Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:41

Бир саволга 5 жавоб - Янги нишон Ўзбекистон бойларими?


Норасмий манбалардан келаëтган хабарларга қараганда¸ Ўзбекистондаги импорт, банк¸ суғурта¸улгуржи ва чакана савдо соҳасининг аксар улушини ўз назоратига олган йирик ширкат раҳбарлари бир пайтда ҳибсга олинган ëки мамлакатдан қочиб кетган.

5 март куни ferghana.ru ахборот агентлиги Ботир Раҳимовнинг бир неча кун олдин Тошкентда ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.

Исми ошкор этилмаган манбанинг агентликка билдиришича, йирик тадбиркор Ботир Раҳимовнинг қўлга олиниши унинг спорт соҳасидаги эмас, балки бизнес фаолияти билан боғлиқ.

Ботир Раҳимов Капитал банк, суғурта компанияси, рангли метал қазиб чиқарадиган конни ҳам ўз ичига олган қатор ширкатлардан иборат Капитал холдинг соҳиби ҳисобланади.Ўзбекистон меҳмонхонаси, "Моя мечта" ўсимлик ёғи ва сарёғ, вино-ароқ ишлаб чиқарадиган заводлар ва Тошкентдаги қатор ресторанларнинг ҳам Ботир Раҳимовга тегишлилиги айтилади. Айни манбага кўра¸ Ботир Раҳимовнинг укаси ва бизнес шериги Бахтиëр Раҳимов ҳозирда Малайзияда¸ қочувда.

Айни пайтда¸ Озодликка Тошкентдан келган хабарларда ëзилишича¸ Зеромакс ширкатининг бош ижрочи директори Миродил Жалолов ва унинг укаси Ғайрат Жалоловлар ҳам Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ҳисбга олинган.

Бу хабар ортидан Озодлик Ўзбекистон МХХ сига мурожаат қилди ва улардан: "Бу ҳақда телефонда ҳеч қандай маълумот берилмайди. Аккредитация олиб¸ Тошкентдаги идорамизга келинг" деган мазмундаги одатий жавобни олди.

Зеромакс ширкатининг на Тошкент ва на Швейцариядаги рақамларига қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Айтилишича¸ Карвон бозор раҳбарлари ортидан Тошкентда Алп Жамол корпорацияси раҳбарларига ҳам босим бошланган ва ҳозирда ширкат раҳбари Муҳиддин Асомутдинов ҳам хорижга чиқиб кетган.

Номи келтирилаëтган бу катта тадбиркорлар Ўзбекистон режимининг содиқ хизматчилари ва ҳокимиятнинг энг юқори даражали амалдорлари қанотида иш олиб борган катта миллионерлардир.

Хўш¸ Тошкентдан келаëтган бу хабарлар қанчалик асосли ва уларда жон бўлса¸ бу қама-қамалар нимани англатади?

Шу пайтга қадар ўзгача фикрловчилар¸ асосан мухолифатчилар¸ ҳуқуқ фаоллари¸ мустақил диндорларни нишонга олиб келган жазо машинаси ўз нишонини энди Ўзбекистоннинг янги бойлари томон бурмоқдами?

Бу саволга МХХ дан жавоб бўлмагач¸ узуқ-юлуқ хабарлардан бораëтган мазкур жараëн манзарасини йиғишга уринаëтган ҳамкасбларимизга юзландик.


Абдураҳмон Ташанов¸ журналист ва ҳуқуқ фаоли:


Абдураҳмон Ташанов
Менда расмий манбага асосланган ëки бўлмаса рад қилиб бўлмайдиган манбаларга асосланган хабар йўқ. Одамларнинг ўзлари анчадан бери “Одилни қамаганмиш¸ Ғафурни қамаганмиш” деган гап гапириб юрган эди. Яқинда тадбиркорлардан бири гапириб қолди. “Кечадан олдинги куни Одил номи билан машҳур бўлган Миродил Жалолов ҳибсга олинибди. Ҳозир СНБ подвалида экан” деган гапларни гапиришди. Бундан ташқари кеча Ботир Раҳимовнинг қамоққа олингани ҳақида гаплар ҳам бўлди. Тошкентда унинг “Моя мечта” деган гигант корхоналари бор. Бундан ташқари алюмин бизнесининг хўжайини деб гапиришар эди. Россиянинг авторитетлари чиқарадиган Элита деган журналлари бор. Шунақанги шахслар қўлга олингани ҳақида гаплар бор.

Аслида кўп илғор жамиятларда тадбиркорларни қамоққа олиш салбий ҳолат сифатида баҳоланади. Ўзбекистон жамиятида биз агар Миродил ëки қанақадир Ботирлар ҳақида гап кетадиган бўлса¸ мен уни салбий ҳодиса демайман. Чунки Ўзбекистонда авторитетларнинг пайдо бўлиши бевосита жиноятчилик билан¸ мафия билан¸ коррупция билан¸ қонунбузарлик билан боғлиқ ҳодиса деб ўйлайман. Миродил Жалоловнинг президент оиласига яқинлигига қайтадиган бўлсак¸ ўтган йил 27 август куни шахсан президент фармони билан мукофотланиши масаласига келадиган бўлсак¸ кейинги пайтларда Ўзбекистонда Ғарб билан яқинлашув маъносида¸ айниқса янги йилдан кейин қанақадир тушуниб бўлмайдиган ислоҳотлар бошланди. Бизнинг кўзимизга ҳозир бу бирмунча яхшидай¸ ижобий ислоҳотлардай кўринаяпти. Масалан¸ иккита таълим вазирининг олиб ташланиши¸ бу соҳанинг чуқур текширилиши¸ бошқа соҳаларнинг текшрилишида қандайдир ижобий фактлар бордек ва шу билан бирга авторитетларнинг қамоққа олиниши билан мана шу ҳодисаларда қандайдир уйғунлик борга ўхшайди.

Бу ерда иккита нарса. Масалан одам бирданига яхши томонга ўзгаришни истаб қолиши мумкин. Иккинчидан¸ ўзининг чўмичлари деймиз¸ коррупциянинг аслаҳаси сифатида келтирадиган бўлсак¸ чўмичларни янгилаш маъносида ҳам бўлиши мумкин. Бир томондан бугун кимдандир фойдаланиб¸ уни эртага йўқ қилиб¸ кимнидир ўртага чиқариш масаласида ҳам шунақа бўлиши мумкин. Иккинчи томондан президент оиласи¸ президент шахси ëки бўлмаса ҳукуматнинг шахсий таркиби билан боғлиқ жуда ëмон хулосалар келиб қолди. Ҳозир биз ривожланган Ғарбга қараб оғаëтган пайтимизда булар ўз шахсини оқлаши керак. Ўзини яхши ислоҳотларга кетаëтгандай қилиб кўрсатиши керак. Шу нуқтаи назардан уйғунлик борга ўхшайди. Яна билмадим. Бир хил пайтларда Ўзбекистоннинг ҳаракатларида мантиқ топиш қийин.



Сергей Ежков¸ www.uzmetronom.com интернет газетаси бош муҳаррири:

Сергей Ежков
Бу хабарлар нотўғри. Миродил Жалоловни ҳеч ким ҳибсга олгани йўқ¸ у ҳозир Тошкентдаги офисида ишлаб ўтирибди¸ унинг укасини ҳам қамашгани йўқ. Ботир Раҳимов тақдири эса¸ яқин соатларда ҳал бўлади. Бу хабарлар ҳақиқатдан йироқ ва кимгадир бу одамларни вақтидан олдин ҳибсга тиқиш керак бўлиб қолганга ўхшаяпти. Бу хабарларнинг қаердан¸ кимдан чиққанини ҳеч ким билмайди ва ҳозир шахсан мен ҳам “модератор”ни излаяпман ва ҳозирча аниқ бир гап айта олмайман. Бу хабарларда кимнинг қамалганию¸ қайси ширкатнинг кимга қарашлилиги ҳақида жуда кўп хатоликлар бор. Ҳозирги вазиятда кўпчилик хитойча принципда ишлаяпти – “Ўртоқ фалончи фалон жойда фалон гапни айтди!” . Ким айтди¸ қачон айтди¸ буниси қоронғу.

Умуман бу жараëнлар ортида нима бор¸ деган саволга келсак¸ кейинги пайтларда президент Каримов мамлакатнинг белгиловчи соҳаларига ëши 40 лар атрофида бўлган янги кадрларни тайинлашга киришди. Ҳокимиятда авлод алмашинув фасли бошланди. Шу боис¸ ҳокимият ва унга яқин тизимларда жуда узоқ ўтириб қолганлар¸ бу жойда коррупция ботқоғига ботганлар келадиган ëшларни синдирмаслиги учун майдонни тозалаш бошланди. Бундан мақсад бизнесни синдириш эмас¸ балки коррупциялашган алоқаларни узишдир. Шу боис¸ ҳокимият тепасида ўтирганлар ва уларга боғлиқ иқтисодий занжирлар тегирмон тоши остига тушмоқда. Мақсад нима – мақсад майдонни ëш кадрлар учун бўшатиш. Бу жараëн ҳозир энг тепадан бошланди ва ҳали вилоят¸ шаҳар ва район даражасига ҳам навбат келади. Ҳозир гап Тошкентдаги катта бизнес эгалари ҳақида эмас¸ балки уларга ҳомийлик қилиб келган ҳокимият структураларидаги коррупцион доиралар ҳақида кетаяпти. Ҳозирги жараëндан мақсад¸ ана шу кейингиси аниқлаш ва йўқотишдир.

7 декабр куни¸ конституция кунига бағишланган тадбирда махсус маъруза қилган Ислом ака:” Ўзбекистонда олигархлар бўлмайди. Агар бу ерда ўтирганлардан қай биридир¸ бундай эмас¸ деб ўйласа¸ мен яна такрорлайман - Ўзбекистонда олигархлар бўлмайди”¸ деди. Гарчи кейинчалик бу гап нутқнинг эълон қилинган расмий матнидан олиб ташланган бўлса-да¸ бу айтилди ва буни керакли одамлар тушунди. Лекин ҳозирги жараëнни олигархларга қарши кампания деб аташга шошмаган бўлардим. Қочиб кетди¸ ҳибсга олинди дейилаëтган катта бизнесменларнинг бари ҳозирда гумонланаëтганлардир. Улар Ўзбекистон ҳокимиятидаги кўплаб шахсларнинг пул ювиш¸ даромадни яшириш каби коррупцион ишларига алоқадорликда гумон қилинаяптилар¸ холос. Нишонда¸ ҳокимият юқори поғоналарида ўтирган амалдорлардир.


Галима Бухорбоева¸ uznews.net мустақил ахборот агентлиги бош муҳаррири:

Галима Бухорбоева
Бундан бир неча кун олдин биз ҳам Зеромакс ширкати ижроия директори Миродил Жалоловнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар олдик. Афсуски¸ ҳозиргача буни тасдиқлатишнинг имкони бўлмади. Биз Зеромакснинг Швейцариядаги идорасига телефон қилсак¸ Тошкентга мурожаат қилишни айтишмоқда. Тошкентда эса¸ телефонни ҳеч ким кўтармаëтир. Шунинг ўзиëқ одамга бироз шубҳали туюлади¸ зотан Ўзбекистондаги энг йирик ширкат қабулхонасида телефонга жавоб берадиган котиба бўлиши керакку! Биз шунингдек¸ Миродил Жалолов раисдоши бўлган Британиядаги Oxus ширкати билан ҳам боғландик ва улар ҳам бу борада шарҳ бермаслигини билдирди. Айни пайтда келаси ҳафта бу борада бирор гап айтишни ваъда қилишди. Умумиятла вазият анча ташвишли ва жамоатчилик учун мутлақ ëпиқ кўринади.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ Ўзбекистонда бир гуруҳ катта тадбиркорлар ҳибсга олинган. Бу эса¸ Ўзбекистонда юзага келган ҳозирги вазиятда ҳамманинг бирдек ҳимоясиз эканини кўрсатади. Бу режим¸ аслида кичик бир гуруҳнинг ниҳоятда бойиши учун хизмат қилишга тузилган эди. Аммо мамлакатдаги ҳуқуқий бедодлик бугунга келиб энг катта бойларни ҳам мутлақ ҳимоясиз мурватга айлнатириб қўйди. Уларга маълум вақтда худди қўйлар каби¸ ям-яшил ўтлоқлардан истаганича еб- ичишга рухсат берилди¸ аммо исталган пайт уларнинг исталганини қурбонликкка келтиришади.

Агар жараëндан қандайдир маъни қидирадиган бўлсак¸ бугун Ўзбекистонда мулкни қайта тақсимлаш жараëни кетмоқда. Ўзбекистон ҳокимиятидаги катта амалдорлар ўртасида қайта тақсимот кетмоқда. Катта бизнес ва мафия доираларига ҳомийлик қилиб келган катта амалдорларнинг ўз таъсирини йўқота бошлагани¸ улар ўрнига келаëтганларнинг эса¸ бизнес майдонига ўз одамларини қўя бошлаганини тахмин қилиш мумкин. Бундай жараëн Ўзбекистонда авваллари ҳам бўлган¸ ҳозирги ягона фарқ¸ унинг кўлам ва даражасида бўлиши мумкин¸ холос. Бу Ўзбекистондаги каби режимлар учун мантиқий жараëндир.

Агар Миродил Жалолов ҳибсга олинган бўлса¸ бу икки нарсани англатиши мумкин. Биринчиси¸ бу Миродил хизмат қилган Гулнора Каримова ва ҳатто унинг отаси позицияларининг бўшашиб бораëтганидан бўлиши мумкин. Иккинчиси эса¸ Гулнора Каримова учун ўзи ҳақида жуда кўп нарса биладиган Миродилдан қутулиш ва уни жазолаш лозим бўлиб қолган. Фактлар аниқ бўлмаган бир вазиятда тугал фикр билдириш қийин. Аммо бир нарса аниқки¸ ҳозирги мулкни тақсимлаш жараëнидан кимнинг қўли баланд бўлиб чиқса¸ айнан шу шахс ëхуд гуруҳ Ўзбекистон ҳокимиятига келажакда ким келишини белгилаш мақомига эга бўлади. Қадимги нақлга кўра¸ пул қаëққа кетса¸ шунинг кетидан бор. Бугун катта пул кимнинг қўлида тўпланса¸ эртага ҳокимият ҳам шуники бўлиши мумкин.


Алексей Волосевич¸ ferghana.ru ахборот агентлигининг Тошкентдаги мухбири:

Алексей Волосевич
Ҳозирда Тошкентда бораëтган қама-қамалар ҳақида гапираëтган манбаларнинг аксарияти бунинг ортида турган сабабни бир хил изоҳлашмоқда – давлат ғазнаси бўшаб қолган ва уни нима қилиб бўлса ҳам тўлдириш керак. Бунинг аввалдан иш бериб келаëтган усули эса¸ йўлга қўйилган¸ мўмай даромад келтираëтган бировнинг бизнесини олиб қўйишдир. Ëки бу бизнес хўжайинини яхшилаб қўрқитиб¸ ундан жуда катта пулни тортиб олишдир.

Буларнинг бари Карвон бозордаги маш-машалар билан боғлиқ. Расман кимга қарашли эканини биров билмайдиган Карвон бозор¸ айрим манбаларга кўра Ўзбекистоннинг собиқ фуқароси Дмитрий Ким ëки Дмитрий Ли (аниқ исминиям биров билмайди) деб аталадиган одамники. Шу пайтгача кўздан панада юрган бу одамнинг бозори билан боғлиқ жараëнлардан қизиқ маълумотлар келиб чиқмоқда. Улардан айримларига кўра¸ мазкур бозор билан ҳамкорлик қилган импорт ва савдо-сотиқ билан шуғулланган камида олти ширкатнинг Ўзбекистон президенти яқинларига қарашли эканлиги ойдинлашган. Карвон бозор билан боғлиқ жараëн қанчалик ëпиқ бўлмасин¸ у жуда кўп қоронғуликларни ойдинга¸ янаям аниқроғи сув юзига олиб чиқади.

Ўзбекистондаги режим бойларга эмас¸ балки куч ишлатар тизимларига таянади. Бойларга эса¸ улар ҳокимиятдагилар билан ўз даромадларини сахийларча бўлишиб туришса¸ саройлар қуриб беришса¸уларнинг ишлаб туришига рухсат берилади.

Масалан¸ Зеромаксга қарашли ширкатлардан бири Тошкентда қурилган ҳашаматли Форумлар саройи қурилишига ҳомийлик қилган ва бунинг учун Миродил Жалолов шахсан президентнинг ўзи томонидан тақдирланган ҳам эди.

Шарқда бойлар Ғарбдаги каби сиëсий эътибор ва қудратга эга бўлган эмас. Агар Ғарбда бой одам сиëсий нуфузга эга бўлиб¸ ҳокимиятга ўз таъсирини ўтказа олса¸ Шарқда бунинг тескариси¸ ҳокимиятдаги одам учун бойлик томон эшик очилади.


Азиз муштарий¸Сиз нима дейсиз¸

Шу пайтга қадар ўзгача фикрловчилар¸ асосан мухолифатчилар¸ ҳуқуқ фаоллари¸ мустақил диндорларни нишонга олиб келган жазо машинаси ўз нишонини энди Ўзбекистоннинг янги бойлари томон бурмоқдами?
XS
SM
MD
LG