Линклар

logo-print

Марина Салье Путинни фош қилади


Марина Салье Путин фаолиятини тафтиш қилган махсус қўмита раисидир.

Марина Салье Путин фаолиятини тафтиш қилган махсус қўмита раисидир.

"Владимир Путин Санкт-Петербург шаҳри мэриясида ишлаб турган даврда 100 миллион доллардан зиёд пулли хом ашёни чет элга чиқарган, лекин эвазига Россияга бир тийинлик ҳам нарса келмаган".

Бу собиқ Россия халқ депутати, Санкт-Петербург шаҳар кенгашининг собиқ депутати Марина Сальенинг Озодлик радиоси рус хизмати мухбири билан суҳбат чоғида айтган гапларидан бир қисми холос.

Владимир Путин ҳокимият тепасига келганига 10 йил бўлди.

Санкт-Петербург шаҳрининг илк мэри Анатолий Собчак вафот этганига ҳам 10 йил бўлди.

10 йилдан бери Марина Салье Псков областининг "ит топмас" қишлоқларидан бирида яшайди.

10 йилдан бери журналистларни яқинига йўлатмай келган Салье "Свобода" мухбири билан учрашишга рози бўлди.

Гапирган гаплари ҳаёти учун хатарли эканлигини ўзи ҳам тушуниб турибди.

Гаплари эса, қуруқ эмас, ҳамма даъволарини далилловчи ҳужжатлари бор қалин-қалин папкаларда.



- Ҳужжатлар мана бу папкаларда. Улар мени ўлдиришади, дейди Марина Салье.

Мана энди унинг айтганларидан бир чимдим.

Демак, боя айтилганидай, 90-йиллар бошларида 100 миллион доллардан зиёд пулли қимматбаҳо металлар, нефть маҳсулотлари каби хом ашё чет элга чиқарилган, лекин эвазига Россияга бир тийинлик ҳам нарса келмаган.

- Шартномалар тайин-туйуни йўқ, эрталаб очилиб, кечқурун ёпилиб кетадиган бир кунлик ширкатлар билан тузилган. Уларга лицензияни Санкт-Петербург шаҳар ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси берган. Қўмитани эса Владимир Путин бошқарар эди. Лицензияларни ё унинг ўзи, ёки муовини Аникин имзоларди, дейди Салье.

Унинг айтишича, шубҳали ширкатлар томонидан ғайриқонуний лицензиялар асосида экспорт қилинган товарлар эвазига Россияга товар келмаган.

Келиши кутилган товарлар эса, озиқ-овқат маҳсулотлари эди. Бу маҳсулотлар эса, 90-йиллар бошида умуман мамлакат бўйлаб ва хусусан Санкт-Петербургда анқонинг уруғи эди.

1992 йили Санкт-Петербург шаҳар кенгашида Марина Салье етакчилигида тузилган махсус комиссия бу масалани текшириб, Путиннинг кирдикорларини фош қилган, комиссия хулосалари прокуратурага ҳамда Россия президентининг Назорат бошқармасига ўтказиб берилган эди.

Бироқ кўп ўтмай, Путин фаолиятини текшириш тўхтаб қолди. Боз устига у амал пиллапояларидан кўтарила бошлади.

Марина Сальенинг "Свобода"га берган интервьюси каттагина бўлиб, Путин ҳақида ҳам, Қайта қуриш йилларида СССРдаги энг катта демократ сифатида танилган Анатолий Собчак ҳақида ҳам жуда кўп, кутилмаган гаплар бор.

Мавриди билан улар билан Сиз тингловчини таништирамиз.

Ҳозирча эса, Марина Салье тўғрисида икки оғиз маълумот.

Собчакнинг ҳам, Путиннинг ҳам мутлақ кўпчилик билмайдиган сирларидан хабардор бу ёши 76 га чиққан аёл геология-минералогия фанлари доктори, юздан зиёд илмий иш, "Мафрупция, мафрупция! Мафия и коррупция", "Россиянинг эркин демократлари тарихи" китоблари муаллифидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG