Линклар

К + телеканали Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги филм чоғида ҳужумга учради


Ҳужжатли филмда қатнашганлар¸ Ўзбекистоннинг кейинги 20 йиллик тарихини Ислом Каримовнинг Муҳаммад Солиҳга қарши кураш тарихи дея баҳолаганлар.

Ҳужжатли филмда қатнашганлар¸ Ўзбекистоннинг кейинги 20 йиллик тарихини Ислом Каримовнинг Муҳаммад Солиҳга қарши кураш тарихи дея баҳолаганлар.

Ўзбек мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳ ҳақида ҳозирланган бир ярим соатлик ҳужжатли филм эфирга узатила бошлаганидан 10 дақиқа ўтар-ўтмас¸ сунъий йўлдош воситасида тарқаладиган К + кўрсатуви эфирдан ғойиб бўлди.

Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги К + телеканалидаги кўрсатув студия ва сунъий йўлдош ўртасидаги номаълум ташқи аралашув боис тўхтатиб қўйилди.

6 март куни Лондон вақти билан соат 17 дан 15 дақиқа ўтганда “Қуролсиз одамнинг озодлиги” ҳужжатли филми бошланди.

Телеэкранда Муҳаммад Солиҳнинг тасвири пайдо бўлиши билан эфирда муаммо юз берди.

Тасвир чаплашди. Қандайдир чизиқчалар ўта бошлади ва пировардида кўрсатув тўхтади.

К + телеканалига яқин манбанинг билдиришича, кўрсатув пайтида студия ва сунъий йўлдош ўртасидаги боғланишга номаълум ташқи аралашув бўлган.

Эрк демократик партияси Озодлик мухбирига К + телеканали кўрсатувига тажовузни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати амалга оширди¸ деган эҳтимолни урғулади.

Муҳаммад Солиҳ: Эфирда тўхтатишга мажбур бўлишди. Бу К+ каналининг айби билан эмас¸ балки ташқаридан мудоҳала бўлди. Филмнинг тўхтатилишига сабаб ташқаридан бўлган ҳужум бўлди. Шу ҳужум оқибатида филм балки беш-олти дақиқа давом этди ва ундан кейин тўхтади.

Озодлик: Бу ҳужум ким тарафдан бўлган деб ўйлайсиз?

- Бу филмнинг Ўзбекистонда кўрсатилишидан ким манфаатдор бўлмаса¸ ўша қилган бўлади. Бу филмнинг кўрасатилишидан манфаатдор бўлмаган битта тараф бор. Бу ҳам бўлса ҳозирги мавжуд сиëсий режим. Бу ишда уларнинг қўли бор. Баъзи мутахассисларнинг фикрича¸ сунъий йўлдош орқали берилаëтган каналларга мудоҳала қилиш имконлари ҳозирги технология савиясида мавжуд. Биз аввал “Наҳотки Ўзбекистон режимининг қўли спутниккача таъсир қилади” деб ўйлаб ҳайрон қолдик. Аммо ҳақиқатан шундай имконлари бор экан¸ дейди Эрк лидери Муҳаммад Солиҳ.

Мутахассислар фикрича, сунъий йўлдош орқали эфирга кетаётган кўрсатувнинг тўхтаб қолишига бир қанча табиий омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, об-ҳаво шароитининг ёмонлиги, алоқа тизимини бошқариш пайтидаги хатоликлар, техних жиҳозларнинг носозлиги каби бир қатор сабабларнинг ҳам эфирда муаммолар пайдо қилиш эҳтимоли мавжуд.

Юқорида Солиҳ жаноблари тилга олган эфирга қасддан аралашиш тахминини ўрганиш жараёнида сунъий йўлдошлар бўйича ўзбекистонлик бир мутахассисни суҳбатга тортдик.

Мутахассис фикрича, кўрсатув пайтида студия ва сунъий йўлдош ўртасидаги боғланишга номаълум ташқи аралашув бўлиши мумкин. Фақат буни профессионал мутахассисларгина амалга ошира олади¸ дейди ушбу манба.

- Бўлиши мумкин. Масалан¸ 6000 ГегаГерц фарқи билан пастдан частота узатилади. Масалан¸ ердан 18 200 ГегаГерцли частота спутникка жўнатилса¸ спутникдан камайиб¸ 12 минг нечадир ГегаГерц бўлиб ерга қайтиб келади. Битта спутникка ернинг кўп нуқталаридан сигнал тарқатилади. Кейин спутник ердан бошқарилади. Унинг мотори бор. Ўша қабул қиладиган томон борку¸ масалан ер¸ ердан туриб диаметри 20 метр бўлган антенналардан спутникка бир хил частотада сигнал жўнатса¸ худди ўша жойдаги сигналлар йўқолади. Параллел жўнатса йўқолади. Бор шунақа нарса. Хуллас шунақа нарсани қилса бўлади. Балки қилишгандир. Оддий кичкина антенналарнинг диаметри 1¸85. Улар спутникка сигнал тарқатишга кичкиналик қилади. Телецентрларда диаметри катта бўлган антенналар бор. Мана шулардан туриб тарқатган бўлиши мумкин. Қибрай томонда Қозоғистонга чиқиб кетишда СНБ нинг иккита катта антеннаси бор. Шунақа жойлардан қилиш мумкин.

Озодлик: Демак¸ худди шунақа сигнал орқали К+ даги кўрсатувни тўхтатиб қўйиш мумкин.

- Ҳа¸ мумкин. Любой канални тўхтатиб қўйиш мумкин. Бир эмас¸ бир нечта канални тўхтатиб қўйиш мумкин.

