган бино йўлга тушар экан. Шунинг учун уни бузаяптилар. Ўша жойга янги бино қурилади. Технический деган биномиз бор. У Мавлонова кўчасида. Ирригация институтининг ëнида. Ирригация институтининг ëтоқхонасини бизга қайтадан таъмирлаб бердию.

Озодлик: Кутубхона энди нечта жойга тақсимланиб кетди?

- Ҳозирча учта жойда. Тўртинчи жойи ўша жой¸ дейди Малика Матмуродова.

Кутубхона мудирасининг айтишича, китобларни сақлаш учун талаб қилинадиган шароит ҳозирча ҳеч қаерда йўқ.

Малика Матмуродова: Йўқ¸ ҳеч қаерда йўқ. Нима қилайлик энди. Мослаштирилиб янги бино қурилмоқчи. Бу бинога анчагина нарсаларимиз сиғади агар режадаги ишлар қилинаëтган бўлса. Сиз айтгандай замонавий типда қурилади ва ҳозирги даврдан анча яхши бўлади.

Озодлик: Янги катта кутубхона қурилаяптими? Шунақа режа борми?

- Айтишлари бўйича¸ Халқаро симпозиумлар ва миллий кутубхона¸ деб қурилади деган гап бўлаяпти¸ дейди Малика Матмуродова.

Тошкентлик ўқитувчи Шавкат Бадаловнинг айтишича, бир қисм китоблар подвалларга кўчирилган.

- Кутубхона алоқа коллежининг подвалига кўчирилипти. Ҳозирги технический китоблар ўша ëққа кўчаëтган экан. Бадиий китоблар илгари кўчирилиб бўлинган экан. “Бир-икки йилгача кутубхона ўз фаолиятини тўхтатар экан. Ҳозир у ерда сақлашга ҳеч шароит йўқ” дейишаяпти. Подвал энди подвал барибир¸ дейди Шавкат Бадалов.

Кутубхонанинг китоб сақлаш бўлими мудираси Фарида Носированинг айтишича, кутубхонада шундай нодир китоблар борки, у нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ва дунё тарихидир.

Фарида Носирова: Навоийнинг ҳамма асарлари бор.

Озодлик: Эски нашр этилганлари ҳам борми?

Фарида Носирова: Бор. Араб алифбоси¸ лотин алифбосидагилар ҳам бор. Кейин кўпини билзар нодир нашрлар бўлимига топширганмиз.

Озодлик: Мана мутахассис экансиз. Китоб сақлаш бўлимида ишлар экансиз. Ҳозирги шароит китобни нормал сақлашга имконият берадими?

- Нормал сақлаш учун шароит керак. Унчалик йўқда. Яхши бино бўлса қани эди. Ҳаммамиз бир жойда бўлиб¸ қанийди¸ яхши бўларди¸ дейди Фарида Носирова.

Тошкентлик журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, қурилиш потенциали жуда баланд дейилаëтган Ўзбекистонда негадир кутубхона қурилиши қолиб кетмоқда.

- Навоий кутубхонасининг бугунги аҳволи деймизми¸ кўча-кўч¸ неча йилардан бери сарсон. Бугунги Навоий кутубхонаси уч жойда жойлашган. Бир мустақиллик майдонида¸ Хоразм кўчасида бош корпуси. Яна қаердадир техник адабиëтлари. Мана Геология вазирлигида бугун бузилишнинг тўртинчи куни экан. Бино бир томондан бузилаяпти¸ иккинчи томондан адабиëтлар кўчирилаяпти. Яна афсусланарли жойи шундаки¸ мана шу жойга бир неча кундан бери¸ анча вақтдан бери “Тошкентда бир фасон магазин қурилар эмиш. Бу магазин фалончаники бўлар эмиш” деган овоза юрипти. Шамол бўлмаса¸ дарахтнинг учи қимирламайди. Агар Ўзбекистон президенти мана шу нарсадан тўла хабардор бўлса¸ кутубхонага бундай муносабатга у киши бардош бера олмайди. Оз-моз билган одам сифатида¸ инсоф билан¸ диëнат билан¸ тўла виждон билан айтаманки¸ агар бугунги Навоий кутубхонасининг аҳволидан президент хабардор бўлса¸ Навоий кутубхонасининг бугунги тақдири бутунлай бошқача бўлади. Мен бунга тўла аминман¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

Шароф Убайдуллаев фикрича, Навоий кутубхонасининг бугунги аҳволини президент эътиборига етказиши мумкин бўлган учта манба бор. Булар Ўзбекистон Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ва Президент маслаҳатчилари. Бироқ, дейди Шароф Убайдуллаев, бу уч манбанинг бирортаси ҳам бу муаммони етказишга қодир эмас.

- Мана шундай жойда жуда афсус қиласизки¸ мен бугун энди очиқ гап гапираяпман¸ у кишининг Озодликни эшитишга вақти йўқ¸ Навоий кутубхонасига¸ табиий у киши бормайди¸ бора олмайди. Энди Худодан сўрайман¸ президентимиз Озодликни эшитиб қолса¸ Озодликдан бошқа жойда гапирадиган манба бўлмаса¸ Давлат маслаҳатчисига ўхшаган мулойим одамлар ҳамма ëқни президентга чиройли қилиб кўрсатаман¸ деб Ўзбекистонни гўрга тиқаëтган бўлса¸ бутун аҳвол аман шу даражага боришига мана шунақа айрим одамларгина президент билан халқ ўртасида¸ маданият ўртасида кўприк бўлиши бурчи эканлиги¸ виждоний хизмат вазифаси эканлигини аллақачон эсдан чиқарган мулойим одамларни ўйлайманки¸ қўштирноқ ичидаги меҳнатининг самараси. Шунинг учун бугун Навоий кутубхонасига булдозерлар тушган экан¸ шу булдозерларнинг тушишига сабаб бўлган одамлар кўзини очиши керак. Бу вақтлар¸ бу чархпалаклар¸ бу дунëлар тезгина ўтиб кетади. Эртага Навоий кутубхонасига ўхшаб дуру гавҳарларимизнинг сочилиб ëтганлиги жуда кўп гап-сўзларга айланиб кетиши мумкин. Фасон магазинлар ҳамма жойда ўзига жой топади. Уларга бунчалик жон куйдирмаслик керак¸ дейди журналист Шароф Убайдуллаев.

Алишер Навоий номидаги кутубхона илк бор 1870 йилда Тошкентда жамоа кутубхонаси сифатида ташкил қилинган эди. Кутубхонанинг илк фонди 2200та китобни ташкил этган эди.

1948 йилда кутубхонага Алишер Навоий номи берилди ва ўша йили Тошкент марказида қурилган уч қаватли бинога кўчиб ўтди.

2002 йилда бу кутубхонага Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона номи берилди.

2003 йилда бу кутубхона биноси бузилиб ўрнига Олий Мажлис Сенати қурилди ва кутубхона фонди турли жойларга бўлиб ташланди.

Кутубхона фонди дунёнинг 75 тилидаги 10 миллион нусха ҳужжатга эга. Бунинг уч миллиони ўзбек матбуоти коллекцияси ва икки миллионга яқини техникага оида адабиётдир.

Кутубхона фонди 250 мингта нодир нашрларга эга. Унинг 15 минги жуда ҳам тансиқ тарихий адабиётлар ва қўлёзмалардир.

Бу йил Алишер Навойи номидаги бу кутубхона ташкил этилганлигига 140 йил тўлади.

Сенатга ўз жойини бўшатиб берган 140 ёшли кутубхона эса ҳанузгача уйсиз қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG