Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:23

"10 йил бурун 8 мартда шўрва¸манти егандик..."


Зайнаб момо ўз умрида байрамдан кўра¸ меҳнату заҳмат кўп бўлганини айтади...
Зайнаб момо ўз умрида байрамдан кўра¸ меҳнату заҳмат кўп бўлганини айтади...

Ҳозирда ўттизга яқин невара, ўндан зиёд эваранинг бувиси¸ ўтган аср бошида эса Ҳужум” кампанияси озод қилган қизлардан бири бўлган қашқадарёлик Зайнаб момо 82 йиллик умри давомида 8 март билан боғлиқ фақатгина битта байрамни яхши хотирлайди.

Озодлик: Аяжон¸ бугун байрам. Сизни байрам билан табриклаймиз. Умрингиз узоқ бўлсин.

Зайнаб момо: Мен ҳам сизни табриклайман. Сиз ҳам 100 ëшларга кириб¸ доим соғ-саломат юринг. Ишингизга ривож берсин.

Озодлик: Бугун 8 март. Байрам қилаяпсизми?

Зайнаб момо: Ҳа.

Озодлик: Қанақа бўлаяпти? Совға-салом беришдими?

Зайнаб момо: Невараларим келди. Совға-салом олиб келишди. Уйда борини еймиз. Гўштли овқат кам бўлади. Бир ойда бир марта ë бўлади ë бўлмайди. Картошка¸ макарон еймизда.

Озодлик: Бугун байрам дастурхонида гўшт борми ўзи?

Зайнаб момо: (кулиб) Бугун тўғрисини айтайми?

Озодлик: Тўғрисини айтинг¸ яширманг.

Зайнаб момо: Тўғрисини айтсам¸ бугун суюқ овқат ичдик. Келин овқат қилди. Шуни ичдик.

Озодлик: Энди бир ўтмишни эслайлик ая. Мана сиз 80дан ортиқ баҳорни кутиб олгансиз. Энг биринчи марта 8 мартни қачон байрам сифатида нишонлагансиз? Эслай оласизми?

Зайнаб момо: Эслайман.

Озодлик: Қачон эди бу?

Зайнаб момо: 10 йил илгари яхши нишонлаганман.

Озодлик: Қанақа бўлган? Ўша 10 йил олдинги байрамни эсланг.

Зайнаб момо: Уйга болаларим келган. Уйда яхши овқат қилиб¸ шўрва¸ манти қилиб еганмиз. Ундан кейин ҳеч нарса йўқ. Бўшашиб кетди. Даромад йўқ¸ етишмовчилик.

Озодлик: 8 мартда отамиз раҳматли совға қилиб турармидилар?

Зайнаб момо: Йўқ¸ йўқ¸ совға қилганлари йўқ. Совға-саломни билмайдилар. Ўша вақтда унча ривожлангани йўқ эди. Бозордан фақат гўшт¸ ëш¸ гуруч олиб келар эдилар. Ўша вақтда яхши еб-ичар эдик. Ундан кейин анча йилдан бери ейиш-ичишлар йўқ. Даромад йўқ. У пайтлар отангиз билан икковимиз мол қилар эдик.

Озодлик: Ота сизга 8 мартда ҳеч совға қилмаганларми?

Зайнаб момо: Йўқ. Қилганлари йўқ.

Озодлик: Бирор бир байрам ëки бошқа муносабат билан совға бериб турармидилар?

Зайнаб момо: Отангиз бир оғир¸ босиқ одам эдилар. Фақат меҳнаткаш эдилар. Икковимиз яхши яшар эдик. Гапимиз бир ердан чиқар эди. Бола тарбияси билан умримиз ўтганини билмай қолдик. Мен колхозда ишлаганман. Колхозда 14 ëшимдан ишлаганман. 51 ëшимда пенсияга чиққанман. Менинг ҳаëтим жуда яхши ўтди. Эр-хотин икковимиз ҳам колхозчи.

Озодлик: Сиз паранжида бўлганмисиз?

Зайнаб момо: Ҳа.

Озодлик: Ўшани бир эслайлик. Неча ëшингиздан паранжига киргансиз?

Зайнаб момо: Мен 17 ëшимдан паранжига кирганман. Қизлар паранжи ëпинар эди. Онам оқ паранжи қилиб берган эдилар. Доимо шуни ëпинар эдим. Даштда ишлаганимда ҳам паранжи ëпинар эдим.

Озодлик: Далада ҳам паранжида ишлагансиз.

Зайнаб момо: Ҳа.

Озодлик: Бу қийин бўлмаганми? Ҳам паранжида юриш¸ ҳам ишлаш.

Зайнаб момо: Ичидан юнгли рўмол ўрар эдим. Устидан паранжи ëпинар эдим. Лекин ўша қийинчиликлар менга қийинчилик бўлмаган. Мен ўша йўлларни босиб ўтганман. Қийналсам ҳам қийналмагандай кулиб ўтказганман.

Озодлик: Неча ëшгача паранжи кийдингиз ва қачон ташладингиз? Паранжидан чиқишингиз қанақа бўлди?

Зайнаб момо: СССР даврида “паранжини ташла” деган паранжи откази бўлди. Бизлар шаҳарга борган эдик¸ паранжимизни тортиб олди. “Ëпинманглар” деди. Ҳамма аëлникини тортиб олди.

Озодлик: У пайтда қанақа бўлган? Паранжида юрган эдингизку¸ очиқ юриш қандай туюлгандир?

Зайнаб момо: Ўшандан кейин мен катта рўмол ëпинадиган бўлдим.

Озодлик: Мана сиз паранжини ташлаган пайтларингизни эсладингиз. Бугун ҳижобга¸ ëпинчиққа ўраниб юрган аëллар тўғрисида фикрингиз қанақа?

Зайнаб момо: Мен буларни билмайман. Шаҳарга чиқсам¸ ўшаларни битта-яримта кўриб қоламан.

Озодлик: Ўша аëлларни кўрганингизда сизнинг хаëлингиздан қанақа фикрлар ўтади?

Зайнаб момо: Менинг хаëлимдан қадимги паранжи ëпиниб ҳижобга кириб юрганлар ўтади. Мен қадимгиларни¸ паранжи ëпиниб юрганларимни эслайман.

Озодлик: Сиз ўзингизнинг невара¸ эвара қизларингизга паранжини раво кўрармидингиз?

Зайнаб момо: Энди ҳозиргилар хоҳламайдида. Паранжи ëпинишни ҳам хоҳламайди¸ рўмол ëпишни ҳам хоҳламайди. Рўмолни бошига боғлайди.
XS
SM
MD
LG