Озодлик: Айтганингиздай буни ҳар ким ҳам қила олмайди.

- Буни фақат катта антенна бор жойларда қилса бўлади. Кичкина антенналарнинг спутникни бузишга кучи етмайди. Спутникка кичкина сигнал келадида кичкина антенна билан. Унинг учун катта антеннадан жўнатиш керакда. Индивидуал одам қила олмайди буни¸ дейди сунъий йўлдошлар бўйича ўзбекистонлик бир мутахассис.

Туркистон ТВ студиясида ҳозирланган “Қуролсиз одамнинг озодлиги” филми¸ унинг муаллифларига кўра¸ нафақат ўзбек мухолифати ëинки Ўзбекистон¸ балки бутун минтақа тақдири ҳақдадир.

2009 йил охирида ҳозирланган мазкур филм кейинги 20 йиллик замонавий Ўзбекистон тарихининг асосий фигураларидан бири Муҳаммад Солиҳнинг 60 йиллигига бағишланган бўлса-да¸ мавзу анчайин кенг олинган.

Муҳаммад Солиҳ: Бу филм Эрк партияси¸ тўғрироғи шахсан менинг шахсим ҳақида эди. Партия ўлароқ бизнинг фаолиятимиз мана шу режимга қарши кураш билан ўтди. Менинг ҳам онгли бошлаган сиëсий ҳаëтимнинг асосий қисми бугунги мавжуд режимга қарши кураш билан ўтди. Бу филмни мана шу курашнинг таржимаи ҳоли десак бўлади. Бу кураш ҳақидаги билги¸ информация ўзбек халқига кетмаслиги керак эди. Шуни тўсиш учун режим қўлидан келган бутун ҳаракатларни қилди ва филмни тўхтатишга эришди деб ўйлайман.

Озодлик: Демак¸ бу филмда режимнинг халқдан яширган сир синоатлари бор.

- Албатта. Режимнинг қилган жиноятларининг бир парчаси кўрсатилган бу филмда. Шунингдек режимнинг¸ хусусан Ўзбекистон давлатини бугун бошқараëтган биринчи одамнинг шахсан 20 йил давомида қилган сиëсий хатолари ва сиëсий жиноятлари ҳақида гап бор. Буни ўзбек халқи албатта билиши керак эди. Аммо бу имкондан ҳозирча биз фойдалана олмадик. Лекин бу филмни ўзбек халқига етказиш учун қўлдан келган чораларни кўрамиз¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Филм ижодкорларининг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда кечган 20 йил филмда Муҳаммад Солиҳ призмаси орқали таҳлил қилинади.

Бугун Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси деб қаралаëтган Ислом Каримовнинг 1991 йилда СССРни сақлаб қолиш учун ҳарбий тўнтариш йўлига ўтган Янаев гуруҳига Деҳли-Москва учқичидан йўлланган қутлов телеграммаси тасвири бир айблов ҳужжати каби филмдан ўрин олган.

Филмда Ўзбекистон ичкарисидан туриб Муҳаммад Солиҳнинг сиëсатдаги муҳим ўрни ҳақида гапирган Гулчеҳра Нуруллаева¸ Бахтиëр Исабеков¸ Слава Охунов ва Баҳодир Мусаев каби ўзбек ижодкор зиëлилари фикрларига жой берилган.

Туркия собиқ бош вазири Нажмиддин Эрбоқан¸ ëзувчи Ҳамид Исмойил ҳам филмда иштирок қилишади.

Филм давомида 1989 йилдан то бугунга қадар бўлган кино¸видео¸ ҳамда фото материллардан унумли фойдаланилган.

"Гарчи фильм ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ ҳақида бўлса-да, унинг асосий ғояси – Марказий Осиё республикалари интеграциясидир. Фильмда Умумий Туркистон ғояси намояндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқой, Муҳаммаджон Тинишбаев, Абдулҳамид Чўлпон фаолиятлари ҳақида ҳам сўз боради"¸ дейилади муаллифлар томонидан берилган қисқа изоҳда.

Марказий Осиëдаги энг нуфузли К + телеканалига бу тажовуз Каримов режимининг Ўзбекистон ва Марказий Осиëда сўз эркинлигини бўғишга қаратилган аксилдемократик амалиëтнинг давоми сифатида кўрилади.

K+ телекомпанияси Марказий Осиëнинг беш республикасидаги сиëсий¸ ижтимоий иқтисодий вазиятни борича¸ фактларга асосланган ҳолда ëритишни мақсад қилган телеканал ва у сунъий йўлдош орқали Владивостондан Мадридга қадар Евроосиë бўйлаб 24 соат ўз дастурларини тақдим этади.

Марказий Осиë ҳаëтига оид ахборот ва таҳлиллари билан танилган мазкур телеканал ўтган йили Қозоғистон президентининг собиқ куëви Роҳат Алиев билан давомли суҳбатларни эфирга узатган эди.

Минтақанинг давлат назоратида бўлган оммавий ахборот воситалари ëритмайдиган мавзулар¸ хусусан мухолифат қарашини тақдим этувчи K+ телекомпаниясига яқин манбанинг Озодликка билдиришича¸ ҳозирга қадар Марказий Осиëдаги авторитар режимлар босимини ҳис қилиб келган телеканал тарихида Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги бир ярим соатлик ҳужжатли филм намойиш этиш бошлангандан кейин кузатилган каби ҳужум қайд этилмаган.

K+ телекомпанияси бош қароргоҳи Лондонда жойлашган бўлиб¸ унинг собиқ иттифоқ ҳудудларида бир қатор студиялари мавжуд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG