Линклар

Иглесиас Гулнора Каримова ҳақида гапиришни истамади

  • Ҳурмат Бобожон

Хулио Иглесиас Озодлик билан суҳбатда асосан Ўзбекистоннинг гўзаллиги ҳақида гапириш билан чекланди.

Хулио Иглесиас Озодлик билан суҳбатда асосан Ўзбекистоннинг гўзаллиги ҳақида гапириш билан чекланди.

Таниқли испаниялик хонанда Хулио Иглесиас Озодлик мухбири билан суҳбатда Гулнора Каримова ҳақида гап очилгани заҳотиёқ телефон гўшагини қўйиб қўйди. Испан қўшиқчиси ҳам ўтган йили Тошкентга бориб¸ Гулнора Каримова билан бирга қўшиқ куйлаган эди.

Суҳбат аввалида Иглесиас 2008 йилда Ўзбекистонга концерт билан боргани ва бу мамлакатдан илиқ таассурот билан қайтганини айтди.

- Гўзал, мафтункор ўлка экан. Жуда кўп жозибадор одамларни у ерда кўрдим. Мусиқага ишқивоз бўлганлар бу мамлакатда ниҳоятда кўплиги мени қувонтирди. Тошкентда бўлдим, Навоий театрида концерт бердим. Тошкент менга жуда ёқди, жуда гўзал шаҳар экан, деб бошлади Озодлик билан суҳбатни Иглесиас.

Аммо мухбирнинг бу концерт Ўзбекистон президентининг қизи таклифига кўра уюштирилганмиди, деган саволини эшитган ҳамоно ипаниялик қўшиқчи суҳбатни давом эттиришни истамади.

- Мен мухлисларим учун қўшиқ айтаман. Оддий одамлар учун қўшиқ айтиш мен учун приоритет. Хитойдан тортиб Россиягача Финляндиядан тортиб Австралиягача бўлган худудда мухлисларим бор. Улар учун қўшиқ куйлаш мени ҳаётим. Завқли одамлар учун завқ билан қўшиқ айтиш мени бурчим. Бор гап шу¸ дедида телефон гўшагини қўйиб қўйди Хулио Иглесиас.

Тошкентдаги Алишер Навоий Миллий опера биносида ўтказилган Хулио Иглесиас концерти чипталари 1000 долларга сотилгани хабар қилинган эди. Бу мамлакатдаги ўртача ойликдан 20 баравар қимматдир.

Хулио Иглесиас Тошкентдаги Алишер Навоий театрида концерт берибгина қолмай, Гулнора Каримова билан дуэтда "Бесаме мучо" қўшиғини ҳам айтган.

Ўтган йили Миланда Гулнора Каримованинг "Гули" бренди тарафидан уюштирилган Мода ҳафталиги ҳам Хуило Иглесиссиз ўтмади.

Бунинг учун Каримова хоним қўшиқчига қанча тўлагани ҳақидаги саволлар очиқ қолди.

Иглесиаснинг концерти ортидан Род Стюарт ва Стинг каби каби машҳур юлдузлар ҳам яқинда Тошкентда қўшиқ куйладилар.

Британия газеталарининг ёзишича, Гулнора Каримова Стинг концерти учун 3 миллион доллардан ошиқроқ ҳақ тўлаган.

Айни пайтда Гулнора Каримова учун Тошкентда концерт бергани ва бир кечалик бу концерт учун 3 миллион доллардан ошиқ ҳақ олгани Британия жамоатчилиги ғазабини қўзғашда давом этмоқда.

Декабр ойида Real Madrid клуби юлдузи Cristiano Ronaldo Ўзбекистондаги энг йирик Бунëдкор футбол клуби хўжайини бўлмиш 37 яшар Каримова хоним билан учрашиш учун Тошкентга борди. Айрим манбалар Каримовага тегишли махсус учқичда Швейцариядан Тошкентга фақат бир кунга келиб кетган бу футбол юлдузига ҳам нақд 3 миллион евро тўлангани ҳақида хабар тарқатди.

Айни шу клубга мураббийлик қилаëтган Chelsea клубининг собиқ тренери Лузи Фелипе Сколарининг Тошкентдаги йиллик маоши 16 миллион евро ва у дунëнинг энг қиммат мураббийси ҳисобланади.

Озодлик билан камида 15 минут суҳбат қилишга розилик берган жаноб Иглесиасдан жавоб кутаëтган саволлар анча эди. Улар орасида хусусан:

- Ўз мухолифларини тириклайин сувда қайнатишдан то қашшоқликдан безган фуқаролари намойишга чиқса, уларни қирғин қилишию болаларни қулларча меҳнатга мажбурий сафарбар қилиниши айтиладиган мамлакат раҳбари қизининг миллионлаган пули эвазига қўшиқ айтиш адолатданми? деган савол ҳам бор эди.

Аммо Хулио телефон гўшагини қўйиб қўйди ва бу билан Озодлик деган сўзни эшитиши ҳамоно ë гўшакни қўйиб қўядган ëхуд ўзини эшитмаëтганга соладиган ўзбек мулозимларини эслатди.

Озодлик жавобсиз қолган саволларни унга электрон почта орқали жўнатди. Аммо ҳозирча бу мактубга жавоб келгани йўқ. Телефондаги суҳбатнинг кутилмаганда узилганидан келиб чиқилса¸ жавоб келмаса ҳам керак...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG