Линклар

Райҳон Соатовани зўрлаганлар иши судга оширилди


Бошига бу кўргуликлар тушгунга қадар Райҳон Соатова Миллий университетнинг бахтиëр талабаси бўлган.

Бошига бу кўргуликлар тушгунга қадар Райҳон Соатова Миллий университетнинг бахтиëр талабаси бўлган.

Сурхондарёлик Райҳон Соатовани тергов давомида зўрлаган милиция ходимларига нисбатан очилган жиноий иш бўйича тергов жараёни якунланди. Соатова боласининг отаси кимлиги ҳамда зўравон милицонерлар исми шарифининг судда ошкор бўлиши кутилмоқда.

Райҳоннинг акаси Абдусамад Соатовга кўра, синглисини тергов давомида зўрлаган 12 милиция ходими устидан очилган жиноий иш якун топди.

- Мен сўраган вақтимда “Тергов ҳозир тугаган” дейишди. Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси терговчиси Исломбоев Азиздан сўраганимда¸ “Тергов ҳозир тугади. Экспертиза натижалари чиққан. Биз гумондор деб топилган шахсларни тергов қилганмиз. Улардан қон намунасини олганмиз. Энди экспертиза натижаси чиқди” деяпти. “ДНК натижаси чиқдими?” десам¸ “Ҳа¸ чиқди” дейишди менга, дейди Абдусамад Саотов.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБнинг терговга тортилган 12 ходими ва Райҳоннинг эркак танишларидан ДНК анализи учун экспертизага юборилган қон намуналарининг натижалари маълум бўлган эса-да, тергов сири сифатида боланинг отаси кимлиги ошкор қилинмаяпти.

Опа-сингил Соатовалар 2009 йилнинг 9 майида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Миршаблар томонидан зўрлангани айтилаётган опа-сингилларнинг ўртанчаси Райҳон Соатова акасига Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимида 12 киши ўз номусига тажовуз қилгани ҳақида гапириб берган.

Аввал хабар қилганимиздек, Райҳоннинг қизи ўтган йилнинг 17 декабр куни муддатидан аввал 29 ҳафталик пайтида туғилди.

Агар ҳисоб-китоб қилинса, Райҳоннинг ҳибсга олинганидан кейин ҳомиладор бўлгани маълум бўлади.

Абдусамад Соатовнинг айтишича, куни кеча синглиси Райҳон билан жиянининг соғлиги ёмонлиги ва уларнинг иккаласи ҳам шифохонага ётқизилгани борасида хабар топган.

- Ўтган куни бир аëл телефон қилди. Синглим менинг телефонимни берган экан. У аëл “Синглингиз ҳозир Тоштурмада эмас. Унинг аҳволи яхши эмас. Жиянингизнинг ҳам мазаси йўқ. Уларни болницага олиб кетишган” деди. Синглимни ТошМИ 2 га олиб кетишганини айтди. Кейин мен ТошМИ 2 га бордим. Фамилия бўйича суриштирдим. “Соатова Райҳон исмли касал борми?” десам¸ “Йўқ” дейишди. Тоштурманинг қоровул йигитларидан сўрасам¸ “Ака¸ ҳеч қачон Тоштурмадан олиб борилган аëлларнинг фамилияси шифохона дафтарида қайд қилинмайди” деди. Терговчидан сўрасам¸ “Бизнинг хабаримиз йўқ. Мен терговни тугатганман. Мен жавоб бермайман” деди. Тоштурмага келиб синглим билан учраштиришларини сўрасам рухсат беришмаяпти, дейди Абдусамад Соатов.

Тоштурма маъмуриятидан Райҳон билан қизининг соғлиги борасида бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Опа-сингил Соатовалар билан боғлиқ ҳолатни кузатиб келаётган “Эзгулик” жамияти Райҳоннинг боласи бўйича ДНК текшируви ўтказилгани ва зўравон миршабларга қарши жиноий иш очилганини позитив ҳолат сифатида баҳолайди.

Лекин “Эзгулик” фаолларидан бири Озодлик билан суҳбатда бу ишнинг ижобий натижа топишидан хавотир билдиради.

- Райҳон Соатова ишига эътибор қаратадиган бўлсак¸ 118 - модда¸ номусга тегиш моддаси қўзғатилгани ижобий ҳол. Лекин аслида бизниг талабимиз шундан иборатки¸ миршабларга нисбатан¸ дастлабки тергов органига нисбатан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 235- моддаси¸ яъни зўраки ва қийноқлар натижасида иқрорлик олиш айби ҳам қўйилиши керак эди. Босқинчилик иши реабилитация қилиниб¸ бу қизлар озод қилиниши керак. Чунки дастлабки терговлар пайтида бу қиз зўрланган. Зўрлангандан кейинги унинг руҳий ҳолати ҳаммага тушунарли. Ҳамма нарсага қўрқув натижасида қўл қўйиб берган. Шунинг учун ҳам унинг аввалги босқинчилик иши ҳеч қандай адолат мезонларига тўғри келмайди. Бирорта профессионал қийматга эга эмас. Шунинг учун бу иш ҳам реабилитация қилиниши керак. Ҳозир дастлабки иш ўзгаришсиз қолишидан хавотиримиз бор. Лекин “Эзгулик” жамияти барибир бу қизнинг реабилитация бўлиб¸ озод қилинишига эришига ҳаракат қилади, дейди “Эзгулик” фаоли.

Сурхондарёлик уч опа-сингил Наргиза, Райҳон ва Хосият Соатовалар Тошкентда аввалига маиший жанжал туфайли безориликда айбланган¸ кўп ўтмай эса босқинчига чиқарилган ва маҳкамага тортилган эди.

Суд ҳукмига мувофиқ, Райҳон Соатова 7 йилу икки ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Унинг опаси Наргиза ҳам Зангиота туман аёллар колониясида жазо муддатини ўтаяпти. Кичик синглиси Хосият эса суд ҳукмига кўра айбдор деб топилиб, 6 йилу икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин суд ушбу ҳукмни шартли жазо билан алмаштириб, Хосиятни озод қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG