Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:52

Туркия АҚШ резолюциясидан норози


Истанбулда АҚШ Конгресси резолюциясидан норозилар намойиш ўтказди.
Истанбулда АҚШ Конгресси резолюциясидан норозилар намойиш ўтказди.

Туркия АҚШ Конгрессининг Ташқи алоқалар қўмитаси биринчи жаҳон уруши даврида арманлар Усмонли империяси томонидан ўлдирилгани воқеасини “геноцид” деб тан олиш ҳақида резолюция қабул қилганига кескин норозилик билдирди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли АҚШ президенти Барак Обама маъмуриятини биринчи жаҳон уруши даврида арманларнинг Усмонли турклар томонидан ўлдирилгани воқеасини “геноцид” деб тан олиш ҳақидаги резолюцияни тўхтатишга чақирди.

Пайшанба кунги воқеадан кейин Туркия АҚШдаги ўз элчисини мамлакатга чақириб олди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон эълон қилган ёзма баёнотда Туркия содир этмаган “геноцид”да айбланаётгани билдирилган.

Шунингдек, баёнотда Эрдўғон бажарилиши мажбурий бўлмаган мазкур резолюция бир асрдан бери давом этаётган муаммога барҳам бериш йўлидаги Туркия ва Арманистон уринишлариини йўққа чиқариши мумкинлиги ҳақида ташвиш билдирган.

Аҳмет Довутўғли Туркия 2009 йил октябрида ўзаро алоқаларни яхшилаш ҳақидаги Арманистон билан эришилган келишувни амалга ошириш йўлида саъй ҳаракат қилажагини айтди.

- Қайта ёндашув сиёсий ирода талаб этади. Бунга эришиш қийин. Аммо биз бирга ишласак, бунга эришиш мумкин, деди Туркия Ташқи ишлар вазири.

Довутўғли Анқара расмийлари АҚШ Конгрессининг Ташқи алоқалар қўмитаси бу резолюцияни қўллаб овоз берганидан “жиддий хавотирда” эканини айтиб¸ бу Вашингтон билан алоқалар бузилишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мурат Мержан АҚШ Намояндалар палатаси қўмитаси аъзоларини бу резолюцияни қабул қилмасликка кўндириш учун Вашингтонга сафар қилган Туркия делегацияси аъзоси.

- Биз катта, жуда муҳим давлатмиз. Биз ёлғон сўзламаймиз. Аввал нима деган бўлсак, ҳаммаси амалга ошади. Ҳаммангиз ҳукумат, Бош вазир, Ташқи ишлар вазири резолюцияга муносабат билдириш ва оқибатлари хусусида ишлаётганини кўряпсиз, деди Мурат Мержан.

АҚШ Яқин Шарқ сиёсатида Анқара билан муносабатлар муҳим бўлиб турган бир пайтда Оқ уй АҚШ қонун чиқарувчиларини мазур резолюцияни қабул қилмасликка чақирганига қарамай ҳужжат қабул қилинди.

Арманистон буни инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш учун берилган овоз дея баҳолади.

Туркия иттифоқчиси бўлган Озарбайжондаги ҳукмрон Янги Озарбайжон партияси ижрочи котиби Али Аҳмадов Конгресс қўмитаси қабул қилган резолюция хусусида афсусланиш билдириб, уни “тарихни сохталаштириш” дея баҳолади.

Туркия биринчи жаҳон уруши даврида арманлар Усмонли турклар томонидан ўлдирганини тан олган¸ аммо бунинг геноцид эканини рад қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG