Линклар

logo-print

Чегара бузган ўзбекистонлик отилди


Қирғизистон чегарачилари узган ўқдан бир ўзбекистонлик ҳалоқ бўлди.

Қирғизистон чегарачилари узган ўқдан бир ўзбекистонлик ҳалоқ бўлди.

4 март куни Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат қилган икки нафар ўзбекистонликка нисбатан қирғиз чегарачилари ўқотар қурол қўллашга мажбур бўлган. Қирғиз чегарачиси отган ўқдан бир ўзбекистонлик ўлган, иккинчиси эса яраланган.

4 март куни бўлиб ўтган воқеа юзасидан Қирғизистон Чегара хизмати эмас, Боткен вилоят ҳокимиятининг матбуот хизмати ахборот тарқатди. Унда айтилишича¸ Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси Ўзбекистоннинг Фарғона ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари туташган “Айрбас” чегара пунктидан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилган.

- Ўзбекистоннинг икки фуқароси қирғиз чегарачиларининг огоҳлантиришига қарамасдан, чегарадан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганлар. Чегарачилар ҳавога қарата огоҳлантирувчи ўқ узганлар. Бироқ ўзбекистонликлар ортга қайтмаганлар. Шундан сўнг чегарачиларимиз ўзбекистонликларга қарата ўқ отишга мажбур бўлганлар ва уларни оёқларидан яралаганлар, деди Боткен вилоят ҳокимияти матбуот котиби Мамажон Бердишев.

Қирғиз чегарачилари отган ўқдан ҳар иккала ўзбекистонлик ҳам яраланган. Улардан бири касалхонага олиб кетилаётганда нобуд бўлган. Иккинчиси эса Қизилқия шаҳар касалхонасида операция қилинган. Шифокорларнинг хабар беришларича, ҳозир унинг ҳаётига хавф мавжуд эмас.

- Айни пайтда Қирғизистон ҳарбий прокуратураси икки нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан мамлакат жиноят кодексининг 346 - моддасига биноан чегарани ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат айби билан жиноят иши очган, деди Мамажон Бердишев.

Расмийнинг билдиришича, Ўзбекистон томони ҳозирча бўлиб ўтган воқеага ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Айни пайтда матбуот учун доимо очиқ бўлган Қирғизистон Чегара хизмати бу сафар воқеа тафсилотларини ва Ўзбекистон фуқаролари исми-шарифини сир сақламоқда.

Чегара масалаларини ўрганган бишкеклик сиёсатшунос Ўрўзбек Молдалиев фикрича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида бўлиб ўтган мазкур воқеага бир томонлама баҳо бериш ва бу воқеада фақат Ўзбекистон фуқароларини айблаш нотўғри бўлур эди.

- Ростини гапирсак, Ўзбекистон фуқаролари тартибсиз, қонун-қоидани билмайди, деб ҳеч ким айта олмайди. Чегарачилар ва божгирлар билан тил бириктирган махсус гуруҳлар бор ва бу гуруҳлар чегарадан ноқонуний тарзда маҳсулот олиб ўтиш билан шуғулланиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу масала очиқ-ойдин кўтарилмаётгани учун ҳам, чегарада тартиб ўрнатиш қийинроқ бўлмоқда, дейди Ўрўзбек Молдалиев.

Суҳбатдошимиз фикрича, чегарада 4 март куни бўлиб ўтган қонли фожиа ҳам мана шундай манфаатлар тўқнашуви ҳосиласи бўлиши мумкин.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара олди ҳудудида яшовчи аҳолининг эса бу борада бошқача фикри бор. Бу ерда яшайдиган одамларнинг гапларига ишонадиган бўлсак, икки давлат чегарасини бузиб ўтишга одамларни чегарачи ва божгирларнинг таъмагирлиги кўпроқ сабаб бўлмоқда.

“Ўзбекистон чегарачилари ҳам¸ Қирғизистон чегарачилари ҳам чегарадан ўтишни бизнесга айлантириб қўйди. Савдога айланиб кетди. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларида у томонга ўтиш учун ҳам¸ бу томонга тўиш учун ҳам пул талаб қилишади”.

“Давлат шунга ўз фуқароларини мажбур қилаяпти. Нимага десангиз¸ божхоначилар¸ чегарачилар¸ милиционерлар пул олади”.

“Энди менинг фикримча¸ иккала тарафда ҳам ҳозир коррупция иш кўрсатаяпти”.

“Ҳатто студентларнинг талабалик гувоҳномасига ҳам қарамайди. “Талабалик гувоҳномангни ўқишингга олиб бор. Мактабингда кўрсатасан” дейишади. Унга қараб ҳам қўйишмайди. Билим олишга келаëтганимизда ҳам чегарадан пул тўлаб ўтамиз¸ дейишади Ўзбекистон-Қирғизистон чегара олди ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG