Линклар

Саид Аҳмад ҳикояларидан бирининг қаҳрамони моғор ҳиди анқиган ярим қоронғу ишхонанинг тунд ва бадқовоқ хўжайини 8 март куни ўз котибасига атир ва қизил гул ҳадя қилади.

Доимо нос ранг кител кийиб юрадиган бу рангсиз кимса ўз котибасига ишхона деган рутубатхонадан ярим соат олдин кетишга ҳам изн беради.

Хўш¸ 8 март аëлларга исли сув ва қирмизи чечак ҳадя қиладиган кунми.

8 март аëлларнинг ҳақ-ҳуқуқлар байрами эмасми.

Аëллар нафақат тенг¸ балки кўпроқ ҳуқуқга эга бўлсин¸ дейишади Ғарбдаги феминистлар.

Феминист калимасини ҳали билмаган пайтимда бу сўзнинг мазмунини англаганман.


Биринчи феминист

Оллоҳ раҳматига қовушган бувим Марямжон биби мен учун биринчи феминист эди.

Бобом Матназар бува урушдан яримжон бўлиб келиб қазо қилганидан кейин бувим биргина қиз (менинг онам ) билан бева қолди.

Қиз бўйига етиб турмушга берилганида бувим элга ош қилиб беради.

Урушдан кейинги муҳтожлик йилларида тўй - маъракаларда ош авалига эркакларга тортилар¸ эркаклар олдидан қайтиб чиққан сирқинди ош эса аëлларга берилар эди.

Бу ҳолат бувимнинг нафсониятига тегар ва бу ҳолатни мутлақ камситилиш ҳисоблар эди.

Босмахонада ишлаб яхшигина ойлик оладиган бувим онамнинг тўйида икки қозон осади.

Бир қозон фақат аëллар учун эди.

Ошпаз амаки паловни дамлаб капкирни аëллар қўлига беради. "Мана ош ҳам¸ капкир ҳам сизга!" дейди.

Қозондан ҳозиргина сузилган ош насиб бўлган хотинлар бу тадбирнинг қадрини билиб бувимга раҳматлар айтишган. Бизни ҳам одам ҳисоблашар экан¸ бизни-да қадримиз бор экан деб...

Ҳозирги тил билан айтилганида¸ бувим қилган иш хотин-қизлар ҳақларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбир эди.

Бугун 8 март хотин-қизлар ҳақларини ҳимоя қиладиган кун эсимга тушгани қадим туркий мақол бўлди. Ўксиз ўз киндигини ўзи кесади. Хотин қизлар ўз ҳуқуқини ўзлари таниса¸ кейин бошқалар танийди.
XS
SM
MD
LG