Линклар

logo-print

8 март бугун – муаллима байрами

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик ота-оналар 8 март куни фарзандларининг муаллималарига совға ҳозирлашга унча рағбатлари бўлмаса-да, муросаи мадора учун ана шундай чиқимга рози бўлмоқдалар.

Тожикистонлик ота-оналар 8 март куни фарзандларининг муаллималарига совға ҳозирлашга унча рағбатлари бўлмаса-да, муросаи мадора учун ана шундай чиқимга рози бўлмоқдалар.

Марказий Осиёдаги айрим республикаларда ижтимоий ва иқтисодий аҳвол даражаси ўта пастлигига қарамай, 8 март куни ўқувчиларнинг ўз ўқитувчиларига совға ҳозирлаши каби совет замонидан қолган анъана шу кунда ҳам унутилгани йўқ.

Душанбе шаҳридаги 32-ўрта мактабнинг 2-синф ўқувчиси Мафтуна бу йилги 8 мартда муаллимасига 50 сомонийлик (тахминан 12 доллар – таҳр.) гул совға қилганини айтади.

- Муаллимамизга совға олиб бормасак урушади-да. Туғилган кунларида ҳам совға қиламиз. Агар совға қилмасак, яхши баҳога жавоб берсак ҳам, “икки” баҳо қўйиб кетаверади, дейди Мафтуна.

Суҳбатимизга аралашган шаҳринавлик Хосият опа ҳам қизчанинг гапларини тасдиқлайди.

- Қизчанинг айтгани ҳаммаси тўғри. “Ремонт пули” дейди, “мактаб пули” дейди, “байрам пули” дейди. Нима дейсиз, бошқа иложи йўқ, борми-йўқми - топиб беришингиз керак. Мана, менинг ўғлим: “мактабга бормайман”, дейди. Негалигини сўрасам, “муаллимлар пул сўрашаяпти”, дейди. Бу йилги байрамда қарз қилиб бўлса ҳам совға қилиб бердим. Қилмасам, боламни қийнайди. Ҳозир баъзи ўқитувчиларда инсоф қолмаган. Ўзим 30 сомоний нафақа оламан, ётоқхонада яшайман. Нима қилай, кимга айтай дардимни, дея зорланади Хосият опа.
Суҳбатдошимиз ўқитувчиларнинг бу ҳатти-ҳаракатлари устидан Таълим вазирлигига шикоят қилиш фойда бермаслигини айтаркан, гапига “балиқ бошидан айниган”и ҳақидаги матални илова қилади.

Аммо бошқа бир суҳбатдошимиз - Қарияи-боло маҳалласи фуқароси Меҳринигор ая байрамларда, хусусан, 8 мартда ўқитувчиларга совға бериш мажбурий эмаслигини, балки ота-оналар фарзандларини қўллаш, бошқа синфдошлари олдида хижолатда қолдирмаслик учун ўз ихтиёрлари билан совға қилишини айтади.

- Ҳай, уларнинг ҳам ризқу насибаси. Таълим беради, ярим куни шу болаларимиз билан ўтади. Ҳозирги болалар билан ўшаларга ҳам қийин, бир синфда ўттизта болани тарбиялайди, ўргатади. Уйда битта болангизни эплай олмайсиз. Ҳеч гап эмас, битта совға экан, бор қилсин, бўлмаса мажбурий эмас, дейди Меҳринигор ая.

Тожикистон мактабларида дарс бераётган муаллималар маоши ўртача бир оилани тўла таъминлаш учун етмаслиги ҳақида кўп гапирилади.

Масалан, ўрта мактаблардаги бошланғич синф ўқитувчилари ойига тахминан 300 сомоний, яъни 68 АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи олади.

Аммо хусусий гимназияларда ишлаётган муаллималарнинг шароити улардагига нисбатан анча яхши экан.

“Душанбе” хусусий гимназиясида бошланғич синфларга сабоқ бераётган Раъно Қодирова ойига 800 сомоний ёки тахминан 184 АҚШ доллари олишини айтади. Аммо, муаллимага кўра, иқтисодий бўҳрон шароитида бу пул ҳам озлик қилаяпти.

- Болалардан тушаётган совға озимизни кўп қилмаса-да, кайфиятимизга ижобий таъсир қилади, дейди гимназия ўқитувчиси Раънохон ўзаро суҳбатда.

Рудакий туманидаги 1-ўрта мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Қундузой Ортихолова болалардан совға талаб қилмайдиган ўқитувчилардан экан.

- Касбдошларимиз орасида болалардан совға умид қиладиганлар борлигини яширмайман. Болалардан совға, пул талаб қиладиган муаллималар ҳамма жойда ҳам бор. Байрамда ўқитувчини унутган болаларнинг чорак баҳоси пасайиб кетади, уларга муносабат қўпол бўлади, буни инкор қилмайман. Лекин мен ҳеч кимдан совға олмаганман, негаки ҳозир ҳамманинг шароити оғир. Улардан нима кутиш мумкин? Мен совғани ҳам, рисқни ҳам Худодан кутаман, одамлардан эмас, дейди тарих ўқитувчиси.

Қундузойнинг фикрича, ўқитувчиларнинг шогирдларидан совға-салом, пул кутишга бугунги ҳаёт, мамлакатдаги иқтисодий шароит мажбур қилаяпти.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, агар ўқитувчиларнинг ойлик маоши кўтарилиб, айрим имтиёзлар берилса, бундай анъаналарга барҳам бериш мумкин.
XS
SM
MD
LG