Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:20

Тожикистонда якуний натижалар эълон қилинди


Тожикистон Марказий сайлов комиссияси эълон қилган якуний маълумотларга мувофиқ, навбатдаги чақириқда (2010-2015 йиллар) мамлакатдаги 5 партия вакиллари парламентда фаолият кўрсата олади.
Тожикистон Марказий сайлов комиссияси эълон қилган якуний маълумотларга мувофиқ, навбатдаги чақириқда (2010-2015 йиллар) мамлакатдаги 5 партия вакиллари парламентда фаолият кўрсата олади.

Тожикистон Марказий сайлов комиссиясининг 5 март куни очиқлаган маълумотларига кўра, президент Имомали Раҳмон партияси саналмиш Халқ демократик партияси парламентдаги 63 ўриндан 54 тасига эга бўлган.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоали Болтуев сайловнинг якуний натижаларига доир маълумотларга таянган ҳолда республикада 28 феврал куни бўлиб ўтган парламент сайловида 90 фоиздан ортиқ сайловчи овоз берганини маълум қилди.

- Сайлов якуний натижаларига мувофиқ, 2 321 436 нафар сайловчи Халқ демократик партиясига овоз берган ва бу партия 70,6 фоиз овоз тўплаб, парламентдаги 63 ўриндан 54 тасига эга бўлди, дея билдирди Марказий сайлов комиссияси расмийси Болтуев.

Эслатиб ўтамиз, 1 март куни эълон қилинган сайловнинг дастлабки натижалари бўйича Халқ демократик партияси 71,69 фоиз овоз тўплагани айтилган эди.

Марказий сайлов комиссияси расмийсининг билдиришича, Тожикистон Ислом уйғониш партиясига 268 596 сайловчи овоз берган. Якуний натижаларга кўра мухолиф партия 8,2 фоиз овоз жамғарган. Сайловнинг дастлабки натижаларига оид маълумотларда бу партия 7,74 фоиз овоз йиға олгани айтилганди.

Тожикистон Коммунистик, Аграр ва Иқтисодий ислоҳотлар партиялари эса 7 фоиздан овоз олишган.

Шу тариқа беш фоизлик тўсиқдан ўта олган бу тўрт партиянинг ҳар бири парламентда иккитадан ўринга эга бўлгани билдирилди.

Парламентдаги яна бир ўрин учун кураш Тожикистон коммунистлар партиясидан номзод Шокиржон Ҳакимов ва унинг Халқ демократик партиясидан рақиби ўртасида 14 март куни давом этиши хабар қилинмоқда.

Айни пайтда Тожикистон Социалистик, Демократик ва Социал-демократик партиялари жуда кам озоз олганликлари сабабли парламентда бирор ўринга эга бўла олмаган.

Мазкур партиялар раҳбарлари парламент сайлови натижаларидан норозилик билдиришда давом этмоқдалар.

Марказий сайлов комиссиясининг энг сўнгги маълумотларида келтирилишича, барча партияларга овоз берган тахминан 1 фоиздан ортиқроқ сайловчига тегишли 22 мингга яқин сайлов бюллетенлари яроқсиз, деб топилган.

Тожикистон Миллий парламентидаги аксарият ўринга президент Имомали Раҳмон етакчилигидаги Халқ демократик партияси вакилларининг эга бўлгани кузатувчиларда қонун чиқарувчи органнинг келгуси беш йил ичидаги фаолияти шаффоф бўлишига шубҳа уйғотмоқда.

Тожикистон Коммунистик партияси фаолларидан бири Муродали Ортиқов 2010-2015 йилда Тожикистон миллий парламент вакиллари халқ фойдасини кўзлаган бирорта қонун қабул қила олишига кўзи етмаслигини таъкидлайди.

- Агар бир партиядан кўпчилик вакил парламентдан жой олса, халқ фойдаси учун ишлайдиган қонун қабул қилинишига ишониш қийин. Аксинча улар ўз фойдасига ишлайдиган қонунлар қабул қилишга ҳаракат қилади, дейди Коммунистик партия вакили.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Ҳикматулло Сайфуллозода эса янгидан шаклланган парламент миллат манфаатларига хизмат қилувчи конструктив органга айлана олмайди, деган фикрда.

- Бу парламент бирор жиҳати билан миллий парламент бўла олмайди. Чунки ғирромлик ва халқни алдаш йўли билан бу курсиларни эгаллаган Халқ демократик партияси вакиллари халқ орзую умидларининг рўёбга чиқишига уринмаслигига мутлақо шубҳам йўқ, дер экан Сайфуллозода келгуси беш йил ичида парламент фақат бир киши манфаатларига хизмат қилишига амин эканини айтади.

Тожикистон сиёсатшунослар Миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимов эса бу фикрларга қўшилмайди.

- Халқ демократик партиясидан парламентга кираётган йигитларнинг ҳаммаси ҳам ёмонмас. Бу партияда тожик миллатининг энг яхши ва ор-номусли фарзандлари ҳам бор, буни тан олишимиз керак. Бошқа партияларнинг бу партияга нисбатан кам овоз олиб, камроқ ўринларни эгаллашига бошқа сабаблар бор. Менимча, бунга кўпроқ сайловчиларнинг ўз ҳуқуқларидан яхшироқ хабардор бўлмагани ва ўз овозларини ҳимоялай олмагани сабаб бўлди, дейди Абдуғани Мамадазимов.

Тожикистон сиёсатшунослар Миллий уюшмаси раиси янги сайланган парламент аввалги тажрибалардан фойдаланган ҳолда келгуси беш йил ичида мамлакат фаровонлиги йўлида хизмат қилишига ишонишини айтади.
XS
SM
MD
LG