Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:13

Оскар ўз тарихида янги давр очди


Кэтрин хоним энг нуфузли номинация бўйича 10 даъвогар орасидан танланди.
Кэтрин хоним энг нуфузли номинация бўйича 10 даъвогар орасидан танланди.

Якшанба куни тунда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида Америка киноакадемиясининг Оскар мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Оскарнинг 82 йиллик тарихида илк бор аëл киши “Энг яхши режиссёр” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

Америка киноакадемияси "Энг яхши режиссёр" номинацияси бўйича "Оскар"ни режиссёр Кэтрин Бигелоуга беришга қарор қилди. Бигелоу Ироқдаги сапёрларнинг хатарли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Бўрон ҳукмдори” филми учун ушбу нуфузли мукофотга лойиқ деб топилди.

- Бу инсон умрида бир маротаба рўй берадиган ҳодисадир ва буни бошқача қилиб изоҳлашнинг имкони йўқдир. Биринчидан¸ бундай таниқли ва қудратли шахслар орасида, жумладан мен учун илҳом манбаи бўлган киноижодкорлар орасида туриш мен учун катта бахтдир. Академиянинг хар бир аъзосига ўз миннатдорчилигимни етказмоқчиман. Яна бир бор таъкидлайман¸ бу инсон умрида бир маротаба рўй берадиган ҳодисадир, деди Оскар тарихида янги саҳифа очган Кэтрин Бигелоу.

Кэтрин Бигелоунинг “Бўрон ҳумкдори” филми жами олти номинация бўйича ғолиб чиқди. Хусусан¸ “Бўрон ҳумкдори” 2010 йилнинг энг яхши филми деб эътироф этилди.

Навбатдаги “Оскар”ни олар экан Катрин Бигелоу уни жанггоҳларда хизмат қилаётган америкалик аскар эркак ва аёлларга бағишлашини билдирди.

- Мен ушбу ютуғимни Ироқ, Афғонистон ва жаҳоннинг бошқа ўлкаларида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб хизмат қилаëтган эркак ва аёл ҳарбий хизматчиларимизга бағишламоқчиман. Уларнинг эсон-омон ўз уйларига қайтишларини тилаб қоламан, деди йилнинг энг яхши режиссёри.

“Бўрон ҳукмдори” филмининг бундай зафар қозиниши ҳам кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Боиси кам бюджетли бўлган ушбу филм ўз продюссерларига 20 миллион доллар атрофида даромад келтирди. Ҳолливуд стандартлари бўйича бу ўртача кўрсаткич ҳисобланади.

Режиссёр Жеймс Камероннинг янги технологиялар асосида суратга олинган серхаражат “Аватар” филми эса катта экранга чиқарилгандан буён салкам 2.5 миллиард доллар даромад келтирди. Кўпгина кузатувчилар ушбу филмнинг камида тўққизта номинация бўйича “Оскар”ни қўлга киритишини тахмин қилаётган эдилар. Бироқ “Аватар” филми бор-йўғи 3 та номинацияда ғолиб чиқди.

Режиссер Камерон ўзбек томошабинига "Титаник" филми билан яхши таниш. Шуниси қизиқки, "Оскар"га даъвогарлик қилган икки асосий филм режиссëрлари Жеймс Кэмерон ва Кэтрин Бигелоулар собиқ эр-хотинлардир. Улар 1989 йили турмуш қуриб, 1991 йили ажарашиб кетган.

“Телба юрак” фильми бош қаҳрамони Жефф Бриджес йилнинг энг яхши актёри ва таниқли киноактриса Сандра Баллок “Кўринмас томон” филмида ўйнаган роли учун 2010 йилнинг энг яхши актрисаси деб топилди.

Аргентиналик киноижодкорларнинг “Тилсим улар кўзидадир” филми эса энг яхши хорижий фильм номинациясида ғолиб чиқди.

Энг яхши анимацион филм номинациясида эса ҳажвий саргузаштларга тўла “Юқорига” фильми ғолиб деб топилди.
XS
SM
MD
LG