Линклар

logo-print

Юзлаб одам кўчки орасида қолди

  • Гулнора Равшан

Айтилишича¸ табиий офат ҳудудида мингга яқин одам қолмоқда.

Айтилишича¸ табиий офат ҳудудида мингга яқин одам қолмоқда.

Тожикистонда юзлаб йўловчи Душанбе марказидан 65 километр нарида жойлашган Майхўра қишлоғида кўчки асири бўлиб қолди. Йўловчилар ичида аёллар ва ёш болалар бўлишига қарамай уларни қутқариш борасида шошилинч тадбирлар кўрилмаëтир.

Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазирлиги тарқатган хабарларга кўра, Майхўра қишлоғида 4 мартдан 5 мартга ўтар кечаси кўчки юз берган.

Манбанинг таъкидича, кўчки оқибатида қурбонлар ҳозирча қайд қилинмаган.

-Ўн метр баландликдаги кўчки Душанбе-Хўжанд автомобил қатнов йўлининг тахминан ўттиз-қирқ метр масофасини қоплаб олган.
Йўловчилар орасида қурбонлар йўқ. Чунки улар кўчки тушган жойдан сал нарироқда, яъни хавфсиз жойда туришибди, дея билдирди Тожикистон Фавқулотда ҳолатлар кўмитасининг Айний тумани бўйича масъул ходими Зафар Мирзобошиев.

Фавқулотда ҳолатлар қўмитаси расмийси йўлни кўчкидан тозалаш Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазирлиги зиммасида эканини таъкидлар экан, йўл тозаланмагунча йўловчиларни қутқариш имконияти бўлмаётганини билдирди.

- Чунки бизнинг ихтиёримиздаги техникалар воқеа жойида ишлашга ярамайди, дейди қўмита расмийси.

Расмийнинг билдиришича, Майхўрада қолаётганлар сони тахминан юз киши бўлиб¸ уларни қутқариш учун Транспорт ва коммуникация вазирлиги ва Фавқулотда ҳолатлар қўмитаси барча имкониятларни ишга солади.

Бироқ кўчки асири бўлиб қолган йўловчилардан бири Панжакент туманлик Марҳамат Ҳасанова бугун ё эрта уйига етиб олишига кўзи етмаслигини айтади. Аёлнинг гапига қараганда, кўчкида қолганлар сони Фавқулотда ҳолатлар қўмитаси расмийси айтганидан бир неча марта кўпроқ экан.

-Икки болам билан Душанбега келгандим. Марказ касалхоналарининг бирида болаларим билан ётиб даволандим. Кеча йўлга тушганимизда бизга йўл очиқлиги айтилган эди. Мана ҳозир Майхўрада икки томондан эниб тушган кўчки орасида қолганмиз. Болаларим билан қийналиб кетдим. Овқатсиз, иссиқлиқсиз кўчада турибмиз. Бизни қутқараман деган бирор кимса йўқ. Бу ерда машиналар сони юздан ортиқ, одамлар эса 800 ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ. Ёш болалар, аёллар,студентлар бор бу ерда . Ҳаммамиз шу ерда, изғиринда тонгни оттирдик, дея зорланади икки боланинг онаси Марҳамат.

Ўз енгил автомашинаси билан Майхўрада қолаётган яна бир суҳбатдошимиз Муродилло кўпчилик йўловчилар юк ташувчи КАМАЗ машиналаридан озиқ - овқат сотиб олиб жон сақлаётганини айтади.

-Шу юк ташувчи машиналардан ўзининг нархидан икки-уч баравар қиммат нархда озиқ-овқат сотиб олаяпмиз. Бошқа иложимиз йўқ. Чунки бизнинг ҳолимизни ҳеч ким сўрамаяпти. Бундай ҳавода очликдан ўлиш ҳам ҳеч гап эмас, дейди Муродилло.

Ўтган йил январ ойида ҳам Майхўрада кўчки юз бериши натижасида 16 йўловчи қурбон бўлган эди.

Ана шундай ҳолатларда инсонлар ҳаётини қутқариш зиммасида бўлган Тожикистон Фавқулотда ҳолатлар қўмитаси ҳамда Транспорт ва коммуникациия вазирлиги одамларга вақтида ёрдам бера олмаётганларини ўз ихтиёрларида замонавий техника жиҳозларининг йўқлиги билан изоҳлашади.
XS
SM
MD
LG