Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:48

Россияда ўзбек муҳожири озод қилинди


5 март куни Россиянинг Тюмен вилоят тергов ҳибсхонасида қарийб икки йилдан буён ушлаб турилган асли наманганлик Абдуллажон Исоқов ҳибсдан озод этилди. Айни пайтда россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари Исоқов иши бўйича хотиржам бўлишга ҳали эрталигини айтмоқдалар.

Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида туғилган Абдуллажон Исоқов 1989 йилда Россиянинг Тюмен вилоятида кўчиб ўтган бўлиб, вақти-вақти билан Ўзбекистонга бориб турган.

У Ўзбекистонга сўнгги бор 1994 йилда бориб, оиласини Россияга кўчириб кетган. Маълум бўлишича, Исоқов Ўзбекистон паспортини олмаган, фуқаролик ҳақидаги дастлабки қонунга мувофиқ, у Россия фуқароси бўлган.

1998 йили ўзбек милицияси Абдуллажон Исоқовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддасида айблаб чиққан. Ўзбек терговчилари тахминича, узоқ йиллардан буён Россияда яшаётган Исоқов Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз қилган экан.

2003 йилда мазкур иш Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан Миллий хавфсизлик хизматига ўтказиб берилган. Ўзбек хавфсизлик хизмати сиртдан Исоқовга жиноий гуруҳ ташкил этганлик айбловини ҳам қўйган, бироқ айбланувчи мамлакатда йўқлиги туфайли терговни тўхтатган.

2008 йилнинг март ойида Абдулла Исоқов Ўзбекистон хавфсизлик хизмати талаби билан Тюменда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Воқеадан хабар топган россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари Абдуллажон Исоқов ҳимоясига турганлар.

- 2 йил давомида биз Абдуллажон Исоқовнинг адвокати билан бирга унинг ноқонуний қамоқда сақланишига қарши бизга маълум бўлган барча имкониятларни ишга солиб кўрдик. Нима учун унинг ҳибсда сақланиши ноқонуний деган масалага келсак, чунки Россия Жиноят Процессуал Кодексига зид равишда унинг қамоқда сақланиш муддати бирор марта ҳам узайтирилмаган. Россия Жиноят Процессуал Кодексига биноан унинг суднинг қарорисиз 18 ойдан кўп ҳибсда сақланиши мумкин эмас, у ҳам бўлса фақат прокурор санкцияси билан фавқулодда вазиятлардагина, дейди Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” дастури раҳбари Елена Рябинина.

Москвалик ҳуқуқ фаолига кўра, Россияда Абдулла Исоқовга нисбатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган, у фақат Ўзбекистоннинг Исоқовни экстрадиция қилиш талабига мувофиқ равишда қамоқда сақланган.

- Ўзбекистон унга нисбатан жиноий иш юзасидан дастлаб 1998 йили, кейин янада “такомиллаштирган” ҳолда 2003 йили айблов қўйган. Айнан шу талаб асосида у Россияда қўлга олинган. У Ўзбекистондаги Конституцион тузумга тажовуз қилишда, хусусан, маълуму машҳур 159-модданинг бир қатор бандлари бўйича айбловлар қўйилган. Кулгилиси, унга қўйилган бандлардан бири – 159-модданинг 4-қисми, яъни “ҳокимиятни эгаллаш учун тил бириктириш”. Гап шундаки, Россия қонунчилигида “тил бириктириш” ёки “фитна” деган модданинг ўзи йўқ! Чунки у ҳолда ҳар қандай мухолифат ҳаракатини ушбу модда остига тушириш мумкин, дейди Елена Рябинина.

Ҳуқуқ фаоли Исоқовнинг экстрадиция қилинмаганлигига 2008 йил ноябр ойидаги Европа Судининг экстрадицияни тўхтатиш тўғрисидаги қарори сабаб бўлганини айтади. Лекин бу, Рябининага кўра, Исоқов таъқибдан бутунлай қутулди, дегани эмас.

- Россияда экстрадиция тўғрисидаги қарорни ҳеч ким бекор қилгани йўқ, уни қамоқдан озод қилишди, холос. Яъни Европа Судида бизнинг шикоятимиз энди кўриб чиқилади. Россияда бир марта қўлга олинган одам иккинчи маротаба ҳам қўлга олиниши ҳеч гап эмас. Исоқовни осонликча ўз ҳолига ташлаб қўйишади, деб ўйламанг, дейди россиялик ҳуқуқ фаоли.

Елена Рябинина айни пайтда Исоқов Россиянинг Тюмен вилоятида эканини, унинг ишлари ҳозирча жойидалигини қўшимча қилади.

- Лекин уни аниқ қаерда эканлигини айта олмайман, чунки, биласиз, бизда одам ўғирлаш ҳолатлари тез-тез учраб туради, айниқса бундай одамларни... Ҳозир байрам кунлари, байрам кунлари эса Россияда бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун шароит қулай. Шунинг учун унинг аниқ қаерда эканлигини ошкор этмайман. Ишончим комилки, унинг ишлари яхши, акс ҳолда, бу ҳақда мен биринчи бўлиб хабар топган бўлардим, дейди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG