Линклар

Байрам кўнгилга сиғмас кунлар


Тожикистонлик аксарият аёллар 8 март куни ҳам кундалик юмушлари билан банд бўладилар.

Тожикистонлик аксарият аёллар 8 март куни ҳам кундалик юмушлари билан банд бўладилар.

Бутун постсовет ўлкалари ҳудудида бўлгани каби Тожикистонда ҳам 8 март байрам сифатида нишонланади. Аммо Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Озодлик мухбири билан суҳбатлашган тожикистонлик аксарият аёллар шу кунда байрам кайфиятида эмаслигини эътироф этдилар.

Биринчи суҳбатдошимиз - ғончилик Холдорхон опа билан Хўжанд автовокзалида учрашдик. У Хўжандга қизидан хабар олгани келганини айтди.

Ростини айтсам, 8 мартни қандай кутиб олишни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ. Ҳозир байрам қилишга шароитнинг ўзи йўқ. Ҳамма нарса қиммат, пул топиш ҳам осон эмас. Илгари эркаклар туҳфалар беришарди. Бугун бечора эркакларнинг кўпи ишсиз. Охирги марта қачон совға олганим эсимда йўқ, дейди Холдорхон опа.

Яна бир суҳбатдошимиз Муҳайёхон эса хўжандлик. Унинг эри бир неча йилдан буён оиласини боқиш, рўзғор тебратиш учун Россияда мардикорлик қилаётган экан.

- Ҳозир бундай байрамларга ҳеч қандай қизиқиш ҳам қолмаган. Байрам кунлари ҳам одамларнинг вақти йўқ. Ҳамма тирикчилик ғамида юрибди. Бошқа томондан эркакларимизнинг асосий қисми Россияда меҳнат қилади. Уларнинг ҳам пул топиши осон эмас. Шунинг учун оилаларига икки-уч ойда бир марта пул жўнатишади, дейди Муҳайёхон.

Гўзал исмли суҳбатдошимизнинг олий ўқув юртини тугатганига икки йил бўлибди. Бироқ 8 мартни қачон байрам қилганини эслолмайди.

- Қачон қўлингизда пул, эрта билан туриб, борадиган меҳнат жойингиз бўлса, ўша куни байрам, деб ҳисоблайман. Чунки тожикистонлик аёлларимиз бу қашшоқ ҳаётдан шундай қийналганки, ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда. Улар учун на 8 марту ва на Навруз байрамдек туюлмайди, дейди Гўзал.


Айни пайтда 8 мартни ўз байрами ҳисоблаб, бу кунда хурсандчилик қиладиган аёллар ҳам кам эмас Тожикистонда. Уларнинг айтишларича, оғир дамлар, қийинчиликлар йилдан йилга ортга чекинаяпти.

- Бундан олти-етти йил олдин наинки 8 март, балки бошқа байрамлар ҳам кўнгилга сиғмас эди. Чунки ҳамманинг шароити оғир, оладиган ойлиги сариқ чақа бўлган. Ҳозир вазият анча яхшиланди. Бозору магазинлар турли озиқ овқату кийим-кечакларга лиқ тўла. Ойлик ҳам бир мунча ошди, яшаса бўлади. Бугун уйимизда барча фарзандларим йиғилади, байрам қиламиз. Бир сўз билан айтганда, охирги йилларда 8 мартни жуда интиқлик билан кутадиган бўлганман, дейди ўзини Мўътабар дея таништирган аёл.

Гулчеҳра исмли қиз эса Зарафшон водийсидан келган. У туғилиб ўсган жойида иш йўқлиги сабабли Хўжандда ишлаётганини айтади. Меҳнати қанчалик оғир, шароити қанчалик қийин бўлмасин, Гулчеҳра иш топганидан, уйига озми-кўпми пул юбориб турганига шукр қилади.

- Онамлар, холаларим илгари 8 мартни қанчалик хурсандчилик билан кутиб олишгани ҳақида кўп гапиришади. Бугун мен 8 мартни байрам сифатида ҳис этмайман, чунки мамлакатимизда аёллар қадрланмайди. Қайси замонда аёлларимиз мардикорлик қилибди ёки оласини боқиш мақсадида ўзга юртга ишга кетибди, дейди Гулчеҳра.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Мухлисахон Бобожон Ғафуров туманидаги Маттайид қишлоғида яшайди. Унинг айтишича қишлоқдагилар 8 март нималигин билишмайди.

- Қишлоқ жойда қанақанги 8 март байрами бор,билмайман. Бизга газ,чироқ берса, мана бу байрам бўлади. Қишлоқда байрам кунлари ҳам мол-ҳол, рўзғор юмушлари билан банд бўламиз, дейди Мухлиса.

Ширин сўз гадоси бўлиб қолган тожикистонлик аёллар Халқаро хотин-қизлар байрами – 8 мартни ана шундай кайфиятда кутиб олмоқдалар.
XS
SM
MD
LG